Халқаро медиафорум иштирокчилари Ўзбекистон Президентига мурожаат йўллади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Маросим давомида деярли 50 мамлакатдан келган форум иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллади.
Маросимда халқаро медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакилини бирлаштирган форум якунлари сарҳисоб қилинди. Ислом цивилизацияси марказида тарихий-маданий мерос, замонавий медиаформатлар, ҳужжатли кино, ноширлик ва рақамли лойиҳалар, шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларига бағишланган ялпи сессиялар, халқаро мунозаралар ва тақдимотлар бўлиб ўтди.
Шу билан бир вақтда Тошкентдаги олий таълим муассасаларида CNN, BBC Studios, TRT World, халқаро ахборот агентликлари, нашриёт уйлари, кинематографчилар ва медиаэкспертлар иштирокида маҳорат дарслари ва ижодий учрашувлар ташкил этилди. Форум доирасида янги қўшма лойиҳалар тақдим этилди, ҳамкорлик тўғрисида битимлар, меморандумлар ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Маросим давомида форумнинг якуний ҳужжатлари, шунингдек, Халқаро медиафорум иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаати қабул қилинди. Мурожаат матни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот котиби Ўктам Усмонов томонидан ўқиб эшиттирилди





