

Янгиликлар
Avesta.tj :“Ислом цивилизацияси маркази буюк мероснинг янги таянч маскани сифатида эътироф этилди”
Тошкентда ўтаётган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумнинг иккинчи қисмида Ислом цивилизацияси марказининг Ўзбекистон тарихи ва маданий меросини жаҳон аудиториясига етказишдаги аҳамияти муҳокама қилинди. Avesta.tj хабар беришича, 46 дан ортиқ мамлакатдан келган медиа вакиллари тарихий меросни замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб қилиш, халқаро маданий ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратган.
Форумда Марказ тарих, илм-фан ва маърифатни бирлаштирувчи муҳим макон сифатида баҳоланиб, унинг Euronews, CNN, BBC, TRT каби халқаро медиа ташкилотлари билан ҳамкорлиги доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар алоҳида қайд этилди. Иштирокчилар бундай ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бой цивилизацион меросини халқаро аудиторияга янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидладилар.
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумнинг иккинчи қисми Тошкентда «Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — буюк мероснинг янги таянч маскани» мавзусида ўтказилмоқда. Унда дунёнинг 46 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган нуфузли оммавий ахборот воситалари, телеканаллар, ахборот агентликлари раҳбарлари ва вакиллари, журналистлар, продюсерлар, медиа ва маданият соҳаси экспертлари иштирок этмоқда.
Форум иштирокчилари таъкидлаганидек, тарихни замонавий ўрганиш нафақат факт ва артефактларни сақлашни, балки уларни янги нуқтаи назардан англашни ҳам талаб этади. Бунда тарихий ва маданий мерос ҳақидаги билимларни тарқатиш, халқлар ва цивилизациялар ўртасида халқаро мулоқотни шакллантиришда замонавий медианинг ролига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўзга чиққанлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини тарих ва келажакни, миллий хотира, илм-фан ва маърифатни бирлаштирувчи макон сифатида тақдим этдилар. Таъкидланганидек, Марказ фаолияти Ўзбекистоннинг инсоният цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини жаҳон ҳамжамиятига намоён этишга қаратилган.
Иштирокчилар тарихий меросни янги авлодлар учун янада оммабоп қилиш зарурлигига ҳам алоҳида урғу бердилар. Уларнинг фикрича, тарих фақат музей экспонати сифатида қолиб кетмаслиги, маданий мерос эса замонавий ижтимоий ва интеллектуал мулоқотнинг ажралмас қисмига айланиши керак.
Форумнинг асосий мавзуларидан бири жаҳолат, стереотиплар ва ислом дини ҳақидаги нотўғри тасаввурларга қарши маърифатнинг роли бўлди. Иштирокчилар Ислом цивилизацияси тарихи ва унинг математика, астрономия, тиббиёт, фалсафа, адабиёт, меъморлик ва таълим ривожига қўшган ҳиссасини объектив ҳамда илмий асосда ёритиш зарурлигини таъкидладилар.
Шу муносабат билан медиа вакиллари Ислом цивилизацияси ҳақидаги билимларни кенг тарғиб қилиш мақсадида телеканаллар, ахборот агентликлари, радиостанциялар, интернет нашрлари, журналистлар, блогерлар ва контент яратувчиларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақирдилар.
Форумда қайд этилганидек, замонавий медианинг вазифаси нафақат ахборот етказиш, балки халқаро маданий ва илмий ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишдан ҳам иборат. Бундай ҳамкорликнинг амалий натижалари сифатида янги ҳужжатли фильмлар, телевизион дастурлар, халқаро ахборот агентликларининг махсус лойиҳаларини яратиш, шунингдек, музейлар, олимлар ва журналистлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш қайд этилди.
Сўзга чиққанлар Ислом цивилизацияси марказининг халқаро медиа компаниялар ва ташкилотлар билан ҳамкорлигига ҳам тўхталдилар. Хусусан, Euronews телеканали билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги ислоҳотлар, маънавий-маърифий ўзгаришлар ва Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган 100 дан ортиқ турли медиа материаллар тайёрланиб, халқаро аудиторияга тақдим этилгани таъкидланди.
Шунингдек, CNN билан Ўзбекистоннинг тарихий мероси, мамлакатнинг замонавий тараққиёти ва Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган қатор махсус лойиҳалар амалга оширилаётгани маълум қилинди.
