

Янгиликлар
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Амир Хусрав Деҳлавийнинг тилла суви билан безатилган нодир «Девон»и намойиш этилмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг «Иккинчи Ренессанс» экспозициясида Темурийлар даврига оид ноёб қўлёзма намуналаридан бири — буюк шоир ва мутафаккир Амир Хусрав Деҳлавийнинг «Девон»и намойиш этилмоқда.
Мазкур қўлёзма 1490 йилда Эроннинг Шероз шаҳрида Жалолиддин Муҳаммад котиблигида кўчирилган. Манбада қайд этилишича, қўлёзма 356 варақдан иборат. Қўлёзманинг ҳар бир варағи нафис форс тилидаги насталиқ хати билан битилган бўлиб, матн икки устунга жойлаштирилган. Сарлавҳалар тилла суви билан безатилиб, кўк ва тилла ранглардаги нафис безаклар билан ажратилган. Матн атрофидаги ҳошиялар ҳам турли бадиий усулларда ишланган бўлиб, қўлёзманинг умумий кўринишига алоҳида нафосат бағишлайди.
Айниқса, тилларанг булутсимон нақшлар, оқ гулли безаклар ва зарҳал ҳошиялар қўлёзманинг юксак бадиий қийматини намоён этади. Айрим варақларида Сафавийлар услубидаги миниатюралар ҳам мавжуд. Китоб муқоваси эса қора чармдан ишланган бўлиб, унда зарҳал муҳрсимон безаклар қўлланган.
Амир Хусрав Деҳлавий Шарқ адабиёти тарихида ўчмас из қолдирган буюк шоирлардан бири бўлиб, форс-тожик адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшган. Унинг ижодида ғазал, қасида, рубоий ва достон каби жанрлар муҳим ўрин эгаллайди. Шоирнинг «Хамса»си унинг энг машҳур асарларидан бири бўлиб, Шарқ адабиётидаги «хамсачилик» анъанасининг юксалишига катта таъсир кўрсатган. Унинг бой адабий мероси нафақат адабиёт, балки Шарқнинг китобат ва миниатюра санъати ривожида ҳам муҳим ўрин тутади.
«Девон»нинг «Иккинчи Ренессанс» экспозициясида намойиш этилиши бежиз эмас. Зеро, Темурийлар даврида илм-фан, адабиёт, санъат ва китобат маданияти юксак тараққий этди. Бу қўлёзма ана шу даврда шаклланган юксак маънавий ва бадиий муҳитнинг ноёб далилларидан биридир.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.