

Янгиликлар
Тошкентда дунёнинг етакчи ОАВ вакиллари иштирок этадиган Халқаро медиафорум дастури тақдим этилди
Тошкент шаҳрида, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми арафасида маҳаллий ва хорижий журналистлар учун брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда форум Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилиши ҳамда қарийб 50 мамлакатдан 300 нафар медиа ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини бирлаштириши маълум қилинди. Иштирокчилар орасида медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари бор.
Оммавий ахборот воситалари вакилларига форум дастурининг асосий йўналишлари, ялпи сессиялар, халқаро медиалойиҳалар, ҳужжатли фильмлар, ноширлик ташаббуслари ва рақамли ечимлар ҳақида маълумот берилди.
24 август куни қатор профессионал ва таълимий тадбирлар ҳам ташкил этилди. Тошкентдаги олий таълим муассасаларида ҳужжатли кино, телевидение, замонавий медиа ва рақамли технологиялар соҳаси усталари билан ижодий учрашувлар бўлиб ўтди.
Шу куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ёш журналистлар учун медиаплатформа яратиш бўйича қўшма дастурни имзолади. Лойиҳа мамлакатнинг маданий ва тарихий меросини ўрганиш ва оммалаштириш, шунингдек, ёш журналистларни замонавий медиаконтент яратиш жараёнига жалб этишга қаратилган. Шунингдек, Sevimli телеканалига медиатур ташкил этилди.
Кун дастури «Оскар» мукофоти совриндори Бен Кингсли иштирокидаги «Маърифат акс-садоси» фильми тақдимоти билан якунланди. Лойиҳа ислом цивилизацияси мероси, минтақанинг буюк илм-фан ва маданият намояндалари, уларнинг кашфиётлари ҳамда билимлар тараққиётига кўрсатган таъсирига бағишланган.
Медиафорумнинг асосий дастури 25 август куни Ислом цивилизацияси марказида бошланади. Уни мамлакат раҳбарияти вакиллари ва хорижий меҳмонлар иштирокидаги тантанали очилиш маросими бошлаб беради.
Форумнинг дастлабки халқаро спикерларидан бири Euronews бош директори ва таҳририят директори Клаус Штрунц бўлади. У «Янги яқинлик: Европа ва Марказий Осиёни маданият, медиа ва ғоялар орқали бирлаштириш — Ислом цивилизацияси маркази глобал ахборот маконида» мавзусида махсус маъруза тақдим этади.
Форум дастурида CNN International Commercial, Euronews, BBC Studios, TRT World, Oman TV, Oman Observer, Туниснинг TAP ахборот агентлиги, Яманнинг Saba ахборот агентлиги ва бошқа халқаро ОАВ вакилларининг иштироки кўзда тутилган.
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтади. Тадбирнинг марказий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳисобланади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.