Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Тошкентда Халқаро медиафорум ҳал қилувчи босқичга кирди

26 август куни Тошкент шаҳрида «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумининг иккинчи куни бўлиб ўтади. Форум дунёнинг 50 га яқин мамлакатидан 300 га яқин журналист, ОАВ раҳбарлари, экспертлар ва креатив индустрия вакилларини бирлаштирди. Асосий тадбирлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказиляпти, пойтахт олий таълим муассасаларида эса хорижий медиа мутахассисларининг маҳорат дарслари параллел равишда ташкил этилмоқда.

Бугун Марказда «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти» мавзусидаги учинчи ялпи сессия бўлиб ўтади. Унинг дастури Қуръон мероси, қадимий қўлёзмалар, хаттотлик, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларига бағишланади.


Иштирокчиларга «114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси», «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар», «Масжид» ҳужжатли фильми, «Аллоҳнинг 99 исми» ноширлик лойиҳаси ҳамда «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» технологик лойиҳаси тақдим этилади. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни бартараф этишдаги ўрнига бағишланган халқаро мунозара ўтказилади ҳамда ноёб «Дунё Қуръони»ни яратиш бўйича хаттотлар ўртасидаги Жаҳон танлови эълон қилинади.


«Тарихий меросдан Янги Ренессанс сари: ислом цивилизацияси ғояларини илгари суришда Ўзбекистоннинг ўрни» мавзусидаги тўртинчи ялпи сессия Янги Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари, маърифий ва ноширлик лойиҳаларига бағишланади. Хусусан, «Янги Ўзбекистон» ва «Янги Ўзбекистон дунё нигоҳида: ўзгаришлар даври» лойиҳалари, шунингдек, «Шавкат Мирзиёев — маърифатпарвар йўлбошчи» китоби тақдим этилади. Сессия замонавий жамиятни маърифий ташаббусларга жалб этиш масалаларига бағишланган халқаро мунозара билан якунланади.


Шу билан бир вақтда Тошкентдаги олий таълим муассасаларида CNN, BBC Studios, TRT World, Report.az, Mueller & Schindler, «1001 Inventions» лойиҳаси, «Россия» Миллий маркази ва бошқа халқаро медиа тузилмалар вакиллари иштирокида учрашув ва маҳорат дарслари бўлиб ўтади. Уларда рақамли журналистика, сунъий интеллект, телевизион продакшн, ноширлик фаолияти, глобал аудитория билан ишлаш ҳамда тарихий-маданий меросни оммалаштиришнинг замонавий форматлари муҳокама қилинади.
Куннинг марказий воқеаларидан бири Ислом цивилизацияси марказида форум асосий ишбилармонлик дастурининг тантанали ёпилиш маросими бўлади. Унда расмий шахслар, ташкилий қўмита ҳамда халқаро медиа ҳамжамияти вакиллари сўзга чиқади, ўтказилган ялпи мажлислар ва муҳокамалар якунлари сарҳисоб қилинади.

Маросим доирасида Халқаро медиафорумнинг якуний ҳужжатлари, жумладан, форум Декларацияси ҳамда иштирокчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаатини қабул қилиш режалаштирилган.

Декларацияда иштирокчилар Халқаро медиаальянс ташкил этиш, «Цивилизациялар овози» халқаро медиатанловини ҳар йили ўтказиш, журналистлар учун таълим дастурлари ва профессионал алмашинувларни ривожлантириш, қўшма медиалойиҳалар кўламини кенгайтириш ҳамда жаҳон оммавий ахборот воситаларининг Ислом цивилизацияси маркази билан доимий ҳамкорлигини йўлга қўйишни таклиф этади.

Ҳужжатда, шунингдек, форум доирасида ҳамкорлик тўғрисида 20 га яқин меморандум имзолангани қайд этилади ва Тошкент халқаро медиафорумини халқаро медиа мулоқотининг мунтазам ўтказиб бориладиган доимий майдонига айлантириш таклиф қилинади.

Якуний ҳужжатлар қабул қилингач, медиафорум асосий ишбилармонлик қисмининг расман якунлангани эълон қилинади ва якуний нутқлар тингланади.

27 август куни форум дастури Самарқанд шаҳрида давом этади. Иштирокчилар Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Ҳадис илми мактаби, Имом ал-Бухорий номидаги инновацион музей ҳамда шаҳарнинг тарихий-маданий мерос объектларига ташриф буюради.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1437726.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1179129.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
955527.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.