Мустақилликнинг маърифий қудрати

Ўттиз беш йил — тарих учун катта муддат эмас. Аммо халқ ва давлат тақдирида бу давр бутун бир тараққиёт босқичини ифодалаши мумкин. Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллик шарафли йўлига назар ташлар эканмиз, мамлакатимизда нафақат иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт, балки миллий ўзликни англаш, тарихий хотирани тиклаш, аждодлар меросини ўрганиш ва уни дунёга танитиш борасида ҳам улкан ўзгаришлар юз берганини кўрамиз.
Айниқса, кейинги 10 йил мобайнида маданий меросга муносабат янги мазмун касб этди. Тарихий ёдгорликни сақлаш, қўлёзмани тадқиқ этиш ёки музей экспонатини намойиш қилишнинг ўзи энди етарли эмас. Асосий мақсад — халқимизнинг асрлар давомида жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини илмий асосда кўрсатиш, уни замонавий усулларда тарғиб этиш ва энг муҳими, келажак авлодга ҳаққоний етказишдир.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаларидан биридир.
Меросни сақлашдан —дунёга танитишгача…
Марказнинг вазифаси фақат бир музей экспозициясини шакллантиришдан иборат эмас. У музей, илм-фан, таълим, рақамли технологиялар ва халқаро ҳамкорликни бирлаштирган замонавий илмий-маърифий платформа сифатида шаклланмоқда.
Бу ерда ислом цивилизациясининг бой илмий ва маданий меросини чуқур ўрганиш, буюк алломаларимиз ҳаёти ва асарларини тадқиқ этиш, ноёб қўлёзмалар, тарихий ашёлар ва санъат намуналарини аниқлаш, уларни илмий муомалага киритиш ҳамда кенг жамоатчиликка замонавий воситалар орқали тақдим қилиш устувор вазифалардан саналади.
Бундай катта мақсадни фақат мамлакат доирасида амалга ошириш мумкин эмас. Чунки Ўзбекистон тарихи ва аждодларимиз меросига оид минглаб қўлёзма, санъат асари, археологик топилма ва бошқа нодир ашёлар бугун дунёнинг турли музейлари, кутубхоналари ҳамда хусусий коллекцияларида сақланмоқда. Шу боис Марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири халқаро ҳамкорликка айланди.
Президентимиз топшириқлари асосида Марказ фаолиятини хорижий давлатларда кенг тарғиб этиш, етакчи музей ва илмий муассасалар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, уларнинг фондларида Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ манбаларни излаш ва ўрганиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бу сафарларнинг ҳар бири ортида илмий тадқиқот, янги манбаларни аниқлаш, музейлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, қўшма кўргазмалар, нашрлар ва илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш каби аниқ мақсадлар турибди.
Хитой: музейлар ўртасида янги кўприк
Жорий йилнинг 19–25 июль кунлари Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига сафари ана шундай кенг кўламли ишларнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.
Гонконг, Пекин ва Сиань шаҳарларини қамраб олган сафар давомида Хитойнинг етакчи музейлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва маданий ташкилотлари раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.
Бунда бир рақамнинг ўзиёқ ҳамкорлик кўламини тасаввур қилиш имконини беради: бугун Хитойда 7 мингдан ортиқ музей фаолият кўрсатади ва улар ҳар йили 600 миллиондан зиёд ташриф буюрувчини қабул қилади. Демак, мазкур мамлакат билан музей соҳасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон маданий меросини нафақат Хитой, балки бутун Осиё жамоатчилигига кенгроқ танитиш учун катта имкониятдир.
Сафар давомида Гонконг Сарой музейи билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. У маданий меросни муҳофаза қилиш, реставрация, қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар, музей мутахассисларининг малакасини ошириш ва тажриба алмашиш каби муҳим йўналишларни қамраб олди.
Шэньси тарих музейи, Гугун — Сарой музейи, Хитой Миллий музейи, Император Цинь Ши Хуанди мақбара-музейи ва Хитой Тарих академияси ҳузуридаги Миллий археология музейи билан ҳам амалий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Энг муҳими, бу музокаралар фақат ниятлар баёни билан чекланиб қолмади. 2027 йилда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан қўшма халқаро кўргазмалар ташкил этиш, китоб-альбомлар нашр қилиш, илмий конференциялар ўтказиш, экспонатларнинг рақамли нусхаларини алмашиш ва мутахассислар стажировкаларини ташкил қилиш борасида келишувларга эришилди.
