

Янгиликлар
Клаус Штрунц: Тошкент медиафоруми доимий глобал мулоқот майдонига айланиши мумкин
Клаус Штрунц, Euronews бош ижрочи директори ва таҳририят директори
Ушбу халқаро медиафорумда иштирок этиш мен учун катта шараф. Қисқа вақт ичидаёқ жуда кўп янги таассуротлар ва билимларга эга бўлдим. Менимча, бундай форумнинг энг муҳим жиҳати — турли мамлакатлардан келган журналистлар, медиа вакиллари ва экспертларни бир майдонда бирлаштириб, тарих, маданият ва замонавий тараққиёт ҳақида очиқ мулоқот учун имконият яратаётганидир.
Бу форумни мунтазам давом эттириш, уни йилдан-йилга янги мавзулар ва янги иштирокчилар билан бойитиш катта аҳамиятга эга. Шу тариқа, Ислом цивилизациясининг бой тарихи, унинг бугунги аҳамияти ва келажакдаги ўрни халқаро аудиторияга янада кенг ва замонавий шаклда етказилиши мумкин.
Албатта, бу жараёнда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ўрни алоҳида. Бундай марказни барпо этишнинг ўзи катта ғоя ва кенг кўламли қарашни талаб қилади. Аммо ғоянинг ўзи етарли эмас — уни амалга ошириш муҳим. Президент, унинг жамоаси ва ушбу лойиҳада иштирок этган барча мутахассислар жуда қисқа вақт ичида шундай йирик ва аҳамиятли марказни барпо этгани менда катта таассурот қолдирди. Бугун бу марказ нафақат ўзига хос меъморий иншоот, балки Ўзбекистоннинг бой илмий, маданий ва цивилизацион меросини намоён этадиган муҳим маърифий макондир. У ўтмишни ўрганиш билан бирга, тарихий меросни бугунги тараққиёт ва келажак ҳақидаги қарашлар билан боғлаш имконини ҳам беради.
Менимча, халқаро медиа учун энг катта имкониятлардан бири ҳам айнан шу боғлиқликни — Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, унинг бугунги ривожланиши ва келажакка интилишини дунё аудиториясига кўрсатишдир. Буюк Ипак йўли, тарихий шаҳарлар ва уларнинг асрлар давомидаги тараққиётидан тортиб, бугунги янгиланиш жараёнларигача бўлган тарих халқаро аудитория учун катта қизиқиш уйғотиши мумкин.
Мен буни ўтмишни қалбда сақлаган ҳолда келажакни барпо этиш деб таърифлаган бўлардим. Айнан шу ёндашув Ўзбекистонга бўлган халқаро қизиқишни янада ошириши мумкин. Одамларни нафақат мамлакатнинг бой тарихи, балки бугунги энергияси, ёш авлоднинг интилиши ва янги ғояларни амалга оширишга бўлган ёндашуви ҳам ўзига жалб этади.
Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли жуда муҳим. Журналистиканинг вазифаси аудиторияга нима деб ўйлаш кераклигини айтиш эмас, балки воқеликни холис кўрсатиш, муҳим ахборотни етказиш ва инсонларга ўз фикрини мустақил шакллантириш имконини беришдир.
Журналистика нафақат содир бўлаётган воқеаларни ёритади, балки турли фикр ва қарашлар алмашинуви учун платформа ҳам яратади. Ана шундай очиқ мулоқот янги ғояларни шакллантиришга, ўзаро англашувни кучайтиришга ва жамиятни янада муваффақиятли келажак сари олиб боришга хизмат қилади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.