Бизда хорижий аудиторияга мўлжалланган сайт мавжудTurath Dispatch
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ал-Жазира: “Ўзбекистонда ислом тарихини ҳикоя қилувчи 4 давр ва 10 сиймо”

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи мамлакатнинг минг йиллик тарихини бир маконда жамлаган ноёб маскан сифатида хорижий ОАВ эътиборини тортмоқда. «Ал-Жазира» нашри музей экспозициялари орқали Ўзбекистондаги ислом цивилизациясининг 4 муҳим даври ва унга тамал тоши қўйган 10 буюк сиймога назар ташлаб, Қуръони каримнинг қадимий қўлёзмалари, тарихий артефактлар ҳамда Муҳаммад Хоразмий, Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломалар мероси ҳақида ҳикоя қилади.

Тошкент — Гумбази осмон билан туташиб, унинг мовий ранги билан уйғунлашган муҳташам бинонинг кенг залларида Ўзбекистондаги ислом цивилизациясининг асрлар давомидаги тарихидан сўзловчи минглаб ноёб буюмлар, археологик топилмалар ва ҳужжатлар жой олган. Улар милодий VII асрдан бошлаб Марказий Осиё маданияти билан араблар олиб кирган маданиятни уйғунлаштириб, уларни ислом асосида ўзига хос бир бутунликка айлантирган халқнинг юксалиш даврлари ҳақида ҳикоя қилади.

Ташқаридан қараганда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, унинг деворлари араб хатти билан безатилган нақшлар билан қопланган. Бинони кенг майдон ва сўлим боғ ўраб туради. Қуёш ботиб, шаҳар устини тун қоплаганида, Тошкент аҳолиси бу масканга дам олиш учун ташриф буюради.

Марказдан ўнлаб метр нарида эса булутлар сари бўй чўзган Ҳазрати Имом мажмуасининг миноралари кўзга ташланади. Бу тарихий бинолар мажмуаси ҳақида бизга ҳамроҳлик қилган гид унинг X асрда яшаган олим ва солиҳ зот Абу Бакр Қаффол Шоший хотирасига бағишланган муқаддас маскан эканини айтиб берди. Тошкент шаҳри ҳам илгари айнан шу зот номи билан «Шош» деб аталган.

«Ўтмиш ўз изини қолдиради» — Хоразмий қўлёзмалари, Тошкент ва Бухоро хат санъати намуналари намойиш этилган Ислом санъати музейига саёҳат

Тахминан 8 мингта ашё ва санъат асарини ўз ичига олган ҳамда Ислом цивилизацияси марказига қарашли ушбу музейдаги ҳар бир экспонат илгари «Мовароуннаҳр» деб аталган ҳудуд тарихининг турли саҳифаларини ҳикоя қилишга хизмат қилади.

Бу ерда тош, лой, ёғоч, қоғоз, металл, кулолчилик буюмлари ва матолар ёнма-ён жойлашган. Уларнинг ҳар бири Ўзбекистон халқи тарихининг турли даврлари ҳақида сўзлайди. Бу ҳикоялар халқ аждодлари ғорларда яшаб, ўз ҳаётларига оид воқеаларни қояларга рамзлар орқали битиб қолдирган даврлардан бошланади.

حجر من القرن الرابع عشر قيل إن الأمير تيمور لنك كتب عليه بخط يده - متحف الحضارة الإسلامية في أوزبكستان (الجزيرة نت)

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси музейида XIV асрга оид тош. Айтишларича, унга Амир Темур ўз қўли билан ёзув битган. («Ал-Жазира Нет»)

Қадимий экспонатлар ва замонавий технологиялар

Ушбу «тарихий девон» деворлари орасида замонавий технологиялар ва қадимий экспонатлар ўзаро уйғунлашган. Бу ерда бронза ва мисдан зарб қилинган тангалардан ташқари, сопол хумлар, кулолчилик буюмлари, тақинчоқлар ва қимматбаҳо тошлар, қадимий қиличлар ва анъанавий қурол-яроғлар, мусиқа асбоблари ва ҳайкал қисмлари, мозаикалар, миниатюралар, тарихий шахслар ёки қадимий касб-ҳунарларни акс эттирувчи макетлар ҳам ўрин олган.

Асрлар қаъридан етиб келган ушбу экспонатларнинг мазмунини тўлиқ англашда замонавий технологиялар муҳим ўрин тутади. Хусусан, уч ўлчамли намойишлар ва интерактив экранлар жонсиз экспонатлар номидан «сўзлаб», уларда мужассам тарихий қимматни матн ва видеолар орқали очиб беради.