Археология, реставрация, музейшунослик ва рақамлаштириш соҳаларидаги ҳамкорлик эса муносабатларни янада амалий мазмун билан бойитади.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бош мақсади халқимиз яратган буюк цивилизациялар, уларнинг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси ва бой илмий-маънавий меросини бутун дунёга намойиш этишдан иборат. Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида экспозицияларда нафақат ислом цивилизацияси, балки исломгача бўлган Сўғд, Бақтрия, Чоч ва Хоразм каби қадимги цивилизациялар ҳам муносиб ўрин олган, — деди Фирдавс Абдухолиқов. - Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий алоқалар бир неча минг йиллик тарихга эга экани барчамизга яхши маълум. Буюк ипак йўли халқлар ўртасидаги илм-фан ва маданият алмашинувида муҳим ўрин тутган. Ишонамизки, хитойлик музейлар раҳбарлари, олим ва мутахассислар билан ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланиши тарихимизнинг сирли саҳифаларини очишимиз учун йўл очади.
Марказ ҳақида дунё билиши керак
Халқаро ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ўзи ҳақида хориж жамоатчилигига кенг ахборот беришдир.
Гонконгда ўтказилган халқаро тақдимотда Марказнинг илмий концепцияси, экспозиция йўналишлари ва халқаро лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Тадбирда давлат идоралари, музей ва илмий муассасалар, дипломатик корпус ҳамда халқаро экспертлар вакилларининг иштирок этгани Марказга бўлган қизиқишнинг тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Чунки Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фақат мамлакатимиз учун мўлжалланган маданий объект эмас. У Марказий Осиё халқларининг жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига қўшган ҳиссасини халқаро майдонда намойиш этадиган нуфузли маърифат маскани бўлиши кўзда тутилган.
Хизмат сафари доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Гонконг сарой музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифимиз биз учун муҳим тажриба бўлди. Мамлакатингизда маданий меросни муҳофаза қилиш ва уни замонавий усулларда тақдим этиш борасида амалга оширилаётган ишлар катта қизиқиш уйғотди. Бугунги келишув ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқишига ишонаман, — деди доктор Луис Нге.
Икки минг йиллик «армия» билан юзма-юз
Хитой Халқ Республикасига амалга оширилаётган хизмат сафқари доирасида дунёдаги машҳур музей мажмуаларидан бири – Император Цинь Ши Хуанди мақбара-музейида ҳам бўлдик.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Хитой ўртасида маданий меросни ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, музейлар ўртасида қўшма илмий ва кўргазма лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Музей раҳбарияти меҳмонларга милоддан аввалги III асрда Цинь сулоласи асосчиси, Хитойнинг биринчи императори Цинь Ши Хуанди фармони билан яратилган машҳур Терракота армияси ҳақида батафсил маълумот берди. Мажмуа таркибида 8100 дан ортиқ терракота аскарлари, отлар ва ҳарбий арава ҳайкаллари сақланади. Ушбу ноёб ёдгорликлар император вафотидан кейин ҳам унинг қудратини рамзий жиҳатдан давом эттириш мақсадида барпо этилган.
Асрлар давомида ер остида сақланиб келган мазкур ҳайкаллар 1974 йилда маҳаллий деҳқонлар томонидан тасодифан аниқланган бўлиб, кейинчалик инсоният тарихидаги энг муҳим археологик кашфиётлардан бири сифатида эътироф этилди. Бугунги кунда мазкур мажмуа ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
Учрашувда Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти, унинг асосий вазифалари ҳамда жаҳоннинг нуфузли музейлари ва илмий муассасалари билан йўлга қўйилган халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида маълумот берди.
Музей куратори, профессор Ли Ганг Император Цинь Ши Хуанди мақбара-музейининг тарихи, Терракота армиясининг яратилиши ҳамда унинг жаҳон маданий меросидаги ўрни ҳақида сўз юритди.
Музейимизда 8100 дан ортиқ ноёб терракота аскарлари сақланади. Ушбу мажмуа ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Ўзбекистон ва Хитой маданий меросни ўрганиш ва асраш соҳасида мустаҳкам ҳамкорлик қилиб келмоқда. Биз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан илмий ва музей соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан мамнунмиз, – деди профессор Ли Ганг.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази директори, академик Фарҳод Мақсудов ҳам икки халқ тарихи чуқур илдизларга эга эканини, ушбу бой меросни илмий жиҳатдан ўрганишда олимлар ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
Учрашув якунида Фирдавс Абдухолиқов томонидан Император Цинь Ши Хуанди мақбара-музейи раҳбариятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан нашр этилган китоб-альбомлар тантанали равишда тақдим этилди.
