Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

“Ўзбекистон қўлёзма меросида тарихий шахслар” китоб-альбомини чоп этиш ишлари бошланди

Ўзбекистоннинг бой тарихий, бадиий ва интеллектуал меросини асраш, ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган ишлар янги босқичда давом этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш, қўлёзма меросимизни чуқур ўрганиш ҳамда уни келажак авлодга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Ана шу эътибор ва ташаббуслар доирасида Ўзбекистон қўлёзма меросининг ноёб намуналарини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган яна бир муҳим нашр — “Ўзбекистон қўлёзма меросида тарихий шахслар” китоб-альбомининг янгиланган ва тўлдирилган нашрини чоп этиш ишлари бошланди.

Айни дамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Туркиянинг Истанбул шаҳридаги “Mega Basım” нашриётида бўлиб турибди. У ерда китоб-альбомни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш билан боғлиқ жараёнлар амалга оширилмоқда.

Беш йиллик илмий изланишлар самараси бўлган мазкур китоб-альбом XIII–XVIII асрларда яратилган ноёб Шарқ миниатюраларини ўзида жамлаган. Унда Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихи билан боғлиқ бўлган ҳукмдорлар, давлат арбоблари, шоирлар, олимлар ва рассомларнинг қиёфалари акс этган миниатюралар ўрин олган.

Китобда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ҳусайн Бойқаро, Ибн Сино каби буюк аждодларимизнинг тасвирлари билан бир қаторда, турли музей ва кутубхоналардан излаб топилган бошқа тарихий шахсларнинг ноёб қиёфалари ҳам жамланган.

Лойиҳа устида ишлаш жараёнида дунёнинг турли мамлакатларидаги музей, кутубхона ва илмий-тадқиқот муассасалари билан кенг ҳамкорлик қилинди. Беш йил давомида мамлакатимиз ва хориждаги 45 дан ортиқ мамлакатнинг 200 дан зиёд музей, кутубхона ва илмий муассасалари билан алоқалар ўрнатилиб, 50 дан ортиқ илмий-тадқиқот сафарлари амалга оширилди.

Натижада XIII–XVIII асрларга оид 185 та миниатюра аниқланиб, улар дунёнинг 50 та илмий-тадқиқот муассасаси, кутубхонаси ва музейларида сақланаётган манбалар асосида ўрганилди. Улар орасида Вашингтондаги Фрир галереяси, Нью-Йоркдаги Метрополитен музейи, Британия кутубхонаси, Франция Миллий кутубхонаси, Кембриж университети кутубхонаси, Тўпқопи саройи кутубхонаси ва бошқа нуфузли муассасалар бор.

Китоб-альбомни яратишда “Ўзбекистон маданий мероси” туркуми доирасида амалга оширилган кўп йиллик илмий изланишлар ва халқаро ҳамкорликлар ҳам муҳим асос бўлди. Бугунги кунга қадар мазкур туркум доирасида 80 та китоб-альбом тайёрланган бўлиб, уларнинг салмоқли қисми Ўзбекистон қўлёзма меросига бағишланган.

Янги нашр аввалги намуна асосида қайта кўриб чиқилиб, маҳаллий ва хорижий экспертларнинг таклиф ва тавсиялари инобатга олинган ҳолда янги маълумотлар, таҳлилий материаллар билан бойитилди. Хорижий музей ва кутубхоналарда сақланаётган 20 дан ортиқ янги тарихий шахслар тасвири ҳам китоб-альбомга киритилди.

Китоб-альбом ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган. Айни пайтда уни чоп этиш ишлари Истанбулдаги “Mega Basım” нашриётида бошлаб юборилган.

Мазкур нашр орқали Ўзбекистоннинг бой қўлёзма мероси, Шарқ миниатюра санъати ва тарихий шахслар образларига оид ноёб манбалар халқаро илмий ва маданий жамоатчиликка янада кенг тақдим этилади.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1423126.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1164629.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
941827.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.