Euronews: “Ислом ҳақидаги нотўғри тасаввурларга билим ва медиа орқали қандай қарши туриш мумкин”

Ислом ҳақидаги нотўғри тасаввурларга қарши курашда билим, ҳақиқат ва холис журналистиканинг ўрни қандай? Бу масала Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумда кенг муҳокама қилинди. Euronews нашри ёритган мақолада 50 га яқин мамлакатдан қарийб 300 нафар журналист, тадқиқотчи, ношир, кинематографист ва технология мутахассислари иштирок этган форумда Исломни тўғри ва далилларга асосланган тарзда тақдим этиш, исломофобияга қарши маърифат билан жавоб бериш, шунингдек, Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни янги нуқтаи назардан ёритиш масалаларига эътибор қаратилган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган форум 50 га яқин мамлакатдан 300 нафарга яқин иштирокчини бир майдонга жамлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорум доирасида Ислом дини ҳақидаги нотўғри тасаввурлар учун масъулият, журналистик мустақиллик, шунингдек, Европанинг Марказий Осиё билан тобора яқинлашаётган ҳамкорлиги каби кенг қамровли масалалар муҳокама қилинди.
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилди. Тошкентда ўтказилган тадбир доирасидаги баҳс ва мунозаралар форумнинг ўзи билан чекланиб қолмади.
Унда 50 га яқин мамлакатдан 300 нафарга яқин медиа мутахассислари, тадқиқотчилар, нашриёт вакиллари, кинематографистлар ҳамда технология соҳаси мутахассислари иштирок этди. Улар Ислом жамиятларининг тарихи ва мероси қандай ёритилаётгани, стереотипларга қандай қарши туриш ва қадимий манбаларни янги аудитория учун қандай долзарб қилиш мумкинлиги ҳақида фикр алмашдилар.
Ташкилотчилар форумнинг кенгроқ мақсадини Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқи билан боғладилар. Ўшанда давлат раҳбари Ислом динини зўравонлик ва қон тўкиш билан боғлашга қаратилган уринишларни рад этиб, «Маърифат ва диний бағрикенглик» тўғрисидаги резолюция қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Мазкур резолюция кейинги йили қабул қилинган.
Форумда ана шу кенг ғоя медиа, далиллар, технология ва тарихий талқин масалаларига бағишланган муҳокамалар орқали янада ривожлантирилди.
Исломофобия, билим ва масъулият
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, Ислом дини ҳақидаги нотўғри тушунчаларга қарама-қаршилик билан эмас, балки билим ва тушунтириш орқали жавоб бериш керак.
«Медиа маконида биз тортишиш учун эмас, тушунтириш учун гапиришимиз керак», — деди у. «Исломофобияга қарши энг самарали жавоб — маърифат. Нотўғри тасаввурларга қарши энг кучли жавоб — ҳақиқат. Жаҳолатга қарши энг самарали қурол — билим».
Абдухолиқов, шунингдек, Ислом жамиятларининг илмий ва маданий тарихига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Унинг фикрича, бу тарих илмий тадқиқотлар ва далилларга асосланган ҳолда янада кенгроқ аудиторияга тақдим этилиши лозим.
Туркиянинг «Mega Basım» нашриёти раҳбари Ҳасанбей Конду эса муҳокамага яна бир муҳим жиҳатни қўшди. У Ислом ҳақидаги бузиб кўрсатилган тасаввурлар учун айбни фақат Европа ёки замонавий Ғарбга юклаб бўлмаслигини таъкидлади.
«Ислом атайлаб ёки билмасдан нотўғри тушунилмоқда ва нотўғри талқин қилинмоқда — бунда мусулмонларни ҳам назарда тутяпман», — деди Конду. «Европаликлар ёки замонавий дунёни айблашнинг ўзи етарли эмас. Мусулмон сифатида Исломни қандай тақдим этяпсиз? Уни ўзингиз қандай тушунгансиз? Балки, аввало, ўз камчиликларимизга назар ташлашимиз керакдир».
Европа узоқ вақт эътибордан четда қолдирган минтақани ёритиш
Масалани қандай тақдим этиш ҳақидаги савол Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиёнинг ўзига ҳам тааллуқли бўлди.
Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов хорижлик журналистларга мамлакат ҳақида фақат ижобий фикр билдириш талаб этилмаётганини таъкидлади.
«Биз сизларни Ўзбекистонни ўз кўзингиз билан кўришга, одамлар билан суҳбатлашишга, саволлар беришга ва ўз хулосангизни чиқаришга таклиф қиламиз», — деди у.