Британиялик кинопродюсер Салим Аҳмад билан ҳамкорлик алоҳида қайд этилди. Ушбу ҳамкорлик доирасида Голливуд актёри Бен Кингсли иштирокида Ўзбекистон тарихи ва буюк аждодлар меросига бағишланган фильмлар туркуми яратилган.
Форумда BBC Studios вакили Сергей Становкинга ҳам миннатдорлик билдирилди. Унинг BBC билан ҳамкорликда тайёрланган фильмлар, репортажлар ва бошқа видеоматериалларни яратишдаги ҳиссаси юқори баҳоланди.
Иштирокчилар Россиянинг «Мастерская» телеканали билан ҳамкорликни ҳам эътироф этдилар. Ушбу ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон тарихи, мамлакатнинг маданий мероси ва буюк тарихий шахсларига бағишланган ҳужжатли фильмлар тайёрланган.
Сўзга чиққанлар TRT билан ҳамкорликка алоҳида тўхталдилар. 2025 ва 2026 йилларда Рамазон ойлари давомида Ўзбекистондаги ислоҳотлар, мамлакатнинг маданий мероси, буюк аждодларнинг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган қарийб 100 та мавзули дастур ҳамкорликда тайёрланиб, эфирга узатилган.
Халқаро ташкилотлар ва хорижий нашриётлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган нашриёт лойиҳаларига ҳам катта эътибор қаратилди. Хусусан, Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро конференция ҳамда биринчи Ислом цивилизацияси форуми доирасида турли китоб ва альбомлар тақдим этилган.
Улар орасида IRCICA раҳбари Маҳмуд Эрол Қиличнинг «Шавкат Мирзиёев – маърифатпарвар йўлбошчи» китоби, ISESCO билан ҳамкорликда «Уммат» туркуми доирасида тайёрланган «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» нашри, шунингдек, британиялик публицист ва ёзувчи Калум Маклауднинг Belgrave нашриёти билан ҳамкорликда чоп этилган «Самарқандга йўл» китоби бор.
Бундан ташқари, Австриянинг Mueller & Schindler нашриёти билан ҳамкорликда факсимиле нашрлар тайёрланиб, чоп этилди.
Туркиянинг Mega Basım нашриёт уйи билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган қарийб 80 та китоб-альбом нашр этилди. Шунингдек, мамлакат тарихидаги буюк шахсларга бағишланган кенг қамровли совға нашри ҳам тайёрланди.
Форумда Ўзбекистоннинг давлат муассасалари ва ташкилотлари вакиллари, шунингдек, медиа соҳаси билан боғлиқ профессионал ҳамжамиятлар иштирок этмоқда.
Иштирокчиларнинг таъкидлашича, оммавий ахборот воситалари, илмий ва маданий ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш Ўзбекистон тарихи, маданияти ва маънавий меросини жаҳон ҳамжамиятига кенгроқ намоён этиш имконини беради.
Форум доирасида иштирокчилар Ислом цивилизацияси марказининг экспозициялари, унинг илмий ва маърифий лойиҳалари билан танишиш, шунингдек, Самарқанднинг тарихий мероси, Имом Бухорий мероси ва Ўзбекистоннинг маданий муҳитини яқиндан ўрганиш имконига эга бўладилар.
Форумнинг мақсадларидан бири тарихий материалларни намойиш этиш билангина чекланиб қолмасдан, Ўзбекистон меросини янада чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга хизмат қиладиган янги ғоялар, мавзулар ва халқаро лойиҳаларни шакллантиришдан иборат экани қайд этилди.
Бу ёндашув тарихий меросни келгуси тараққиёт учун билим ва илҳом манбаи сифатида англашни назарда тутувчи Учинчи Ренессанс ғояси билан узвий боғлиқ экани таъкидланди.
Форум иштирокчилари халқаро ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсатининг аҳамиятини ҳам алоҳида қайд этдилар. Хорижий ОАВ вакиллари Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ўртасида янги маърифий ва маданий алоқаларни йўлга қўйишдаги ҳамкорлар сифатида баҳоланди.
Сўзга чиққанлар якунида тинчлик, адолат, маърифат ва бағрикенглик ғояларини илгари суришда иштирок этаётган журналистлар, маданият намояндалари, медиа ва халқаро ташкилотлар вакилларига миннатдорлик билдирилди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.