

Янгиликлар
Жомийни Ҳиндистонда қандай тасвирлашган?
Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида буюк шоир ва мутафаккир Абдураҳмон Жомийнинг ноёб портрети намойиш этилмоқда.
Асарнинг асосий қисми Ҳиндистонда, Бобурийлар даврида, тахминан 1610 йилда Акбаршоҳ ҳукмронлигининг сўнгги ёки Жаҳонгир даврининг дастлабки йилларида яратилган. Портретда Жомий тўлиқ профиль ҳолатда, соқол, салла ва узун пушти либосда тасвирланган. Унинг елкасидаги устки кийими, қўлидаги китоб ва вазмин қиёфаси мутафаккир сиймосини ифодалайди. Портрет атрофидаги безаклар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Асарни ўраб турган кенг ҳошияларда гуллар, япроқлар ва новдалардан иборат нафис нақшлар ишланган. Бу безаклар портретнинг асосий қисмидан кейинроқ — XVIII аср ўрталарида Эронда, Исфаҳон ёки Шероз санъат муҳитида, Муҳаммад Боқир услубида яратилгани қайд этилади. Демак, бу асарда икки хил давр ва икки маданий муҳит излари мужассам: портретнинг ўзи XVII аср бошларида Ҳиндистонда яратилган бўлса, унинг ҳошиялари XVIII асрда Эрон санъат муҳитида ишланган.
Жомий Темурийлар даврининг энг буюк шоир ва мутафаккирларидан бири эди. Унинг асарлари Марказий Осиё ва Хуросон билан чекланиб қолмай, Истанбулдан Ҳиндистонгача бўлган ҳудудларда кенг тарқалган. Бобурийлар даврида ҳам Жомий ижодига катта қизиқиш билдирилган. Масалан, унинг «Баҳористон» асари 1595 йилда Акбаршоҳ саройида нафис безатилган қўлёзма сифатида кўчирилган. Ҳиндистондаги сўфийлар ҳам Жомий меросига катта эътибор бериб, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида асарлар ёзган, ижод намуналарини таржима қилган.
Шу боис ушбу портретни оддий тасвир эмас, балки Жомий меросининг Марказий Осиёдан Ҳиндистонгача ёйилгани ва унинг сиймоси асрлар давомида Шарқ маданий хотирасида яшаб келганининг бадиий ифодаси сифатида кўриш мумкин.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.