

Янгиликлар
Тарихий меросдан — жаҳон мулоқоти сари: халқаро медиафорум Ўзбекистон ва дунёга нима берди?
Қарийб 50 давлатдан 300 нафарга яқин медиа, илм-фан ва креатив индустрия вакиллари Тошкент ва Самарқандда жам бўлиб, Ўзбекистон ҳамда ислом цивилизациясининг тарихи, маданияти ва интеллектуал мероси ҳақида замонавий дунёга қандай тарзда сўзлаб бериш масаласини муҳокама қилди. Бироқ беш кунлик форумнинг энг муҳим натижаси ўтказилган тадбирлар сони эмас, балки узоқ муддатли халқаро ҳамкорликка асос солингани бўлди. Янги фильмлар, китоблар, рақамли лойиҳалар, таълим дастурлари ва медиа ташаббуслар Ўзбекистон ҳақида дунёга янгича ҳикоя қилиш имконини беради.
25–29 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан, мамлакат давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми бўлиб ўтди.
Форум дунёнинг етакчи халқаро телеканаллари, ахборот агентликлари, нашриётлар ва медиа компаниялар раҳбарлари ҳамда вакиллари, журналистлар, ҳужжатли фильм ижодкорлари, продюсерлар, олимлар, музей мутахассислари ва рақамли технологиялар соҳасидаги экспертларни бир майдонда бирлаштирди. CNN ва Euronews форумнинг бош медиа ҳамкорлари бўлди. Шунингдек, BBC Studios, TRT World, Oman TV, Report.az, The London Post ва бошқа халқаро медиа тузилмалари вакиллари ҳам иштирок этди.
Форумнинг марказий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлди. Айнан шу ерда иштирокчилар тарихий мерос замонавий халқаро медиа мулоқоти учун қандай асос бўлиши мумкинлигини амалда кўрдилар.
Форумнинг расмий очилиш маросими Ислом цивилизацияси марказининг Катта конференция залида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби, Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари Шерзод Асадов табрик сўзи билан иштирок этди. У замонавий медиа ҳамжамияти олдида турган асосий вазифаларни белгилаб берди: Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий мероси ҳақида жаҳон аудиториясига холис ва замонавий услубда сўзлаб бериш, янги технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш, шу билан бирга журналистиканинг юксак касбий масъулиятини сақлаш.
Мавзунинг мантиқий давоми сифатида Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов форум иштирокчиларига Марказ фаолиятини тақдим этди. У Марказни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик лойиҳаси, тарихий ва интеллектуал меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш учун яратилган ноёб макон сифатида таърифлади.
Марказ фақат музей ёки илмий-тадқиқот муассасаси сифатида эмас, балки музей иши, илм-фан, таълим, телевидение, ҳужжатли кино, китоб нашри, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ўзаро бирлаштирувчи халқаро маданий-маърифий медиа платформа сифатида ҳам шаклланмоқда.
Айнан шу концепция форумнинг марказий ғояларидан бирига айланди: мерос фақат асраб-авайланиши эмас, балки яшашда давом этиши, янги ҳикоялар, фильмлар, китоблар, тадқиқотлар ва замонавий рақамли лойиҳалар учун манба бўлиши керак.
Euronews бош ижрочи директори ва таҳририят директори Клаус Штрунц маданий меросни глобал ахборот кун тартибининг бир қисмига айлантириш бўйича ўз қарашларини баён қилди ва Халқаро медиафорумни Тошкентда ҳар йили ўтказишни таклиф этди.
CNN вакиллари ҳам Ўзбекистонга алоҳида эътибор қаратди. CNN International Commercial ижрочи вице-президенти Фил Нельсон Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликнинг аҳамияти ва Ўзбекистон меросини CNN’нинг глобал медиа майдонида биргаликда тарғиб қилиш истиқболларини қайд этди. CNN минтақавий вакили Имрон Аҳмад эса халқаро аудиториянинг мамлакат тарихи, унинг буюк олим ва мутафаккирлари, маданияти ҳамда бугунги ўзгаришларига қизиқиши жуда юқори эканини таъкидлади.
Бу ғоя форумда тақдим этилган лойиҳалар орқали амалий мазмун касб этди.
