

Янгиликлар
Озарбайжондан Ўзбекистонга маданий хазина: Ислом цивилизацияси марказига 150 дан ортиқ китоб ва ноёб Қорабоғ гилами тақдим этилди
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги асрлар давомида шаклланган маданий яқинлик Тошкентда яна бир бор намоён бўлди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Ўзбекистон–Озарбайжон: муштарак мерос, муштарак қадриятлар» мавзусида маданий мулоқот ўтказилиб, Озарбайжон томонидан Марказга 150 дан ортиқ китоб, миллий мусиқа чолғу асбоблари ва рамзий маънога эга ноёб Қорабоғ гилами тақдим этилди.
Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Акиф Марифли иштирокида ўтказилган тақдимот тадбирида Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг умумий тарихий-маданий мероси, уни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш масалалари муҳокама қилинди. Унинг таъкидлашича, икки халқ ўртасидаги маданий яқинлик асрлар давомида шаклланган. 16 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритиб келаётган Озарбайжон маданият маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик ривожланмоқда. Акиф Марифлининг сўзларига кўра, Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистон, балки туркий халқлар ва кенг ислом дунёси учун умумий маданий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилади.
– Озарбайжон билан Ўзбекистон ўртасида минг йилллик тарихий дўстлигимиз бор. Бу дўстлик Низомий Ганжавийдан бошланиб, Алишер Навоий билан давом этган ва бугун Президентларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик туфайли янада юксак даражага кўтарилмоқда. Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши умумий қадриятларимизни бирлаштириб, уларни янада бойитиш ва авлоддан авлодга етказиш учун мустаҳкам пойдевор яратади. Ислом — бизнинг маънавий ва диний қадриятларимиз. Туркийлик эса бизнинг ўзлигимиз ва ғуруримиздир», — деди у.
Тадбирда тақдим этилган маданий мерос намуналари орасида «5» рақами асосида тўқилган ноёб Қорабоғ гилами алоҳида эътибор марказида бўлди.
Тақдимотда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Турсунали Қўзиев икки мамлакат ўртасидаги маданий мулоқот масалаларига тўхталиб, бу жараёнлар халқларимизнинг маданий меросини янада чуқурроқ ўрганиш учун муҳим манба бўлишини таъкидлади. Профессор Т.Қўзиевнинг таъкидлашича, икки халқ тарихидаги умумий жиҳатлар уларнинг маданий меросини биргаликда ўрганиш орқали янада кенг намоён бўлади.
– Шунча йил тарих билан шуғулланган инсон сифатида мен бугун Қорабоғ гиламини биринчи марта кўриб, Озарбайжон маданияти ҳақида ҳали ўрганишимиз керак бўлган қанча жиҳатлар борлигини яна бир бор ҳис қилдим. Халқларимиз тарихидаги умумий жиҳатларнинг ҳар бирини ўрганганимиз сари икки халқ тарихининг муштараклиги янада кенг намоён бўлаверади. Бизнинг бойлигимиз фақат ўзимизники эмас. У дўстларимиз бойлиги билан муштаракдир, – деди профессор Турсунали Қўзиев.
Шунингдек, тадбирда Ислом цивилизацияси маркази ва Озарбайжон маданият маркази ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, икки халқнинг умумий тарихий ва маданий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Тадбир якунида Ислом цивилизацияси маркази томонидан Озарбайжон миллий-маданий марказига эсдалик совғалари ҳам топширилди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар тарихий хотира, маданий яқинлик ва умумий қадриятларга таяниб, янги авлод учун ҳамкорликнинг янги майдонларини шакллантирмоқда. Муштарак мерос ўтмишни бирлаштиради. Муштарак қадриятлар эса келажакка йўл очади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.