Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ибн Синодан Улуғбеккача: Тошкентда ислом цивилизацияси меросига бағишланган маркалар тақдим этилди

Тошкентда «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорум доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилишига бағишланган махсус почта маркалари тақдимоти ва уларни хотира штемпели билан сўндириш маросими бўлиб ўтди.

Маросимни «Ўзбекистон почтаси» вакили Санжар Низомов олиб борди.

Мазкур почта маркалари Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2024 йил 17 мартдаги 49-сонли буйруғи асосида 19 март куни муомалага киритилган. Туркум 23 та почта маркасидан иборат кичик варақ шаклида чоп этилган. Маркалар туркуми билан бирга махсус совға альбоми, сувенир альбом, почта конверти ва хотира штемпели ҳам тайёрланган.

Почта маркаларида Ўзбекистон цивилизацияси ва жаҳон илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз — Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад ал-Фарғоний, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа тарихий сиймолар образлари акс эттирилган.

Шунингдек, маркаларда VII–XVI асрларга оид ноёб артефактлар, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига мансуб маданий мерос намуналари ўз ифодасини топган. Кичик варақларда эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг логотипи жойлаштирилган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов, «Euronews» бош директори ва таҳририят директори Клаус Штрунс, Müller & Schindler нашриёти президенти Крамер Шарлотта, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, «CNN International» минтақавий директори Имрон Аҳмад, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, «Karak Project» лойиҳа ташкилоти раҳбари ва бош меъмори Абдуқаҳҳор Турдиев иштирок этди.

Маросимнинг энг муҳим қисмида махсус почта маркалари иштирокчилар томонидан хотира штемпели билан сўндирилди. Ушбу анъанавий маросим почта маркасининг муомалага киритилганини рамзий тарзда муҳрлаш билан бирга, тарихий воқеанинг хотирасини сақлашга хизмат қилади.

Таъкидланганидек, почта маркалари оддий почта воситаси бўлибгина қолмай, мамлакатнинг тарихи, маданияти, илмий мероси ва миллий қадриятларини дунёга танитишда ўзига хос дипломатик восита вазифасини ҳам бажаради. Шу маънода, Ислом цивилизацияси марказига бағишланган ушбу маркалар Ўзбекистоннинг кўп асрлик илмий-маънавий меросини халқаро жамоатчиликка етказишнинг яна бир ўзига хос шаклидир.

Махсус почта маркаларида буюк алломалар ва тарихий артефактларнинг акс эттирилиши эса бир марка орқали бутун бир цивилизация тарихини ҳикоя қилиш имконини беради. Уларнинг ҳар бири Ўзбекистон заминида шаклланган илм-фан, маданият ва тафаккур мактабининг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрнини ёдга солади.

Тадбир якунида иштирокчиларга почта маркалари туркуми, биринчи кунги дастхат ва махсус безаклар жойлаштирилган совға альбомлари тақдим этилди. Меҳмонлар билан тарихий маросим хотираси учун умумий суратга тушилди.

Шу тариқа, халқаро медиафорум доирасида ўтказилган мазкур маросим Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини нафақат музей ва илмий тадқиқотлар, балки почта санъати орқали ҳам жаҳонга намойиш этишга қаратилган муҳим ташаббус сифатида тарихда қолади.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1436926.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1178329.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
954827.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.