Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси мероси атрофида жаҳон оммавий ахборот воситаларини бирлаштиради

Тошкент ва Самарқандда ўтказиладиган Халқаро медиафорум мерос, илм-фан ва технологиялар борасида глобал мулоқот майдонига айланади.

2026 йил 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» мавзусида Халқаро медиафорум бўлиб ўтади. Мазкур халқаро форумда 50 га яқин мамлакатдан 300 нафар етакчи медиа компаниялар раҳбарлари, ахборот агентликлари, телеканаллар, халқаро нашрлар ва рақамли платформалар вакиллари, шунингдек, ҳужжатли фильм ижодкорлари, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия ва сунъий интеллект соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Форум Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан Президент Админстрацияси ҳузуридаги ОАВ учун контент тайёрлаш маркази, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилмоқда. Тадбирда Форумнинг бош медиа ҳамкорлари сифатида Euronews ва CNN халқаро телеканлари иштирок этиши режалаштирилмоқда.

Форум Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ўтказилаётгани бежиз эмас. Унинг асосий мақсади — мустақиллик йилларида мамлакатимиз эришган ютуқлар, айниқса, сўнгги 10 йил ичида  Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар натижасини ҳамда юртимизда тарихий меросни асраб-авайлаш, хусусан, Ислом цивилизацияси марказининг янги илмий, маданий, таълимий ва технологик ташаббусларини жаҳонга намоён этишдан иборат.

Форумнинг марказий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур йирик мажмуа ноёб музей коллекциялари, қадимий қўлёзмалар, илмий тадқиқотлар ва янги авлод технологияларини бирлаштириб, ислом олами меросини ўрганиш ва халқаро миқёсда намойиш этиш имконини беради. Форумнинг асосий ғояси сифатида тарих ва маънавий меросни жаҳон аудиторияси билан замонавий телевидение, кино, адабиёт, рақамли платформалар, сунъий интеллект ва музейларнинг иммерсив технологиялари тилида тарғиб қилиш кўзда тутилмоқда.

Спикерлар орасида жаҳоннинг етакчи медиалари вакиллари ва фахрий меҳмонлари қаторида Euronews бош директори ва бош муҳаррири Клаус Штрунц, CNN International минтақавий директори Имран Аҳмад, BBC вакили ва Dars Consulting директори Сергей Становкин борлиги форумнинг аҳамиятини оширади.

Дастурдан, шунингдек, Al Jazeera, TRT World ва TRT Avaz лойиҳалари тақдимотлари ҳамда CNN International Commercial ижрочи вице-президенти Фил Нельсоннинг видео мурожаати ўрин олган.

Форумда Беш пленар сессиядан иборат бўлиб,   унда «Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази: янги тарихлар, янги форматлар, янги аудитория»; «Ислом цивилизацияси дунёни ўзгартирган буюк сиймолари. Кино, китоб ва рақамли муҳитдаги буюк таржимаи ҳоллар»; «Муқаддас Қуръон: асрлар ва цивилизацияларни бирлаштирувчи мерос»; «Янги Ўзбекистон: ташаббуслар, ислоҳотлар ва замонавий даврнинг ҳужжатли солномаси»; «Янги уфқлар: халқаро лойиҳалар, медиаформатлар ва маданий ташаббуслар» каби мавзулар муҳокама қилинади.

Ислом цивилизациясининг жаҳон илми ва маданияти — математика, астрономия, тиббиёт, фалсафа, адабиёт, меъморлик ва санъат ривожига қўшган ҳиссаси муҳокамалар марказида туради.

Форумда 50 дан ортиқ маъруза ва тақдимот намойиш этилади.

Иштирокчилар Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Мансур Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа буюк мутафаккирлар мероси ҳақида замонавий воситалар орқали қандай ҳикоя қилиш мумкинлигини муҳокама қиладилар.

Алоҳида пленар сессия Янги Ўзбекистон ислоҳотлари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ташаббуслари ва уларнинг ҳужжатли, нашриёт ҳамда медиа лойиҳаларида акс этишига бағишланади. Иштирокчилар замонавий Ўзбекистоннинг халқаро имижини шакллантиришда журналистика, кинематография ва маданий ташаббусларнинг ўрни ҳақида фикр алмашадилар.

Форумда Усмон Мусҳафи, Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нашри, «114 Қуръон» халқаро лойиҳаси ҳамда «Ўзбекистон Қуръонлари» илмий-иллюстратив нашри, «Ўзбекистон тарихидаги буюк шахслар шарқ миниатюрасида» китоб-альбоми тақдимоти, «Тарихни ёшлар учун қандай қизиқарли қилиш мумкин? Ислом цивилизациясини келажак авлодлар учун визуал тақдим этишнинг афзалликлари» билан боғлиқ лойиҳалар тақдим этилади. Технологик блок доирасида араб ёзувидаги қўлёзма матнларни таниш ва уларни рақамли шаклда ўқиш учун мўлжалланган интеллектуал модель — INKSIGHT AI тақдимоти ўтказилади. Лойиҳа сунъий интеллектдан қадимий ёзма манбаларни  рақамлаштиришда қандай фойдаланиш мумкинлигини намойиш этади.

