

Янгиликлар
Ислом цивилизацияси маркази ва Журналистика университети ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришди
2026 йил 24-28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» мавзусида Халқаро медиафорум олдидан “Ислом цивилизацияси ва замонавий медиа: ёш журналистлар нигоҳида” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижий журналистлар, етакчи медиа компаниялар раҳбарлари, ахборот агентликлари, телеканаллар, халқаро нашрлар ва рақамли платформалар вакиллари, шунингдек, ёш журналистлар иштирок этди.
Тадбирда қайд этилганидек, бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган дунёда барча соҳалар каби холис ва тезкор ахборотга бўлган талаб кескин ошмоқда. Бу ўз навбатида журналистлар ва ОАВ ходимларидан юксак билим, замонавий технологияларни ўзлаштиришни талаб этмоқда. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучаймоқда.
Оммавий ахборот воситаларининг ривожланиши, давлат ва нодавлат даврий босма нашрлар, телерадиостудиялар, таҳририят-матбаа комплексларининг миқдор ва сифат жиҳатидан ўсиши, фуқаролик жамияти институтлари, реклама агентликлари, ахборот хизматлари, медиа коммуникация, интернет журналистикасининг шаклланиши рақобатбардош, янгича шарт-шароитларда ишлай оладиган журналист кадрларни тайёрлаш заруратини тақозо этмоқда. Айни шу мақсадлардан келиб чиқиб ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, ёш журналистларнинг билим ва малакасини оширишда етакчи таълим масканларидан бири ҳисобланади.
Бугун Янги Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигада амалга оширилаётган кенг кўламли ортга қайтмас ислоҳотлар моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, айниқса давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказининг янги илмий, маданий, таълимий ва технологик ташаббусларини жаҳонга намоён этишда медиа оламининг замонавий технологияларини татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эгадир. Жумладан, Ислом цивилизацияси меросини жаҳон жамоатчилигини жалб этган ҳолда халқаро медиа майдонида тарғиб қилишда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг имкониятларидан ҳам фойдаланиш яхши натижа бериши мумкин.
Шу мақсадда, ушбу тадбирда Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникацилар университети ўртасида ҳамкорлик Келишуви имзоланди. Ҳужжат ёш журналистлар учун қўшма илмий-таълимий дастурни амалга оширишни назарда тутади. У таълимий тадбирлар, тадқиқотлар, маҳорат дарслари ва Ўзбекистон тарихи, маданияти ҳамда илмий меросига бағишланган медиа лойиҳаларни бирлаштиради.
Бугунги замонда журналистлар ватанимиз тарихини билиши долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, Ислом цивилизацияси маркази ва университет ўзаро ҳамкорликда “Гид-журналистикаси” ўқув курсини ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу фан асосий дарслардан ташқари эмас, асосий ўқув дастуридан жой олиши муҳимдир.
Ушбу келишув орқали Миллий, маданият ва санъат тарихи ва саёҳат журналистика таълим йўналишлари талабаларининг малака амалиётларини марказда ўташларини ташкил этиш ҳамда ихтисосликдан келиб чиққан холда сайёр дарсларни махсус ажратилган аудиторияда ташкиллаштириш, университетнинг танлаб олинган иқтидорли талабаларини Марказнинг илмий, маърифий ва ташкилий фаолиятига тизимли равишда жалб этиш; халқаро миқёсда фаолият юрита оладиган, хорижий тилларни мукаммал билувчи ёш мутахассислар салоҳиятини ривожлантириш; таълим, амалиёт ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш назарда тутилган.
Келишув васосида университетнинг иқтидорли, ташаббускор ва масъулиятли талабаларидан иборат 50 нафар доимий фаолият юритувчи махсус талабалар жамоаси танлаб олинади ва ўқув курси шакллантирилади. Танлаб олинган талабалар Ислом цивилизацияси маркази ва университет мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган махсус ўқув дастури асосида ўқитилади. Ўқув жараёнлари Ислом цивилизация маркази биносида, ажратилган махсус аудиторияларда ўтказилади. Махсус дастурда хорижий тилларни (араб, инглиз, француз, немис ва бошқа тиллар) ўрганишга устуворлик берилади. Шу боис номзодлар хорижий тилни билиш даражасига қараб танланади. Танлаб олинган 50 нафар талабага Ислом цивилизация марказининг махсус стипендияси берилиши назарда тутилган бўлиб, бунда талабанинг иқтидори, интизоми ва билимга чанқоқлиги ҳисобга олинади.
Бир сўз билан айтганда, ҳамкорлик талабаларга телевизион, ҳужжатли, нашриёт ва рақамли лойиҳаларни тайёрлашда иштирок этиш, музей коллекциялари ва тарихий манбалар билан ишлаш, шунингдек, миллий ва халқаро медиа ҳамжамиятининг етакчи вакиллари тажрибасини ўзлаштириш имконини беради.
Тадбир доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуxолиқовга Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг фахрий профессори унвони топширилди.
Эслатиб ўтамиз, тадбир 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилаётган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми дастури доирасида бўлиб ўтди.
Форумда қарийб 50 давлатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафар вакили иштирок этмоқда. Форумнинг марказий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳисобланади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.