Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

«Ўзбекистоннинг буюк тарихи ва ёрқин келажагини бир жойда кўриш мумкин» — Руминия элчиси

Руминиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Даниел Чобану бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

Ташриф давомида меҳмонлар Марказ экспозициялари орқали Ўзбекистон ҳудудидаги цивилизацион жараёнлар, ислом илм-фани ва маданиятининг тараққиёти, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, шунингдек, Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс ғояси билан боғлиқ концепциялар билан танишдилар.

Бироқ бу ташрифнинг энг муҳим жиҳати — Марказ экспозицияларини томоша қилиш эмас, балки уларнинг хорижлик дипломат нигоҳида қандай таассурот уйғотганида.

Руминия элчиси Даниел Чобану Марказни дунёдаги энг яхши, қизиқарли ва гўзал музейлардан бири сифатида баҳолар экан, уни Ўзбекистон тарихининг яхлит манзарасини намоён этувчи ноёб маскан сифатида таърифлади.

«Бу музейда бўлиш мен учун катта мамнуният. Бу ерда намойиш этилаётган экспонатлар мени чуқур таассуротлантирди. Менимча, бу, шубҳасиз, дунёдаги энг яхши, энг қизиқарли ва энг гўзал музейлардан бири», — деди у.

Элчи учун энг таъсирли жиҳатлардан бири — тарихнинг изчиллиги бўлди. Унинг таъкидлашича, Марказда Ўзбекистоннинг исломгача бўлган давридан бошлаб, ислом цивилизацияси, Темурийлар даври, Иккинчи Ренессанс ва бугунги Учинчи Ренессансгача бўлган тараққиёт босқичлари ягона тарихий манзара сифатида намоён этилган.

«Ушбу музейни томоша қилар экансиз, Ўзбекистоннинг буюк тарихи ва бой ўтмишига эга бўлганини яққол кўриш мумкин. Бугунги Ўзбекистон ҳам жуда гўзал ва юксак тараққий этган. Бу ерда бўлиб, мамлакат келажаги ҳам жуда ёрқин бўлишига ишонч ҳосил қилдим», — деди Даниел Чобану.

Унинг эътиборини, айниқса, тарихий экспозицияларни замонавий технологиялар билан уйғунлаштирган ёндашув тортди. Марказда қўлёзмалар, ноёб артефактлар ва тарихий мерос намуналари билан бир қаторда сунъий интеллект, виртуал реаллик, голографик ечимлар ва интерактив технологиялардан фойдаланилгани тарихни оддий томоша қилинадиган экспонат эмас, балки ҳис этиладиган тажрибага айлантиради.

Даниел Чобану Ўзбекистонга келаётган ҳар бир сайёҳ Марказга ташриф буюриши кераклигини таъкидлади.

«Мен Ўзбекистонга келаётган ҳар бир сайёҳга ушбу музейга албатта ташриф буюришни тавсия қилган бўлардим. Руминиялик сайёҳларга ҳам бу ерга келиб, уни зиёрат қилишни тавсия қиламан», — деди у.

Элчи, шунингдек, Руминия ва Ўзбекистон мутахассислари ўртасида тажриба ва билим алмашинувини ривожлантириш учун ҳам Марказ муҳим платформа бўлиши мумкинлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Руминиянинг айрим ҳудудларида мусулмонлик анъаналари мавжудлиги икки мамлакат ўртасида маданий ва илмий мулоқот учун қизиқарли имкониятлар яратади.

Ташриф якунида Даниел Чобану ўз таассуротини бир жумла билан ифодалади:

«Менимча, бу марказ ҳақиқатан ҳам “Ислом цивилизацияси маркази” деган номга муносиб».

Бу баҳо — Марказнинг фақат Ўзбекистон тарихи ва ислом цивилизацияси меросини намойиш этувчи музей эмас, балки турли халқлар, маданиятлар ва илмий мактабларни боғловчи халқаро мулоқот майдони сифатида шаклланаётганининг яна бир эътирофидир.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1425426.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1166929.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
943827.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.