

Янгиликлар
Амир Темур, Улуғбек ва Ибн Сино шарқ миниатюраларида: Халқаро медиафорумда Ўзбекистоннинг буюк шахслари ҳақидаги китоб тақдим этилади
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумида «Ўзбекистон тарихидаги буюк шахслар шарқ миниатюраларида» номли китоб-альбом тақдим этилади.
Тақдимотни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Туркиянинг Mega Basim нашриёти бошқаруви раиси Ҳасанбей Конду ўтказади.
Китобдан XIII–XVIII асрларга оид қарийб 300 та рангли миниатюра ўрин олган бўлиб, уларда ҳукмдорлар, олимлар, шоирлар, мутафаккирлар ва мусаввирлар тасвирланган. Улар орасида Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Сино, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Султон Санжар ва Александр Македонский каби тарихий шахслар бор.
Альбомда 80 нафардан ортиқ ҳукмдор, шаҳзода ва маликалар, шунингдек, 20 нафардан зиёд шоир, олим, мутафаккир ва мусаввирлар тасвири жамланган. Улар Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Бобурийлар, Шайбонийлар ва Аштархонийлар тарихи билан боғлиқ.
Нашр учун материаллар қарийб икки йил давомида тўпланган. Миниатюралар турли мамлакатлардаги музей ва кутубхона фондларида сақланаётган қўлёзмалардан олинган. Улар орасида Нью-Йоркдаги Метрополитен музейи, Вашингтондаги Фрир галереяси, Британия кутубхонаси, Тўпқопи саройи, Франция Миллий кутубхонаси ва Оға Хон коллекцияси мавжуд.
Фойдаланилган қўлёзма манбалар орасида «Меърожнома», «Бобурнома», «Темур тузуклари» ва бошқа асарлар бор.
Фирдавс Абдухолиқовнинг ушбу муаллифлик лойиҳаси илк бор 2023 йилда Самарқандда ўтказилган халқаро конгрессда тақдим этилган. Китоб унинг шарқ миниатюраларидаги тарихий портретларни ўрганишга бағишланган тадқиқотлари натижаси бўлди. Нашр ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган.
2024 йилда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Mega Basim нашриёти мазкур китоб-альбомни Туркияда нашр этиш бўйича келишувга эришган. Турк нашриёти бундан аввал ҳам Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган йирик лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган.
Халқаро медиафорум 2026 йил 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтади.
Форумнинг марказий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Унда қарийб 50 мамлакатдан 300 нафар медиа ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.