Форум майдонларида ўнлаб халқаро ва миллий лойиҳалар — ҳужжатли фильмлар, телевизион дастурлар, китоб ва альбомлар, виртуал кўргазмалар, рақамли платформалар, интерактив таълимий маҳсулотлар, мультимедиа экспозициялари, шунингдек, VR, AR ва сунъий интеллект технологиялари асосидаги ечимлар тақдим этилади. Улар орасида 1001 Inventions халқаро лойиҳаси, тарихий шахсларнинг рақамли аватарлари, хорижий медиа компанияларнинг ҳужжатли ва телевизион лойиҳалари бор.

Ислом цивилизацияси маркази фасадида кенг кўламли мультимедиали мэппинг-шоу намойиш этилади. Унда меъморлик, мусиқа, ёруғлик, анимация ва рақамли санъат ягона тарихий ҳикояга бирлашади.

Қуръон залида эса Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий анъаналарига бағишланган махсус мультимедиа дастури намойиш этилади.

Бундан ташқари, форум доирасида «Оскар» мукофоти совриндори Бен Кингслининг Ўзбекистон тарихи, унинг буюк сиймолари ва минтақанинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасига бағишланган муаллифлик фильмининг премьераси бўлиб ўтади.

Форум давомида жаҳон медиа вакиллари ўзбекистонлик соҳага қизиқувчи ёшлари билан ҳам учрашади. Жумладан, Тошкентдаги 15 та олий таълим муассасасида махсус сессиялар, маърузалар, тақдимотлар ва маҳорат дарслари ўтказилади. Талабалар, магистрантлар, ёш олимлар ва ўқитувчилар олдида хорижлик журналистлар, медиа менежерлар, ҳужжатли фильм режиссёрлари, режиссёрлар ва рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари чиқиш қилади.

Таълим дастури халқаро журналистика, телевидение, ҳужжатли кино, стратегик коммуникациялар, халқаро PR, маданий дипломатия ва рақамли контент ишлаб чиқариш йўналишларини қамраб олади. Медиа, таълим ва музей фаолиятида сунъий интеллект, виртуал ва кенгайтирилган реаллик технологияларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ёш журналистлар, дипломатлар, IT мутахассислари, продюсерлар ва креатив индустрия вакиллари амалий лабораториялар, экспертлар муҳокамалари ва хорижлик мутахассислар билан профессионал учрашувларда иштирок этиш имконига эга бўладилар.

Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникацилар университети ўртасида меморандум имзоланади. Ҳужжат ёш журналистлар учун қўшма илмий-таълимий дастурни амалга оширишни назарда тутади. У таълимий тадбирлар, тадқиқотлар, маҳорат дарслари ва Ўзбекистон тарихи, маданияти ҳамда илмий меросига бағишланган медиа лойиҳаларни бирлаштиради.

Ҳамкорлик талабаларга телевизион, ҳужжатли, нашриёт ва рақамли лойиҳаларни тайёрлашда иштирок этиш, музей коллекциялари ва тарихий манбалар билан ишлаш, шунингдек, миллий ва халқаро медиа ҳамжамиятининг етакчи вакиллари тажрибасини ўзлаштириш имконини беради. Бугунги замонда журналистлар ватанимиз тарихини билиши долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, Ислом цивилизацияси маркази ва университет ўзаро ҳамкорликда “Гид-журналистикаси” ўқув курсини ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу фан асосий дарслардан ташқари эмас, асосий ўқув дастуридан жой олиши муҳимдир.

Самарқанд — жонли тарих макони

Халқаро дастурнинг алоҳида бир куни Самарқандда ўтказилади. Хорижлик журналистлар ва суратга олиш гуруҳлари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта барпо этилган Имом Бухорий мемориал мажмуасига ташриф буюрадилар. Ундаги кенг кўламли қурилиш ишлари 2026 йил баҳорида якунланган. 45 гектар майдонда 10 минг кишига мўлжалланган масжид, маъмурий ва зиёрат объектлари, шунингдек, замонавий рақамли технологиялар билан жиҳозланган, тўққизта тематик павильондан иборат Имом Бухорий номидаги Инновацион музей барпо этилган.

Дастурдан Ҳадисшунослик халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф ҳам ўрин олади. Иштирокчилар Самарқанднинг тарихий-маданий объектлари, жумладан, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ёдгорликлар билан танишадилар.

 

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1433326.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1175129.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
951227.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.