Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Халқаро медиафорум иштирокчилари Самарқандда Имом Бухорий мероси ва Ҳадис илми мактаби билан танишди

27 август куни дунёнинг қарийб 50 мамлакатидан келган журналистлар, йирик медиа компаниялар раҳбарлари, продюсерлар, олимлар ва экспертлар  учун «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми дастури доирасида Самарқандда махсус маърифий-маданий дастур ташкил этилди.

Ташрифнинг дастлабки манзили Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кенг кўламда реконструкция қилинган бетарокрор манзил – буюк муҳаддис, ислом оламининг энг нуфузли алломаларидан бири Имом Бухорий мажмуа бўлди.

Мажмуа бугун Имом Бухорийнинг илмий ва маънавий меросини ўрганиш, асраш ва халқаро миқёсда тарғиб этишга хизмат қилаётган муҳим зиёрат ва маърифат марказларидан бирига айланган.

Медиафорум иштирокчиларига мажмуада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, унинг меъморий ечимлари, зиёратчилар ва тадқиқотчилар учун яратилган шароитлар, шунингдек, мазкур масканнинг илмий-маърифий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Имом Бухорий Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан ва бутун ислом цивилизацияси тарихида чуқур из қолдирган буюк муҳаддис сифатида эътироф этилади. Унинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» асари асрлар давомида ҳадис илмининг энг ишончли ва мўътабар манбаларидан бири сифатида қадрланиб келмоқда.

Шу маънода, аллома мангу қўним топган ушбу маскан нафақат зиёратгоҳ, балки тарихий хотира, илмий мерос ва маърифатни бирлаштирган йирик маънавий марказ сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Самарқанд дастури доирасида халқаро медиафорум иштирокчилари Ҳадис илми мактаби фаолияти билан ҳам танишди. Меҳмонларга таълим муассасасининг асосий вазифалари, илмий-тадқиқот йўналишлари, ўқув жараёни ҳамда ҳадисшунослик бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар тақдим этилди.

Ҳадис илми мактаби буюк муҳаддис аждодлар қолдирган бой илмий меросни чуқур тадқиқ этиш, ҳадис илми анъаналарини давом эттириш ва соҳани замонавий илмий ёндашувлар асосида ривожлантиришга қаратилган.

Бу ерда талабалар ҳадис ва ҳадисшунослик билан бир қаторда Қуръони карим, тафсир, фиқҳ, ақида, ислом тарихи ҳамда хорижий тиллар бўйича ҳам чуқур билим олади. Бу эса классик исломий илмларни замонавий таълим ва тадқиқот усуллари билан уйғунлаштириш имконини бермоқда.

Ташриф давомида хорижий журналистлар ва медиа мутахассислари Самарқанд заминида асрлар давомида шаклланган илмий мактаблар тарихи, Имом Бухорий меросининг жаҳон ислом тафаккуридаги ўрни ҳамда уни янги авлодга етказиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот олди.

Халқаро медиафорум иштирокчиларининг Самарқандга сафари Ўзбекистоннинг бой тарихий, илмий ва маънавий меросини жаҳон медиа ҳамжамиятига бевосита тарихий маконларда намоён этиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, ташриф буюк алломалар мероси, илмий анъаналар ва ислом цивилизациясининг умумбашарий қадриятларини замонавий медиа воситалари орқали кенг халқаро аудиторияга етказиш учун янги имкониятлар очмоқда.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1439126.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1180629.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
957127.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.