Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш

Ислом цивилизацияси маркази

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Ижтимоий тармоқлар

Биз билан боғланиш

  • Телефон рақами: +998 55 511 23 06
  • Электрон почта: info@cisc.uz
  • E-XAT: uz.ism@exat.uz
  • Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорасарой 47

© 2026 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

Иштеп чыккан Neovex

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш
  • Лойиҳа муаллифи
  • Меҳмонларга
  • Қўлланма
  1. Бош саҳифа
  2. /
  3. Янгиликлар

Янгиликлар

Макаланын толук тексти, сүрөттөр жана Борбордун башка жаңылыктары.

The Standard: “Тошкентдаги янги музейдан Самарқанднинг қадимий мўъжизалари сари”

08.09.2026, 09:421020
The Standard: “Тошкентдаги янги музейдан Самарқанднинг қадимий мўъжизалари сари”

Ислом цивилизацияси маркази Тошкентдаги оддий музей эмас, балки тарих ва замонавий технологиялар уйғунлашган, ташриф буюрувчини Самарқанднинг қадимий мўъжизалари сари етакловчи ўзига хос дарвоза сифатида намоён бўлмоқда. Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган халқаро медиафорум иштирокчиси, журналист Бонни Чен Гонконгнинг инглиз тилидаги нуфузли нашрларидан бири — The Standard газетасида эълон қилинган мақоласида марказнинг 65 метрлик мовий гумбази, ноёб қўлёзмалари, VII асрга оид Усмон Қуръони ва буюк алломаларнинг рақамли образларини алоҳида тилга олади. 1949 йилдан буён фаолият юритаётган The Standard — Гонконгнинг энг йирик тиражли инглиз тилидаги кундалик газеталаридан бири бўлиб, маҳаллий ва халқаро янгиликлар билан бир қаторда бизнес, технология, спорт, маданият, санъат ва турмуш тарзи мавзуларини ёритишга ихтисослашган.

Муаллиф Тошкентдан бошланган саёҳатни Самарқанднинг Имом Бухорий мажмуаси, Регистон майдони ва Улуғбек расадхонаси сари давом эттирар экан, бу йўлни тарих, илм-фан ва маънавият мероси бўйлаб кечадиган ўзига хос саёҳат сифатида тасвирлайди.

Барчаси гумбаздан бошланади. Тошкент осмонида 65 метр баландликка кўтарилган улкан мовий гумбаз шаҳар манзараси узра қад ростлаган. Унинг сопол кошинлари қуёш нурида гўё сайқалланган ложувард парчаларидек товланади. Ўзбекистон пойтахтида яқинда очилган Ислом цивилизацияси марказига қадам қўяр экансиз, аввало, кашфиёт туйғуси сизни қамраб олади — тарих ва инновация уйғунлашган, ташриф буюрувчиларни афсонавий Самарқанд шаҳри сари янада чуқурроқ саёҳат қилишга илҳомлантирадиган макон.

Қадимий Ипак йўли бўйлаб жойлашган бу заминда форс геометрияси туркий ҳунармандчилик билан уйғунлашган, хитой кулолчилик техникаси эса деворларни безаб турган ўша машҳур ферўзаранг сирларнинг яратилишига илҳом берган. Бу бегона тарих эмас — бу умумий тарихдир.

Марказ оддий музейдан анча катта тушунча. Бу интеллектуал фикр алмашинувининг жонли маркази бўлиб, унинг таркибида кутубхона, нашриёт ва артефактлар ҳамда қўлёзмаларни асрашга ихтисослашган лабораториялар мавжуд. Бу ерда мунтазам равишда конференциялар ўтказилади. Жумладан, ўтган ой халқаро медиафорум ҳам ташкил этилди.

Нашриёт фаолиятидан ташқари, марказда астрономия, тиббиёт, математика ва илоҳиётга оид ноёб китоблар тўплами ҳам сақланади. Улар минтақанинг илм-фан ва маърифат гуллаб-яшнаган олтин даврининг ёрқин далилидир. Марказда VII асрга оид, ислом оламида эъзозланадиган Усмон Қуръони ҳам сақланади. Бироқ марказнинг энг таъсирчан жиҳати — ўтмишни ҳаётга қайтариш учун технологиялардан қандай фойдаланаётганидадир. Интерактив панеллар орқали ташриф буюрувчилар буюк алломаларнинг рақамли аватарлари билан мулоқот қилиши мумкин. Бу тажриба инсонда табиий қизиқиш уйғотиб, ушбу мутафаккирлар яшаган ва ижод қилган масканларга бориш истагини пайдо қилади.