Кинорежиссёр Шоҳруҳ Расулов «Дунёни ўзгартирганлар» лойиҳаси ҳамда «Оскар» мукофоти соҳиби Бен Кингсли иштирокидаги «Маърифат акс-садоси» фильми фрагментини намойиш қилди. 1001 Inventions халқаро лойиҳаси асосчиси Аҳмад Салим эса замонавий медиа воситалари орқали ислом цивилизацияси ютуқларини янгича тарзда тақдим этиш имкониятлари ҳақида сўзлади.
«Ўзбекфильм» киноконцерни вакили Баходир Адилов «Мовароуннаҳр цивилизацияси», «Имом ал-Бухорий», «Ислом цивилизацияси маркази. Янги коинот» каби ҳужжатли лойиҳаларни тақдим этди. Ушбу ишлар тарихий материални замонавий кино тили орқали кенг аудиторияга етказишга хизмат қилади.
Рақамли йўналишда Алмос Фахриддинов ва NeoVex директори Сирожиддин Убайдуллаев «Рақамли аватар: ислом цивилизацияси қаҳрамонлари янги авлод билан суҳбатлашади» ҳамда «Ўзбекистон 360°: мероснинг жонли платформаси» лойиҳаларини тақдим қилди.
Қадимий қўлёзмалар ва хаттотлик санъатига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Mueller & Schindler нашриёти вице-президенти Александр Вильгельм «114 Қуръон: ислом хаттотлигининг 114 дурдонаси» халқаро лойиҳасини, Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов эса «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва ривоятлар» лойиҳасини тақдим этди.
«Сбербанк»нинг Илғор технологияларни ривожлантириш офиси ижрочи директори Владимир Кох ва профессор, Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими Зоҳидулло Мунавваров «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳасини тақдим қилди.
Нашриёт йўналишида Фирдавс Абдухолиқов ва Mega Basim нашриёти бошқарув раиси Ҳасан Конду «Шарқ миниатюрасида Ўзбекистон тарихидаги буюк шахслар» номли ноёб иллюстрацияли нашрни тақдим этди. Профессор Марио Таддеи, Kulturalis нашриёти президенти Шарлотта Крамер ва бошқа мутахассислар халқаро нашриётчилик ҳамда илмий-тадқиқот ташаббуслари билан таништирди.
Шу тариқа, бир форум доирасида қадимий қўлёзма ва сунъий интеллект, Шарқ миниатюраси ва замонавий нашриётчилик, ўтмишнинг буюк олимлари ва рақамли технологиялар, музей ва жаҳон телевидениеси бир нуқтада туташди.
Бироқ ушбу ишларнинг энг муҳим аудиторияларидан бири ёш авлод бўлди.
Тошкент ва Самарқанддаги 20 та олий таълим муассасасида қарийб 40 та махорат дарси, ижодий учрашув ва тақдимотлар ўтказилиб, уларга 5 мингдан ортиқ талаба жалб қилинди. Ёшлар олдида CNN вакили Имрон Аҳмад, BBC Studios вакили Сергей Становкин, TRT World вакили Умеш Кумар Воҳра, Report.az вакили Фуад Хусейналиев, The London Post вакили Раза Саид, Марио Таддеи, Ҳасанбей Конду, Шарлотта Крамер, Роберт Францев ва бошқа халқаро экспертлар чиқиш қилди.
Ислом цивилизацияси маркази учун мазкур йўналишдаги ишлар доимий тус олади. Марказ Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети билан ҳамкорликда ёш журналистлар орасида мамлакат маданий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган қўшма дастурни йўлга қўймоқда. Энг иқтидорли талабалар учун стипендиялар ва касбий амалиёт имкониятлари кўзда тутилган.
Форумнинг яна бир муҳим натижаси — муҳокамалардан аниқ келишувларга ўтилгани бўлди.
Форум доирасида 20 га яқин келишув ва меморандум имзоланди. Якуний декларацияда келгусидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Улар орасида Халқаро медиаальянс ташкил этиш, «Цивилизациялар овози» халқаро медиа танловини ўтказиш, журналистлар учун таълим дастурлари ва касбий алмашинувларни йўлга қўйиш, контентни биргаликда ишлаб чиқариш ҳамда Марказнинг дунёнинг етакчи ОАВлари билан доимий ҳамкорлигини таъминлаш каби ташаббуслар мавжуд.