Асадов шу нутқида сунъий интеллектнинг журналистикага таъсири ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект журналистнинг имкониятларини кенгайтириши мумкин, аммо унинг ўрнини боса олмайди. Технология қанчалик ўзгармасин, ҳақиқат, холислик, виждон ва инсон манфаатлари журналистикада марказий ўринда қолиши керак.
Euronews бош директори Клаус Штрунц ушбу баҳсни Европадаги кенгроқ контекст билан боғлади. У Марказий Осиё бир вақтлар Европа жамоатчилик муҳокамаларида деярли тилга олинмаганини, минтақа ҳақида асосан офатлар ҳақидаги хабарлар ёки Буюк Ипак йўлига оид романтиклаштирилган ҳикоялар орқали маълумот берилганини ёдга олди.
«Ўшанда бу такаббурлик ва кўр-кўрона ёндашув эди», — деди у.
Сўнгги йилларда институционал алоқалар ҳам чуқурлашди. 2025 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида биринчи Европа Иттифоқи — Марказий Осиё саммити бўлиб ўтди. Унда икки минтақа ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Штрунцнинг фикрича, бу ўзгариш Марказий Осиёнинг Европа учун иқтисодий, сиёсий ва маданий аҳамияти тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
«Яна Шарққа назар ташлаш вақти келди», — деди у.
Бироқ унинг таъкидлашича, минтақани ўрганиш ва унга нисбатан ортиб бораётган эътибор мустақил журналистикага асосланиши керак. Журналистлар воқеа жойида бўлиб, кўрганларини ёритиши ва аудиторияга ўз нуқтаи назарини шакллантириши учун етарли маълумот тақдим этиши лозим.
«Биз бу ерга уларга таълим бериш учун келмаганмиз. Биз уларни хабардор қилиш учун келганмиз».
Европа ва Марказий Осиё: асрларга бориб тақаладиган алоқалар
Форум бугунги яқинлашув жараёнини Европа, Марказий Осиё ва кенг маънодаги Буюк Ипак йўли ҳудуди ўртасидаги кўп асрлик алмашинувлар тарихи билан ҳам боғлади.
Италиялик тадқиқотчи, Леонардо да Винчининг қўлёзмалари ва ихтиролари бўйича мутахассис доктор Марио Таддеи «Билимлар Ипак йўли» деб атаган тушунчаси ҳақида сўз юритди. Ушбу атама Хитойдан Яқин Шарқ орқали Уйғониш даври Европасигача бўлган илмий ғоялар ҳаракатини англатади.
Илмий тарихни Ғарб нуқтаи назаридан қабул қилиш ҳақида гапирар экан, Таддеи шундай деди:
«Биз ҳамма нарсани ўзимиз ихтиро қилганмиз, деб ишонамиз. Аммо бу ҳақиқат эмас».
Доктор Таддеи ўрта аср муҳандислари Ал-Муродий ва Ал-Жазарийни механика ва илм-фан соҳаларидаги кенгроқ алмашинувлар тарихининг бир қисми сифатида мисол келтирди.
Нашриёт вакили Шарлотта Крамер орқали эса тарихий алоқаларнинг яна бир жиҳати намоён бўлди. Испания элчиси Руй Гонсалес де Клавихо Кастилия қироли Генрих III томонидан Амир Темур ҳузурига юборилган ва 1404 йилда Самарқандга етиб келган. У сафар тафсилотлари ҳақида батафсил маълумот қолдирган. Крамер ана шу тарихий манбага асосланган нашриёт лойиҳасини тақдим этди.
«Биз Европадан Марказий Осиёга бўлган жуда кучли алоқани аллақачон кўришимиз мумкин», — деди у Буюк Ипак йўли ва дипломатик мулоқотга ишора қилган ҳолда.
Форумда шу каби материалларни бугунги аудиторияга қандай етказиш мумкинлиги ҳам муҳокама қилинди. Тарихий шахслар ва манбаларни тақдим этишнинг янги форматлари — китоблар, ҳужжатли фильмлар, рақамли аватарлар, иммерсив платформалар ва бошқа замонавий усуллар ҳақида тақдимотлар ўтказилди.
Венгриялик медиа раҳбари Алпар Като бу ёндашувни «замонавий нарса ва эски, анъанавий ҳикояни бирлаштириш» сифатида ифодалади.
Форум ўтказилган жойнинг ўзи ҳам муҳокамалар мазмунини акс эттирди. Тошкентдаги марказда тарихий тадқиқотлар, нашриёт лойиҳалари ва янги медиа ташаббуслари ёнма-ён тақдим этилди.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ўз нутқида мазкур мақсадни қуйидагича ифодалади:
«Тарих сўзлаши керак. Маданий мерос инсонлар билан мулоқот қилиши керак. Ўтмиш бугунги авлодни янги кашфиётларга руҳлантириши лозим».


