

Янгиликлар
Ислом цивилизацияси маркази жаҳон медиасига буюк мероснинг янги таянч нуқтаси сифатида тақдим этилди
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумининг биринчи ялпи сессияси 25 август куни «Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — буюк мероснинг янги таянч нуқтаси» мавзусида бўлиб ўтмоқда. Унинг дастуридан CNN, BBC Studios, 1001 Inventions халқаро лойиҳаси, Ўзбекистон давлат ва медиа тузилмалари вакилларининг чиқишлари, шунингдек, очиқ халқаро мунозара ўрин олган.
Сессия Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовнинг «Ислом цивилизацияси маркази — янги турдаги маданий-маърифий медиаплатформа» мавзусидаги махсус маърузаси билан очилди. Иштирокчиларга Марказ ҳақидаги тақдимот ролиги ҳам намойиш этилди.
Сессия модераторларидан бири CNN вакили Паула Хэнкокс бўлди. Сессия доирасида CNN International Commercial ижрочи вице-президенти Фил Нельсоннинг махсус видео қутлови намойиш этилди. Компаниянинг минтақавий вакили Имран Аҳмад эса «CNN Ўзбекистонни кашф этмоқда: ислом цивилизацияси мероси асосий йўналишга айланганида» мавзусида маъруза қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази директори ўринбосари Жаҳонгир Абдураҳмонов «Маданий мероснинг янги тили: тарих, илм-фан ва туризмнинг мультимедиа форматлари» мавзусида чиқиш қилди.
1001 Inventions лойиҳаси асосчиси Аҳмед Салим ва режиссёр Шоҳруҳ Расулов «Дунёни ўзгартирганлар: ислом цивилизациясининг буюк шахслари катта экранда» лойиҳасини тақдим этди. Шу блок доирасида «Маърифат акс-садоси» тақдимоти ҳам ўтказилиб, «Оскар» мукофоти совриндори Бен Кингсли иштирокидаги фильмдан махсус парча намойиш этилди.
BBC Studios’нинг Евроосиёдаги тижорат ваколатхонаси раҳбари Сергей Становкин «Мерос чегараларидан ташқарида: ислом цивилизациясини глобал медиа маконида позициялаш» мавзусида маъруза қилди. Шундан сўнг «Мерос садолари: ислом цивилизацияси жаҳон медиа маконида қандай янграмоқда?» мавзусида очиқ халқаро мунозара бўлиб ўтди.
Муҳокамада Мали, Озарбайжон, Миср, Нигер, Туркия, Яман, Тунис ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳамда профессионал уюшмалари вакиллари иштирок этишди. Улар орасида AMAP, Saba ва TAP ахборот агентликлари, Anadolu Ajansı, Yeni Müsavat / Musavat медиагуруҳи ҳамда Афро-Осиё медиа иттифоқи раҳбарлари ва вакиллари бор.
Форумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Унда қарийб 50 давлатдан 300 нафар медиа ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустриялар мутахассислари иштирок этмоқда.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.