

Янгиликлар
Ислом цивилизацияси марказида диний-маърифий соҳанинг 200 нафардан ортиқ вакилига «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони топширилди
27 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида диний-маърифий соҳанинг кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, юртимизда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида маърифий тушунтириш ишларини олиб боришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган 200 нафардан ортиқ вакилига «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони тантанали равишда топширилди. Улар орасида мусулмон уламолари ва бошқа диний конфессиялар вакиллари, олимлар, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчилари, Ислом цивилизацияси маркази ходимлари ҳамда соҳанинг бошқа мутахассислари бор.
Эсдалик нишонларини топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Зокиров иштирок этишди. Маросимни Ўзбекистон Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб берди. Унда сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ўзгаришлар кўламини алоҳида таъкидланди.
Президент маслаҳатчиси маросимда ҳамкасбларини табриклаб, уларга келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилади.
«Бугун диний-маърифий соҳада ўн минглаб инсонлар меҳнат қилмоқда. Бу — мутахассислар, олимлар, имомлар ва маърифатпарварлардан иборат катта ҳамжамият. Барчамиз бир катта оиланинг аъзоларимиз. Шунинг учун бирдамликни, ўзаро ҳурматни, жамият олдидаги масъулиятни ва хизмат қилаётган қадриятларимизга садоқатни сақлаш айниқса муҳим.
Олимларимиз ва уламоларимиз бундан кейин ҳам мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ҳамжиҳатликни таъминлаш ва халқ маърифатини юксалтириш йўлида хизмат қилишлари керак. Бугун яратилган имкониятларни қадрлашимиз ва бизга билдирилган ишончни оқлашимиз зарур. Бугун юксак давлат мукофотига сазовор бўлган барча юртдошларимизни яна бир бор чин дилдан табриклайман. Сизларга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги муваффақиятлар тилайман. Яхши ишларингиз ва халқимиз ҳамда мамлакатимиз равнақи йўлидаги меҳнатингизни Яратганнинг ўзи баракали қилсин», — деди Музаффар Комилов.
Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, жами диний-маърифий соҳада қарийб 500 нафар киши Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан таъсис этилган эсдалик нишони билан тақдирланган.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.