

Янгиликлар
CNN, Euronews, BBC, TRT World каби дунёнинг етакчи ОАВлари бир майдонда: Тошкентда глобал медиафорум очилади
Бугун, 25 август куни Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумининг расмий очилиши бўлиб ўтади. Унда қарийб 50 давлатдан 300 нафарга яқин медиа ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этмоқда. Улар орасида йирик халқаро телеканаллар ва ахборот агентликлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, журналистлар, ноширлар, кинематографлар, олимлар, тадқиқотчилар ва рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари бор.
Форумнинг расмий очилиш маросими соат 09:30 да Ислом цивилизацияси марказининг Гранд-конференц-залида бошланади. Иштирокчиларга «Жаҳон жамоатчилигининг Ислом цивилизацияси марказига нигоҳи» махсус фильми намойиш этилади. Тадбирда расмий шахсларнинг қутлов сўзлари билан чиқиш қилиши кутилмоқда.
Очилиш маросимининг марказий чиқишларидан бири Euronews бош ва таҳририй директори Клаус Штрунцнинг «Янги яқинлик: Европа ва Марказий Осиёни маданият, медиа ва ғоялар орқали бирлаштириш — Ислом цивилизацияси маркази глобал ахборот маконида» мавзусидаги махсус маърузаси бўлади.
CNN International Commercial ижрочи вице-президенти Фил Нельсон ҳам форум иштирокчиларига видео мурожаат йўллайди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов эса «Ислом цивилизацияси маркази — янги турдаги маданий-маърифий медиаплатформа» мавзусида махсус маъруза қилади.
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — буюк мероснинг янги таянч нуқтаси» мавзусидаги биринчи ялпи сессияга CNN вакили Паула Хэнкокс ва Ислом цивилизацияси маркази медиа бўлими раҳбари Ўктам Усмонов модераторлик қилади.
Сессия доирасида «Почта маркасидаги мерос: буюк тарихий шахслар ва Ислом цивилизацияси маркази» альбомининг тақдимоти бўлиб ўтади. CNN International Commercial минтақавий вакили Имран Аҳмад «CNN Ўзбекистонни кашф этмоқда: ислом цивилизацияси мероси асосий йўналишга айланганида» мавзусида махсус маъруза қилади.
Алоҳида блок замонавий медиа, кино ва рақамли технологиялар орқали тарихий ва илмий меросни халқаро аудитория учун янада очиқ ва оммабоп қилиш масалаларига бағишланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази директори Қобулжон Аҳмедов янги мультимедиа форматларини тақдим этади. Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов эса Ўзбекистон тарихини катта экранга қайтаришда кинематографиянинг ўрни ҳақида сўз юритади.
Энг кўп кутилган тақдимотлардан бири «Дунёни ўзгартирганлар: ислом цивилизациясининг буюк шахслари катта экранда» лойиҳаси бўлади. 1001 Inventions халқаро лойиҳаси асосчиси Аҳмед Салим ва режиссёр Шоҳруҳ Расулов «Маърифат акс-садоси» лойиҳаси ҳамда «Оскар» мукофоти совриндори Бен Кингсли иштирокидаги фильмдан махсус парчани тақдим этади.
BBC Studios’нинг Евроосиёдаги тижорат ваколатхонаси раҳбари Сергей Становкин ислом цивилизациясини глобал медиа маконида позициялаш мавзусида маъруза қилади.
Сессия «Мерос садолари: ислом цивилизацияси жаҳон медиа маконида қандай янграмоқда?» мавзусидаги очиқ халқаро мунозара билан давом этади. Унда Мали, Озарбайжон, Миср, Нигер, Туркия, Яман ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этади.
Форум иши «Буюк тарихий шахслар: ислом меросини оммалаштиришнинг янги медиаформатлари» мавзусидаги ялпи сессия билан давом этади. Унга «Менинг юртим» телеканали лойиҳалар координатори Бахтиёр Тўрахонов ва Сергей Становкин модераторлик қилади.
Иштирокчиларга Ўзбекистон тарихи ва маданий меросига бағишланган қатор ҳужжатли лойиҳалар, жумладан, «Мовароуннаҳр цивилизацияси», «Ислом цивилизацияси маркази. Янги коинот», «Имом Бухорий» фильмлари ва бошқа лойиҳалар тақдим этилади. Дастурдан Италиянинг VIKO телекомпанияси ва TRT Avaz вакилларининг видео чиқишлари ҳам ўрин олган.
Янги рақамли форматларга алоҳида эътибор қаратилади. NeoVex вакиллари «Рақамли аватар: ислом цивилизацияси қаҳрамонлари янги авлод билан мулоқотда» ва «Ўзбекистон 360°: жонли мерос платформаси» лойиҳаларини тақдим этади.
Фирдавс Абдухолиқов ва Туркиянинг Mega Basim нашриёти бошқаруви раиси Ҳасанбей Конду «Ўзбекистон тарихидаги буюк шахслар Шарқ миниатюраларида» китоб-альбомини тақдим этади.
«Россия» Миллий маркази бош директорининг ўринбосари Анастасия Звягина Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритади. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа эса ёшлар аудиторияси учун тарихни замонавий визуал шаклларда тақдим этиш усулларига бағишланган лойиҳани таништиради.
Италиялик тадқиқотчи ва Леонардо да Винчи мероси бўйича мутахассис Марио Таддеи Шарқ ва Ғарб ўртасидаги интеллектуал алоқалар ҳамда ислом илмий тафаккурининг Европа Уйғониш даврига таъсирига бағишланган китоб лойиҳасини тақдим этади. Kulturalis нашриёти президенти Шарлотта Крамер эса испаниялик сайёҳ Руи Гонсалес де Клавихо нигоҳи орқали Амир Темур даври Самарқанди ҳақида сўзлаб беради.
Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, SMI-ASIA нашриёти, TRT World ва «Қазақстан» телеканали лойиҳалари ҳам тақдим этилади. Улар ҳужжатли кино, рақамли контент ҳамда Марказий Осиё маданий меросига бағишланган қўшма халқаро лойиҳалардаги янги ёндашувларга бағишланган.
Ишбилармонлик дастури «Ислом цивилизациясининг буюк шахслари янги талқинда: XXI аср аудиториясини қандай қизиқтириш мумкин?» мавзусидаги халқаро мунозара билан якунланади. Унда Қувайт, Озарбайжон, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ОАВлари раҳбарлари ва муҳаррирлари иштирок этади.
Кечқурун Ислом цивилизацияси марказида тантанали қабул маросими ва махсус маданий дастур бўлиб ўтади. Биринчи куннинг кульминацияси Ислом цивилизацияси маркази фасадида намойиш этиладиган кенг кўламли мультимедиали мэппинг-шоу бўлади. Шунингдек, иштирокчиларга Марказнинг иммерсив лойиҳаларига бағишланган тақдимот ролиги намойиш этилади. Дастурнинг мультимедиа қисми устида «Сила света» компаниясининг ижодий гуруҳи ишламоқда.
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми 28 августга қадар давом этади. Тошкентдаги дастурдан сўнг иштирокчилар Самарқандга йўл олади. У ерда форум дастури Ўзбекистоннинг тарихий-маданий ва маънавий мерос объектларига бағишланади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.