Музей гидининг «Ал-Жазира Нет»га маълум қилишича, ушбу муҳташам масканга ҳар куни қарийб 5 минг киши ташриф буюради. Уларнинг тахминан 90 фоизини маҳаллий аҳоли, қолган қисмини эса хориждан келган сайёҳлар ва меҳмонлар ташкил этади.

Биз музей бўйлаб гид Собитжон Орипов билан бирга саёҳат қилдик. Майдони 7 минг квадрат метр бўлган музейда 5 та асосий кўргазма зали мавжуд.

Улардан бири Қуръони карим зали деб номланган бўлиб, унда мамлакат тарихида муҳим ўрин тутган шахслар томонидан кўчирилган Қуръонларнинг ноёб қўлёзмалари намойиш этилган.

Яна бир залда исломдан аввалги давр цивилизацияларига оид ашёлар ва уларнинг қолдиқлари жамланган.

Учинчи зал Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг биринчи Уйғониш даврини — IX асрдан XIII асргача бўлган даврни намоён этади.

Тўртинчи зал эса иккинчи Уйғониш даври, яъни Темурийлар Уйғониш даври — XIV асрдан XVI асргача бўлган тарихий даврни ҳужжатлар ва экспонатлар орқали ёритади.

مخطوطة مصحف عثمان في متحف مركز الحضارة الإسلامية في أوزبكستان (الجزيرة نت)

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейидаги Усмон Мусҳафи қўлёзмаси («Ал-Жазира Нет»)

Усмон Мусҳафи учун махсус зал

Қуръони карим зали марказида панжара билан ўралган махсус супа жойлашган. Музей мутасаддилари таъкидлашича, унинг устида ҳозиргача сақланиб қолган Қуръоннинг энг қадимий нусхаси — ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг «Усмон Мусҳафи» сақланади.

Ушбу қўлёзма 338 саҳифадан иборат бўлиб, куфий хатида битилган. У милодий VII асрга мансуб бўлиб, кийик терисига ёзилган. 1997 йилда БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ЮНЕСКО томонидан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Тарихий ривоятларга кўра, Амир Темур XIV асрда ушбу Мусҳафни Бағдоддан Самарқандга олиб келган.

1868–1869 йилларда эса Мусҳаф ўша пайтда Марказий Осиёни назорат қилган чор Россияси ҳудудидаги Санкт-Петербург шаҳри Император оммавий кутубхонасига олиб кетилган.

1923 йилда мусулмон уламолари ва нуфузли жамоат вакилларининг қатъий талабларидан сўнг Усмон Мусҳафининг ноёб қўлёзмаси махсус поездда яна Тошкентга қайтарилган. У дастлаб Ҳазрати Имом мажмуасидаги Мўйи Муборак мадрасасига топширилган.

Кейинчалик, 2025 йил ноябрь ойида қўлёзма Ислом цивилизацияси маркази музейидаги Қуръон залига кўчирилди.

Тарихий даврлардан қолган ёдгорликлар

Ўзбекистоннинг исломдан аввалги тарихи учун ажратилган залда милоддан аввалги X минг йилликдан милодий VII аср ўрталаригача бўлган даврга оид мерос намуналари намойиш этилган. Айнан шу даврда ислом дини дастлабки вакиллари суғдлар, бақтрияликлар ва хоразмийлар авлодлари яшаган ҳудудларга кириб келган.

Залда узунлиги 260 метр бўлган улкан девор мавжуд. Унда Ўзбекистон ҳудудидаги халқларнинг қарийб уч минг йиллик тараққиётини акс эттирувчи ёзувлар ва тасвирлар жойлаштирилган. Улар деҳқончилик давридан шаҳарсозлик ва Буюк Ипак йўлидаги савдо-сотиқ ривожланган давргача бўлган жараённи ҳикоя қилади.

Бу ерда бир неча асрларга мансуб тошдан ясалган ўқ учлари ҳам намойиш этилган бўлиб, улар тоғларда яшаган инсонларнинг ҳайвонлар билан илк тўқнашувлари тарихидан дарак беради. Шунингдек, милоддан аввалги I минг йилликка оид бронзадан ясалган кийик ҳайкали, ёши 10 минг йилдан ортиқ бўлган қоятошлардаги ов манзаралари ва бошқа рамзий тасвирлар ҳам бор. Ориповнинг айтишича, ушбу тасвирлар қадимги даврдаги айрим эътиқод ва қарашларни ҳам ифода этади.

Интерактив хариталар ва экранларда намойиш этиладиган видеолар орқали мамлакат ҳудудидаги қадимий шаҳарлар ва аҳоли манзилгоҳларининг кўриниши қайта тикланган. Шунингдек, ўша даврда кенг тарқалган овозлар ва мусиқа асбоблари ҳам қайта жонлантирилган. Экспозицияда ўша даврда деҳқончилик ва металлургиянинг ривожланиш жараёнлари ҳақида ҳам маълумот берилади.