Бу учрашувдан илҳомланган ҳар қандай сайёҳнинг кейинги манзили Самарқанд бўлиши табиий. Қадимий Ипак йўлидаги афсонавий савдо маркази ва буюк Темурийлар империясининг пойтахти бўлган бу шаҳарда сайёҳларни кўплаб мўъжизалар кутади. Улар орасида яқинда кенгайтирилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси алоҳида ўрин тутади. Милодий 810 йилда туғилган Имом Бухорий сунний исломдаги энг мўътабар уламолардан бири ҳисобланади. У 16 йил давомида ислом олами бўйлаб сафар қилиб, 600 мингдан ортиқ ҳадис ривоятларини тўплаган.

Улар орасидан у фақат 7 мингдан сал кўпроқ ҳадисни ишончли деб топиб, уларни «Саҳиҳ ал-Бухорий» тўпламига жамлаган. Бу асар Қуръони каримдан кейин пайғамбар суннатларининг энг ишончли манбаси сифатида эътироф этилади. Араб тилида «хабар» маъносини англатувчи ҳадислар — Муҳаммад пайғамбарнинг айтган сўзлари ва амалларининг ёзиб қолдирилган баёнлари бўлиб, Қуръон билан бир қаторда исломий ҳаёт учун амалий қўлланма вазифасини бажаради.

2026 йил баҳорида очилган мажмуа ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли. Кўз олдингизга мовий осмон бағрида ялтираб турган сон-саноқсиз ферўза гумбазларни, худди шамдек осмонга бўй чўзган, баландлиги 75 метрдан бўлган тўртта минорани келтиринг. Уларнинг сирти мураккаб нақшлар билан ўйилган ганч безаклар билан қопланган.

Кошинлар рангларининг бутун бир жилосини намоён этади — тўқ индигога яқин кўкдан тортиб, ёрқин осмонранг кўккача. Гумбазлар атрофида тилларанг хаттотлик ёзувлари тасма каби айланиб боради. 10 минг намозхонга мўлжалланган асосий масжид ичида деразалар кескин қуёш нурини юмшатиб, уни қаҳрабо ва сапфир тусидаги майин нур ҳавзаларига айлантиради. Имом Бухорий инновация музейида эса олимнинг ҳаёт йўлини жонлантириш учун голограммалар ва кенгайтирилган реаллик технологияларидан фойдаланилади.

Самарқандга ташриф буюриб, Регистон майдонини кўрмаслик мумкин эмас. Бу ерда уч буюк мадраса — олий таълим масканлари — кошинлар ва юксак бунёдкорлик уйғунлигидан яратилган ўзига хос бир симфонияни намоён этади.

Улуғбек мадрасаси (1417 йил) уларнинг энг қадимийсидир. Унинг пештоқи ферўза рангдаги юлдузсимон нақшлар билан безатилган. Шердор мадрасаси (1636 йил) кириш қисми икки томонида жойлашган ноёб мозаикадаги йўлбарс тасвирлари билан ажралиб туради. Уларнинг тепасида нур таратаётган қуёш, пастида эса кийиклар тасвирланган — бу илоҳий нур илмни ёритишини, инсон руҳи эса илоҳийлик олдида камтарлик билан бош эгишини англатади. Тиллакори мадрасаси (1660 йил) номи «тилла билан безатилган» деган маънони англатади. Унинг ички қисми тўлиқ тилла суви юритилган безаклар билан қопланган бўлиб, гўё самовий боғни эслатади.

Ниҳоят, XV асрда астроном подшоҳ томонидан барпо этилган Улуғбек расадхонаси илмий изланишларга бағишланган ўзига хос ёдгорлик сифатида қад ростлайди. Ерга ўйиб ишланган 40 метрлик мармар секстанти юлдузлар харитасини яратишда қўлланилган. У шу қадар аниқ бўлганки, асрлар давомида унга юксак эҳтиром билан қаралган. Бу обида минтақамиз бир вақтлар ҳам эътиқод, ҳам илм-фан соҳасида жаҳон марказларидан бири бўлганини кучли тарзда эслатиб туради.

Тошкентдаги музейга ташриф сифатида бошланган саёҳат тез орада чуқур маънавий ва интеллектуал саёҳатга айланади. Ислом цивилизацияси маркази тарихни шунчаки намойиш этмайди — у ўзига хос дарвоза вазифасини бажаради. Бу дарвоза инсонда қизиқиш уйғотиб, уни Самарқанднинг қадимий ва вақт синовидан ўтган кўчалари сари етаклайди.

Бу — ақл ва руҳ мероси бўйлаб саёҳатдир. Ва у бор-йўғи битта муҳташам гумбаздан бошланади.

Дагы окуңуз

26.09.2025·14827
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
29.10.2025·12222
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
27.09.2025·9949
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
30.09.2025·7979
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди
Барча янгиликлар