Иштирокчилар, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази негизида «Ислом цивилизацияси овози» халқаро медиа клубини тузиш ва Халқаро медиафорумни Тошкентда ҳар йили ўтказишни таклиф қилди.
Бугунги кунда хорижий медиа ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, мамлакатдаги ислоҳотлар ҳамда Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган 100 дан ортиқ медиа лойиҳа амалга оширилди. Кейинги босқичда яна 50 га яқин қўшма халқаро медиа лойиҳани бошлаш режалаштирилмоқда.
Дастурнинг муҳим қисмларидан бири Самарқанд билан боғлиқ бўлди.
Хорижлик журналистлар, ОАВ раҳбарлари, продюсерлар ва экспертлар Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Халқаро ҳадисшунослик илмий-тадқиқот маркази, Имом Бухорий номидаги инновацион музей ва Самарқанднинг машҳур тарихий обидаларини зиёрат қилди.
Кўплаб меҳмонлар учун бу аввал китоблар, фильмлар ва мақолалар орқали таниш бўлган меросни илк бор ўз кўзлари билан кўриш имконияти бўлди.
Самарқанд амалда очиқ суратга олиш майдонига айланди.
Журналистлар интервьюлар олди, репортажлар суратга олди ва телеканаллар, ахборот агентликлари, ҳужжатли фильмлар ҳамда рақамли платформалар учун материаллар тайёрлади.
Форумга унинг иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга йўлланган Мурожаат алоҳида мазмун ва аҳамият бағишлади.
Қарийб 50 давлатдан келган медиа ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари Ўзбекистон Президенти томонидан 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан илгари сурилган «Жаҳолатга қарши маърифат» тамойили бугунги кунда ниҳоятда долзарб эканини таъкидлади.
Бугун дунёда можаролар, диний тоқатсизлик ва исломофобия кучайиб бораётган бир шароитда ислом цивилизацияси ҳақида холис ва тушунарли тарзда сўзлаб бериш нафақат тарихий хотирани сақлаш масаласига айланмоқда. Бу турли маданият ва эътиқод вакилларининг бир-бирини яхшироқ тушунишига кўмаклашишдек улкан вазифанинг бир қисми ҳамдир.
Форумнинг энг муҳим натижаси шундаки, ислом цивилизацияси мероси ҳақида янгича мулоқот олиб бориш ғояси атрофида медиа вакиллари, олимлар, кинематографистлар, ноширлар, рақамли технологиялар мутахассислари ва ёш журналистларни бирлаштирувчи халқаро тармоқ шакллана бошлади. Бу тармоқ форум якунланганидан кейин ҳам фаолиятини давом эттириб, қўшма лойиҳалар, фильмлар, китоблар, тадқиқотлар ва рақамли маҳсулотлар яратиши кутилмоқда.
Қадимий қўлёзмалардан — сунъий интеллект сари, ўтмишнинг буюк олимларидан — замонавий кино сари, музей залларидан — жаҳон телеканалларига, университет аудиторияларидан — глобал ахборот кун тартибига. Форум шуни кўрсатдики, мерос — бу фақат ўтмишдан бизга қолган бойлик эмас. У келажакни шакллантиришга қодир улкан интеллектуал ва ижодий ресурсдир.
Шу маънода, бугун Ўзбекистон дунёга ўзининг буюк тарихи ҳақида сўзлаб беришдан кўра кенгроқ ишни амалга оширмоқда. Мамлакат ўз меросини янги халқаро мулоқот учун очиб, бу борада ўзига хос намуна кўрсатмоқда. Дунёнинг етакчи медиа тузилмалари, олимлар ва креатив индустрия вакиллари билан биргаликда Марказий Осиё ҳамда ислом цивилизацияси меросини бутун дунёдаги миллионлаб инсонларга етказиш ва тушунарли қилиш имконини берадиган янги тил, янги форматлар ва янги ҳикоялар яратилмоқда.
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми бу катта ҳаракатнинг якуни эмас, балки бошланғич нуқтаси бўлди — ўтмиш меросидан келажак билимлари, маънолари ва имкониятлари сари йўл очилди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.