Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Шерзод Асадов: «Журналистика халқлар ўртасида девор эмас, кўприк бўлиши керак»

Тошкентда «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорум ўз ишини бошлади. Тадбирнинг очилиш қисмида Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов сўзга чиқиб, бугунги журналистика олдида турган энг муҳим вазифалар, ахборот маконидаги ўзгаришлар, сунъий интеллект имкониятлари ва Ўзбекистоннинг бой тарихий меросини дунёга етказиш масалалари ҳақида мазмунли фикрлар билдирди.

Шерзод Асадов, аввало, халқаро медиафорум иштирокчиларини Тошкентда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида кўриб турганидан мамнунлигини билдирди.

Унинг таъкидлашича, мустақил давлат учун сиёсий ва иқтисодий суверенитет билан бир қаторда, ўз тарихи ҳақидаги ҳақиқатни ўзи айта олиши, ўз овозини дунёга эшиттира билиши ҳам муҳим.

— Мустақиллик бизга ўз тақдиримизни белгилаш ва унинг мазмун-моҳиятини жаҳонга етказиш ҳуқуқини берди. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс, — деди Шерзод Асадов.

Ахборот тезлиги ва журналист масъулияти

Бугун ахборот чегара билмайди. Бир воқеа ҳақидаги хабар саноқли сонияларда миллионлаб инсонларга етиб боради. Аммо ахборот оқими билан бирга ёлғон хабарлар, манипуляциялар, дипфейклар ва ахборот хуружлари ҳам кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Шу боис журналистика олдидаги энг муҳим вазифа — тезкорлик билан бирга ҳаққонийлик ва масъулиятни сақлаш.

Технологиялар қанчалик ўзгармасин, журналистиканинг асосий мезонлари — ҳақиқат, холислик, виждон ва инсон манфаатлари бўлиб қолади, — деди Президент матбуот котиби.

Унинг қайд этишича, сўз эркинлиги сиёсий конъюнктурага бўйсундириладиган воситага айланса, журналистиканинг энг муҳим мезонлари — холислик ва ишончлиликка путур етади. Шунинг учун фактларга таяниш, воқеаларни холис акс эттириш ва жамиятни очиқроқ қилиш бугунги журналистиканинг асосий вазифаларидан биридир.

«Сунъий интеллект журналистнинг ўрнини эгаллай олмайди»

Нутқда замонавий журналистикага сунъий интеллектнинг кириб келиши ҳам алоҳида тилга олинди.

Шерзод Асадовнинг фикрича, сунъий интеллект журналистнинг ўрнини эгалламайди, балки унинг имкониятларини кенгайтиради.

Замонавий журналист энди фақат матн муаллифи эмас. У сторителлинг, инфографика, визуализация, видео, монтаж ва рақамли контент билан ишлай оладиган универсал медиа мутахассис бўлиши керак.

Бироқ технологиялар ривожи журналистиканинг инсон омилининг аҳамиятини камайтирмайди. Аксинча, янги технологиялар шароитида ҳақиқатни англаш, манбани текшириш, холис хулоса чиқариш ва жамият манфаатини ҳимоя қилиш журналистнинг асосий масъулияти бўлиб қолади.

Миллий медиа — давлат ва жамият ўртасидаги кўприк

Президент матбуот котиби журналистнинг жамиятдаги ўрнига тўхталиб, уни фақат ахборот етказувчи эмас, балки халқнинг дарду ташвишини эшитадиган, муаммоларини кўтарадиган ва жамоатчилик овозини давлат идораларига етказадиган муҳим бўғин сифатида баҳолади.

— Миллий медиа давлат ва жамият ўртасидаги кўприкка айланиб, мамлакатимизнинг тараққиётига, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва келажак ютуқларимизни дунёга олиб чиқишга хизмат қиладиган муҳим кучдир, — деди у.

Ўзбекистонда медиа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ОАВ сони ҳам ортиб бораётгани қайд этилди. 2022 йилда мамлакатда 2004 та ОАВ фаолият кўрсатган бўлса, 2024 йилга келиб уларнинг сони 2277 тага етган. Нодавлат ОАВ бугун республикадаги умумий ахборот воситаларининг 70 фоизини ташкил этмоқда.

«Ислом цивилизацияси — аввало илм-маърифат цивилизациясидир»

Форумнинг айнан Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётгани алоҳида рамзий маънога эга экани таъкидланди.

Президент матбуот котиби ушбу маскан Ўзбекистоннинг кўп минг йиллик илмий ва маънавий меросини дунёга танитишда муҳим ўрин тутишини қайд этди.

— Ислом цивилизацияси — бу аввало илм-маърифат, тафаккур ва тараққиёт цивилизациясидир, — деди Шерзод Асадов.

Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Мирзо Улуғбек каби буюк алломалар мероси нафақат Ўзбекистон, балки бутун инсониятнинг бебаҳо бойлиги экани таъкидланди.

Айниқса, Хоразмий мероси мисолида тарихий илм-фан ютуқларининг бугунги технологиялар билан узвий боғлиқлигига эътибор қаратилди. Аллома номи билан боғлиқ «алгоритм» тушунчаси бу буюк илмий мерос асрлар ўтиб ҳам замонавий рақамли дунёда яшаб келаётганининг ёрқин намунасидир.

Шунинг учун тарихий меросни фақат музей ва китобларда сақлашнинг ўзи етарли эмас. Уни замонавий рақамли форматларда, ёш авлодга тушунарли тилда ва жаҳон ҳамжамиятига холис етказиш зарур.

«Ўзбекистон ҳақида ўз кўзингиз билан кўринг»

Шерзод Асадов халқаро форум иштирокчиларига мурожаат қилиб, Ўзбекистонни тайёр қолиплар орқали эмас, балки мамлакатга ташриф буюриб, одамлар билан мулоқот қилиб, саволлар бериб ва мустақил хулоса чиқариш орқали ўрганишга чақирди.

— Биз сизларни Ўзбекистон ҳақида шунчаки яхши гапиришга эмас, уни ўз кўзингиз билан кўришга, одамлар билан мулоқот қилишга, савол беришга ва мустақил хулоса чиқаришга даъват этамиз. Очиқлик биз учун вақтинчалик ёндашув эмас, стратегик танловдир, — деди у.

Шу маънода, журналистика нафақат мамлакат ҳақида ахборот тарқатади, балки халқлар ўртасида ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлайди.

— Журналистиканинг вазифаси — мураккаб масалаларни сиёсийлаштириш эмас, балки уларни холис ёритишдир, — деди Шерзод Асадов.

У халқаро медиафорумни бир марталик тадбир эмас, балки тажриба ва қарашлар алмашиладиган, тарихий меросни замонавий талқинда дунёга етказишнинг янги имкониятларини яратадиган узоқ муддатли профессионал мулоқот майдони сифатида кўришини билдирди.

Форум иштирокчиларини бирлаштирган асосий ғоя эса яққол: тарихни билиш, уни холис талқин қилиш ва замонавий воситалар орқали келажак авлодга етказиш.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1436626.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1178129.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
954627.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.