Мовароуннаҳрнинг Биринчи Уйғониш даври

Учинчи залда Мовароуннаҳрнинг Биринчи Уйғониш даврига оид экспонатлар намойиш этилган. Бу ерда маҳаллий маданият билан араб ва ислом маданиятининг дастлабки уйғунлашуви ва ўзаро сингиш жараёнини акс эттирувчи тарихий далиллар жамланган.

Экспозиция цивилизациялар ўртасидаги тўрт асрдан ортиқ давом этган маданий уйғунлашув жараёнини ёритади. Унда Уммавийлар, Аббосийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар ҳамда мўғуллар даврига оид тарихий ашёлар ўрин олган.

مجسم لباب الكعبة المشرفة في متحف مركز الحضارة الإسلامية في أوزبكستان (الجزيرة نت)

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида Каъбаи муаззама эшигининг макети («Ал-Жазира Нет»)

Кўзга ташланмай қолмайдиган яна бир кенг равоқ Ўзбекистон халқининг ҳаж, унинг анъаналари ва зиёрат сафарларига бўлган эътиборини намоён этади. Равоқнинг катта қисми Каъбаи муаззама, унинг кисваси ва Иброҳим алайҳиссалом мақомининг макетларини намойиш этишга бағишланган.

Бу ерда 1859 йилда Каъба учун тайёрланган кисва, унинг ёнида Каъба эшигининг макети ҳамда калитининг нусхаси жойлаштирилган. Калитга Ҳаж сурасининг 27-ояти нақш этилган:

«Инсонлар орасида ҳажни эълон қилгин. Улар сенинг олдингга пиёда ва ҳар қандай узоқ йўлдан келувчи ориқ туяларда келурлар».

Темурийлар даври

XIV–XVI асрларга тўғри келадиган Темурийлар даври ҳам алоҳида залга бағишланган бўлиб, унда Амир Темур ва унинг давлати, шунингдек, унинг ворислари даври намоён этилган.

Бу даврда мамлакатда юксалиш ва тараққиёт кузатилиб, шаҳарлар, айниқса Самарқанд ва Ҳирот илм-фан марказларига айланган.

Залда Амир Темурнинг саройлари, мадрасалари ва масжидларини эслатувчи экспонатлар, шунингдек, унинг асарлари билан боғлиқ намуналарни учратиш мумкин.

Шунингдек, буюк олим ва астроном Мирзо Улуғбек ҳамда унинг Али Қушчи ва Ғиёсиддин Жамшид каби шогирдлари фаолиятининг юксак даражасидан дарак берувчи экспонатлар ҳам намойиш этилган.

Экспозицияда машҳур мусаввир ва рассом Камолиддин Беҳзоднинг миниатюралари ҳам алоҳида ўрин эгаллаган.

Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси

Ислом цивилизацияси марказининг иккинчи қаватида музей таркибига кирмайдиган, бой илмий ва ахборот ресурсларига эга кутубхона жойлашган.

Кутубхонада 266 та ўрин мавжуд. Унинг жавонларида 300 мингта босма китоб, шунингдек, шунча миқдорда электрон китоблар жамланган.

Маҳаллий ва халқаро маълумотлар базаларига кириш имконияти орқали фойдаланувчилар 10 миллиондан ортиқ электрон ресурсдан ҳам фойдаланишлари мумкин.

رواق رحلة الحج في متحف مركز الحضارة الإسلامية في أوزبكستان (الجزيرة نت)

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейидаги Ҳаж сафари равоғи («Ал-Жазира Нет»)

Буюк сиймолар галереяси

Ўзбекистон, шунингдек, буюк ва тарихий шахслари билан ҳам фахрланади. Улар орасида 14 нафар буюк сиймо бор бўлиб, Ислом цивилизацияси маркази музейи уларни минтақа илмий тараққиёти ва юксалишининг ёрқин тимсоллари сифатида тақдим этади. Меҳмонлар бу шахслар билан «Буюк сиймолар галереяси» деб номланган махсус залда танишишлари мумкин.

Кенг ва нақшлар билан безатилган залда мазкур буюк сиймоларнинг улкан тасвирлари мармар панноларга туширилган. Ҳар бир паннонинг оғирлиги икки тонна, узунлиги 8 метр, эни эса 3 метрни ташкил этади. Уларни тайёрлашда Италиядан келтирилган 110 турдаги рангли мармар, шунингдек, Туркиядан олиб келинган оқ мармардан фойдаланилган.

Музей гиды Собитжон Орипов ушбу тасвирлар ҳақида маълумот бериб, улардан еттитаси Марказий Осиё ва Ўзбекистондаги Биринчи Уйғониш даврининг энг машҳур намояндаларига бағишланганини таъкидлади.