Дунё музейларида Ўзбекистон маданий мероси
Халқаро сафарларнинг энг масъулиятли йўналишларидан бири хорижий музей ва хусусий коллекцияларда сақланаётган Ўзбекистонга оид маданий бойликларни аниқлашдир.
Хитой сафари давомида музей фондлари ва хусусий тўпламлардаги Суғд цивилизацияси ҳамда Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ қатор нодир ашёлар ўрганилди. Уларнинг келиб чиқиши, илмий қиммати, сақланиш ҳолати ва келгусида қўшма кўргазмаларда намойиш этиш имкониятлари муҳокама қилинди.Энди уларни халқаро экспертлар иштирокида чуқур илмий экспертизадан ўтказиш, каталоглаштириш, келиб чиқиш тарихини ўрганиш ва Марказ экспозицияси учун аҳамиятли бўлган намуналар бўйича тегишли имкониятларни кўриб чиқиш режалаштирилган.
Бугун дунёнинг турли нуқталарида сақланаётган Ўзбекистонга оид маданий бойликларни излаш, улар ҳақида ягона илмий маълумотлар базасини шакллантириш, рақамли нусхаларини олиш ва илмий муомалага киритиш катта аҳамиятга эга.
Масалан Хитой Миллий музейида сақланаётган Сўғд карвонбошисининг тоштобути сайёҳларнинг эътиборини жлб қилувчи асосий экспонатлардан бири саналади. Хитойнинг тан сулоласи даврига тегишли бўлган бу тоштобутда VI-VII асрларда яшаган, Хитой билан мунтазам савдо алоқаларида фаол иштирок этган суғд савдогари дафн қилинган. Ўтган асрнинг ўрталарида топилган бу топилма ўз даврида жуда катта шов-шувларга сабаб бўлган. Ушбу тош тобут Хитойга хос бўлмаган услубдаа ишланган ва безатилгани олимларнинг эътиборини тортган. Кейинчалик, ундаги услуб, безаклар, белгиилар айнан суғдийлар маданиятигаа оидлиги ўз исботини топган. Мазкур артефакт минг йиллар муқаддам ҳам Марказий Осиё ва Хитой халдқлари ўртаисдаг савдо ва маданий алоқалар мунтазам йўлга қўйилганидан дарак беради.
Хитой музейларида сақлнаётган қадимги Суғд маданиятига оид кийимлар ва мато парчалари, сопол ва металл идишлар, қадимий ҳайкалчалар, ҳужжатлар ва қўлёзмалар ҳали бизг номаълум бўлган қанчадан-қанча сирларни ўз бағрига яшириб ётибди.
Келгусида ҳамкорликдаги лойиҳалар доирасида кўплааб янгиликлар, кашфиётлар юзга чиқишига шубҳа йўқ.
Илмий мулоқот ҳам ҳамкорликнинг бир қисми
Марказнинг халқаро нуфузи фақат музейлар билан имзоланган ҳужжатлар ёки тақдимотлар билан ўлчанмайди. Унинг олим ва мутахассислари халқаро илмий майдонда қанчалик фаол иштирок этаётгани ҳам муҳим мезондир.
26–29 июль кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ICESCOнинг минтақавий ваколатхонаси ҳамда Истиқболни режалаштириш ва сунъий интеллект маркази ҳамкорлигида ўтказилган халқаро анжуман бунга мисолдир.
Йигирмадан ортиқ ICESCOга аъзо давлатлар вакиллари қатнашган тадбир стратегик истиқболни режалаштириш, давлат бошқарувига замонавий прогнозлаш усулларини жорий этиш ва глобал ўзгаришларга тайёр туриш масалаларига бағишланди.
Ушбу анжуманда Марказ номидан “Сунъий интеллект даврида ислом цивилизацияси: меросни асраш, рақамли трансформация ва халқаро ҳамкорлик” мавзусида маъруза қилиш имконига эга бўлдим.
Бугун маданий меросни муҳофаза қилиш деганда фақат қўлёзмани махсус ҳароратда сақлаш ёки экспонатни музей витринасига жойлашни тушуниш камлик қилади.
