ЮНЕСКО вакиллари Ўзбекистонда тарихни ўрганишнинг янги усулига гувоҳ бўлишди

Моҳигул Арашева, Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази мутахассиси:
– Марказ музейи экспозицияларида Ўзбекистон тарихи шунчаки саналар ва фактлар кетма-кетлиги сифатида эмас, балки мамлакатнинг цивилизацион тараққиётини англашга ёрдам берадиган яхлит ҳикоя сифатида намоён бўлган. Янги Ўзбекистонга бағишланган экспозицияда мамлакатнинг тарихи билан бирга бугунги тараққиёт руҳи ҳам акс этган.
Малайзиядаги Ўқитувчилар таълими институти маърузачиси Мунира Ҳанафий Марказ экспозицияларининг қамровига эътибор қаратди.
– Бу ерда ҳамма нарсадан оз-оздан бор. Маданият, тарих, турли халқ гуруҳларининг ривожланиши, астрономия ҳақида ҳам бор. Бундай ёндашув ёшлар учун цивилизация тушунчасини кенгроқ англаш имконини беради. Марказда тарих, илм-фан, маданият, меъморчилик ва маънавий мероснинг бир-бири билан боғлиқ ҳолда тақдим этилиши Ўзбекистон ҳудудида шаклланган цивилизациялар тарихини яхлит контекстда кўриш имконини беради.
ЮНЕСКО вакили Ян Линнинг фикрлари эса ташрифнинг яна бир муҳим ғоясини очиб берди.
– Биз бир савол устида ўйлашимиз керак: биз қаердан келдик ва қаерга кетяпмиз. Бундай музей таълими ҳар бир инсон учун жуда муҳим.
Қозоғистон Республикаси Олий таълимни ривожлантириш миллий маркази вакили Алибек Мадибеков ҳам Марказни нафақат ислом тарихи, балки Марказий Осиё цивилизациялари тараққиётини англаш учун муҳим манба сифатида баҳолади.
– Экспозициялар минтақада яшаб ижод қилган аждодларнинг илм-фан, маърифат ва ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссасини чуқурроқ англаш имконини беради.
Турли мамлакатлардан келган меҳмонларнинг фикрлари турлича бўлса-да, уларнинг қарашларида умумий бир ғоя яққол кўзга ташланди: Тарихни билиш — ўтмишда қолиб кетиш эмас, балки бугунни англаш ва келажакни тўғри тасаввур қилиш воситасидир. Ислом цивилизацияси маркази ана шу ғояни тарихий экспозициялар, илм-фан мероси, замонавий технологиялар ва таълимий ёндашувлар орқали бир маконда жамламоқда.