Улар орасида Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий ҳам бор. У Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбидаги Хоразм ҳудудида туғилган бўлиб, нол рақамини жорий этиши ва алгебра фанида инқилоб ясаган кашфиётлари билан танилган.

Унинг ёнида Аҳмад Фарғоний тасвири жойлашган. Олим, муҳандис ва астроном бўлган Фарғоний Бағдоддаги «Байт ул-ҳикма»да фаолият юритган. Унинг астрономия ва географияга оид асарлари лотин тилига таржима қилиниб, португал сайёҳи Христофор Колумб ҳамда италиялик физик Николай Коперник каби машҳур тадқиқотчиларга илҳом берган.

Гиднинг айтишича, Фарғоний Мисрдаги Нилометри — Нил дарёси сув сатҳини ўлчаш мосламасининг ихтирочиси ҳам ҳисобланади. Ушбу қурилма 1100 йил давомида Нил дарёсидаги сув сатҳини ўлчаш учун қўлланилган.

Буюк сиймолар орасида Темур Тарағай Барлос, яъни машҳур Амир Темур (Темурланг) нинг тасвири ҳам алоҳида ўрин эгаллаган.

Ўзбекистонликлар Амир Темурни миллий қаҳрамон, ўзларининг Иккинчи Уйғониш даври асосчиси ва Хоразм империясини забт этган буюк саркарда сифатида эътироф этадилар. У, шунингдек, қўшни давлатлар ҳудудларини ҳам қамраб олган улкан салтанатга асос солган.

مخطوطات قديمة من القرآن الكريم في متحف مركز الحضارة الإسلامية في أوزبكستان (الجزيرة نت)

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейидаги Қуръони каримнинг қадимий қўлёзмалари(«Ал-Жазира» — «Ал-Жазира нет»)

Буюк сиймолар галереяси — давоми

Ўзбекистон тарихининг ушбу даври ҳақида ҳадис илми имомларини тилга олмасдан сўз юритиб бўлмайди. Уларнинг энг машҳурлари қаторида Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ва Имом Термизий бор. Музейда уларнинг номлари ва муборак ҳадисларни тўплаш ҳамда тадқиқ этиш борасидаги улкан меҳнатлари ҳам абадийлаштирилган.

Улар билан бир қаторда, олим, табиб ва файласуф Абу Али Ҳусайн ибн Сино ҳам буюк сиймолар сафидан ўрин олган. У ўрта асрларнинг энг муҳим қомусий мутафаккирларидан бири бўлиб, 20 ёшга тўлмасиданоқ илм-фан ва билимнинг кўплаб соҳаларида юксак истеъдодини намоён этган.

Абу Райҳон Беруний ҳам музейнинг «Буюк сиймолар галереяси» да абадийлаштирилган алломалардан биридир. У математика соҳасида катта илмий мерос қолдирган бўлиб, Ер атмосферасининг шарсимон моделини биринчи бўлиб яратган олим сифатида тилга олинади.

«Музейимиз экспонатлари орасида Берунийнинг атмосфера модели асосида яратилган янада замонавий талқиндаги моделни ҳам кўришингиз мумкин», — дейди гидимиз Собитжон Орипов.

Ундан кейин Фороб шаҳрида туғилган Абу Наср Форобий келади. Маҳаллий аҳоли уни юнон файласуфи Аристотелдан кейинги «Иккинчи муаллим» деб ҳисоблайди. Форобий фалсафа илмини шариат илмлари ва ислом тасаввуфи билан уйғунлаштирган.

Унинг ёнидан Марказий Осиёда миниатюра санъатининг «асосчиси» сифатида эътироф этиладиган Камолиддин Беҳзод ҳам жой олган. Европа рассомлари ва тарихчилари уни машҳур италиялик рассом ва меъмор Рафаэль Санцио да Урбино билан қиёслаб, «Шарқ Рафаэли» деб атаганлар.

Музейда хотираси абадийлаштирилган буюк сиймолар орасида Самарқандда машҳур бўлган астроном олим Мирзо Улуғбек ҳам бор. У Самарқандда расадхона барпо этган, шунингдек, бу ерда унинг номи билан аталувчи мадрасага ҳам асос солган.

Шунингдек, музей экспозициясида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида ҳам маълумотлар ўрин олган. У Амир Темур авлодидан бўлиб, Фарғона водийсидаги Андижон шаҳрида туғилган. Кейинчалик Ҳиндистонга кўчиб ўтиб, у ерда Мўғуллар империясига асос солган. Бу давлат Марказий Осиёда кенгроқ Бобурийлар империяси номи билан машҳур бўлган.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1463026.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1204229.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
977827.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.