Ноёб қўлёзмаларнинг халқаро бозорларда бўлакларга ажратиб сотилиши, ижтимоий тармоқларда тарихга оид нотўғри маълумотлар тарқалиши, турли мафкуравий талқинлар ва исломофобия каби муаммолар маданий мерос соҳаси олдига мутлақо янги вазифаларни қўймоқда.
Уларни бир давлат ёки бир музейнинг ўзи ҳал қила олмайди. Бу — халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий ҳимоя, илмий экспертиза, рақамлаштириш ва замонавий технологияларни бирлаштиришни талаб қиладиган умумий масъулиятдир.
Айниқса, сунъий интеллект имкониятлари яқин келажакда қўлёзмаларни рақамлаштириш, катта ҳажмдаги матнларни таҳлил қилиш, реставрация жараёнларига кўмаклашиш ва қадимий асарларни турли тилларга таржима қилишда муҳим воситага айланиши мумкин.
Лекин бир тамойил ўзгармаслиги керак: технология олимнинг ўрнини эгалламайди. У олимнинг ишончли ёрдамчиси бўлиши лозим.
Мазкур сафар кунларида ичеришаҳар ёдгорлик мажмуаси, Низомий Ганжавий номидаги Озарбайжон давлат адабиёт музейи, Ҳайдар Алиев марказидаги учршувлар ҳам ниҳоятда самарали, мазмунли кечди.
Хусусан Ичери шаҳардаги Адабиёт музейида икки халққнинг адабий алоқаларига оид кўплаб маълумотларга эга бўлиш мумкин.
Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг ташаббуси билан мамлкатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари кундан-кунга ривожланиб бормоқда, - деди Адабиёт музейи директори, академик Рафаил Ҳусайнов. – Айниқса, Низомий Ганжавий, Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий сингари буюк шоирларимиз ана шу дўстликнинг тамал тошини мустаҳкамлаб кетишган. Бугун уларнинг мероси нафақат туркий халқлар, балки жаҳон адабиётининг бебаҳо жавоҳирлари саналади. Биз ана шундай буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этишда жуда кўп ҳаракат қилишимиз, янги лойиҳаларни ишга солишимиз лозим. Ўйлаймизки, Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказида бу борадаги ишларни малга ошириш учун барча шарт-шароитлар мавжуд.
Мустақиллик берган имконият
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида бу жараёнларга назар ташлар эканмиз, бир муҳим ҳақиқатни янада теран англаймиз: миллий меросни асраш ҳам мустақилликнинг энг катта маънавий неъматларидан биридир. Мустақил давлатгина ўз тарихига ўз нуқтаи назаридан қарайди. Ўз алломаларини ўзи тадқиқ этади. Ўз меросини ўзи қадрлайди ва уни жаҳонга муносиб тарзда тақдим этади.
Янги Ўзбекистонда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ана шу маънодаги катта ғоянинг амалий ифодасидир. Бу Марказ — фақат бино эмас. У тарих билан бугунни, Ўзбекистон билан дунёни, аждодлар мероси билан келажак авлодни боғлайдиган маърифий кўприкдир.
Ҳар бир хорижий ташриф, ҳар бир янги ҳамкор, музей фондидан топилган ҳар бир тарихий ашё, илмий анжуманда янграган ҳар бир маъруза шу катта мақсаднинг бир бўлагидир.
Хорижий музейлар билан тузилган келишувларни изчил амалга ошириш, дунё коллекцияларидаги Ўзбекистонга оид бойликларни излашни давом эттириш, уларни рақамлаштириш, илмий каталоглар яратиш, қўшма кўргазма ва тадқиқотларни кўпайтириш зарур.
Зеро, маданий мерос — ўтмиш ҳақидаги хотирагина эмас. У давлатнинг дунёдаги маънавий қиёфасини белгилайдиган улкан кучдир.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса бугун Янги Ўзбекистоннинг ана шундай эзгу ғоя ва ташаббусларини халқаро майдонга олиб чиқаётган масканга айланмоқда.
Ишончимиз комилки, бугун қўйилаётган қадамлар, амалга оширилаётган халқаро ташрифлар, илмий экспедициялар ва мулоқотлар яқин йилларда янада салмоқли натижалар беради. Янги топилмалар, янги илмий тадқиқотлар ва янги ҳамкорликлар орқали халқимизнинг буюк цивилизацион мероси дунёга янада теран ва ҳаққоний танитилади.
Бу эса мустақилликнинг 35 йиллигига энг муносиб маърифий туҳфалардан бири бўлади.
Рустам ЖАББОРОВ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби


