

Янгиликлар
Президент ташаббуси БМТ майдонига чиқмоқда: Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти концепцияси муҳокама қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат миллий тарих ва маънавий меросни жамлаган ноёб мажмуа, балки Ўзбекистоннинг цивилизацион салоҳиятини жаҳонга намоён этадиган халқаро илмий-маърифий платформа сифатида шаклланмоқда. Энди Марказнинг бугунги салоҳияти, буюк алломаларимиз илмий мероси ва юртимизда шаклланган илмий мактаблар БМТнинг глобал мулоқот майдонида кенг намоён этилади. Президент ташаббуси билан бошланган бу эзгу ғоянинг халқаро майдондаги навбатдаги муҳим қадами Нью-Йоркда муҳокама қилинди.
Яқинда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермухамедов, марказ илмий ходими Ойбек Сотволдиев ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти директори Саидасқар Хашимовдан иборат ишчи гуруҳ АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош қароргоҳига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида БМТ Цивилизациялар алянси директори Нихол Саъд хоним билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий каби буюк алломаларимизнинг илмий-маънавий меросига бағишланган махсус тақдимотларни БМТ майдонида ўтказиш концепцияси муҳокама қилинди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий меросини халқаро ҳамжамиятга янги мазмун ва ёндашув асосида тақдим этиш, юртимиз заминида шаклланган цивилизацион мактабларнинг инсоният тараққиётидаги ўрнини кенг очиб беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мулоқот давомида БМТ Цивилизациялар алянси директори ташкилотнинг устувор мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, тақдимотлар доирасида намойиш этиладиган экспозициялар қамровини кенгайтириш, Ўзбекистон алломалари меросини жаҳон цивилизацияси тарихи ва тараққиёти билан уйғун ҳолда намоён этиш бўйича таклифларини билдирди.
Шунингдек, халқаро конференция мазмун-моҳиятини янада бойитиш, цивилизациялар ўртасидаги илмий-маърифий мулоқот, маданий ҳамкорлик ва ўзаро англашув масалаларини кенг ёритиш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг фаолияти, улар томонидан амалга оширилаётган илмий-тадқиқот, маърифий ва халқаро лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Нью-Йоркдаги мазкур учрашув Президент ташаббусининг изчил давоми сифатида Ўзбекистоннинг цивилизацион меросини БМТнинг нуфузли халқаро майдонига олиб чиқиш йўлидаги амалий қадам бўлди.
Учрашув якунида БМТ Цивилизациялар алянси билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ислом цивилизацияси маркази ва буюк алломалар меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, қўшма илмий-маърифий ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Бугун Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази — кечаги буюк меросни асраб, уни эртанги авлод ва бутун инсоният мулкига айлантиришга хизмат қилаётган замонавий платформа. Унинг БМТ майдонидаги тақдимоти эса Ўзбекистоннинг “илм — маърифат — цивилизациялар мулоқоти” тамойилига асосланган янги халқаро ташаббусларини намоён этиш учун муҳим қадам бўлади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.