

Янгиликлар
Озарбайжон журналистлари Ўзбекистоннинг тарихий меросини замонавий форматда кашф этди
Тарихни китобдан ўқиш мумкин. Аммо уни кўриш, эшитиш ва ҳис қилиш — бутунлай бошқа тажриба. Озарбайжондан Ўзбекистонга келган 50 га яқин журналист Ислом цивилизацияси марказида айнан шу тажрибани бошдан кечирди. Қадимий қўлёзмалар, буюк алломалар мероси ва асрлар силсиласини замонавий мультимедиа технологиялари орқали намойиш этувчи экспозициялар журналистларнинг эътиборини тортди. Уларнинг таассуротлари эса икки халқни бирлаштириб турган тарихий хотира бугун замонавий медиа воситалари орқали янги аудиторияларга етиб бораётганини кўрсатди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатлари тобора кенгайиб, янги мазмун билан бойиб бормоқда. Айниқса, маданий-гуманитар ва ахборот соҳаларидаги ҳамкорлик икки халқнинг муштарак тарихий ва маънавий қадриятларини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда Озарбайжондан Ўзбекистонга ташриф буюрган 50 га яқин оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ислом цивилизацияси марказида махсус медиатур ташкил этилди.
Ташриф давомида озарбайжонлик журналистлар Марказнинг экспозиция заллари билан танишиб, Ўзбекистон ҳудудида қадим даврлардан шаклланган цивилизациялар, ислом дини ва маданиятининг тараққиёти, илм-фан ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломалар мероси, қўлёзмалар ва ноёб тарихий ашёлар, шунингдек, замонавий мультимедиа технологиялари асосида яратилган экспозицияларни кўздан кечирди. Марказда тарихий меросни замонавий технологиялар воситасида намойиш этишга қаратилган ёндашув меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Озарбайжон Ижтимоий телерадиоэшиттиришлар компанияси — “ITV” мухбири Сабина Шукурова Марказга аввал ҳам ташриф буюрганини таъкидлаб, бу сафар ҳам экспозициялардаги инновацион ечимлар унинг эътиборини тортганини билдирди. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда жадал ривожланаётганини ҳам қайд этди.
– Одатда тарихни китоблардан ўрганишга одатланганмиз. Аммо уни жонли, кичик бир қисмини интерпретация қилинган шаклда кўриш айниқса қизиқарлидир. Бу ёдда қолади. Чунки инсон ҳамма нарсани кўз билан кўрган сари янада кўпроқ эслаб қолади. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик алоқалари сўнгги йилларда жуда катта тезлик билан ривожланиб бормоқда. Буни давлат раҳбарларимизнинг мунтазам ўтказаётган учрашувларида ҳам, жамият орасида одамларнинг бир-бири билан муносабатида ҳам кўриш мумкин. Ўйлайманки, муносабатларимиз ва алоқаларимиз янада мустаҳкамланади, — деди у.
Озарбайжон Телевидениеси вакили Вусал Матлаб таъкидлашича, озарбайжонлик журналистлар Ўзбекистонга ташрифининг аввалги босқичларида мамлакатнинг инновациялар ва стартаплар соҳасидаги салоҳияти билан танишган бўлса, Марказда замонавий технологиялар миллий ва исломий меросни асраб-авайлаш, уни кенг тарғиб қилиш ва келажак авлодларга етказишга хизмат қилаётганига гувоҳ бўлди.
– Биз бу ердан жуда катта таассуротлар билан кетяпмиз. Жуда замонавий ечимлар ва ижодий ёндашув билан ислом анъаналари ва мероси тақдим этилган. Жуда ёқди. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар тарихий ва этник илдизларга таяниши билан бирга, бугунги кундаги қардошлик ва дўстликнинг амалий лойиҳаларда ҳам намоён бўлмоқда, – деди Вусал Матлаб.
Жумладан, журналист Ўзбекистоннинг Озарбайжоннинг Қорабоғ ва Шарқий Зангезур ҳудудларини қайта тиклаш жараёнларига қўшаётган ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
– Фузули шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги ўрта мактаб Ўзбекистон давлати томонидан Озарбайжон халқига совға сифатида қуриб берилган. Бу нафақат таълим муассасаси, балки Ўзбекистон ва Озарбайжон қардошлиги ва дўстлигининг келажак авлодларга етказиладиган меросидир, — деди у.
“Reality TV” телеканали бошловчиси Намида Бингёл эса Ислом цивилизацияси марказига илк бор ташриф буюрганини айтиб, Марказда тарихнинг турли даврлари бир бутун концепция асосида намойиш этилганини таъкидлади. Намида Бингёл, айниқса, ўзбек халқининг исломдан аввалги маданияти ва ҳаёт тарзининг Марказ экспозицияларида намойиш этилганини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, Марказда мультимедиа технологияларидан фойдаланилиши тарихий воқеликларни янада таъсирчан қабул қилиш имконини беради.
– Ўзбек халқининг исломдан аввалги маданияти ва ҳаёт тарзи жуда чиройли тақдим этилган. Ҳар бир тафсилот — саркардалар, тарих, оддий инсонлар, ерда меҳнат қилаётган одамлар ҳақидаги маълумотлар нозиклик билан кўрсатилган. Китобдан ўқиш бир нарса, келиб, уни ўз кўзинг билан кўриш эса бутунлай бошқа. Таассуротларим жуда яхши. Қайтганимдан сўнг бу ерда кўрганларимни янада чиройли шаклда тақдим этишга ҳаракат қиламан, —деди Намида Бингёл.
Медиатур давомида Озарбайжон ОАВ вакиллари Ислом цивилизацияси марказининг илмий-маърифий фаолияти, бой китоб ва қўлёзмалар фонди, тарихий экспозициялари ҳамда ташриф буюрувчилар учун яратилган замонавий хизмат ва имкониятлар билан ҳам танишди. Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ахборот, маданият ва гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, икки халқнинг муштарак тарихий-маданий меросини кенг тарғиб этиш ҳамда ўзаро медиа алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.