Turath Dispatch
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Темурийлар даври ҳожилари ишлатган кўза бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олди

Темурийлар даври нафақат илм-фан, меъморчилик ва адабиёт, балки кулолчилик ва амалий безак санъати юксак тараққий этган давр сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу даврга оид сопол буюмлар орқали ўша замон инсонларининг кундалик ҳаёти, эстетик диди, ҳунармандлик маҳорати ва маданий алоқалари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олган икки сопол буюм — Темурийлар даврига оид коса ва сафар кўзаси ана шу бой мероснинг ёрқин намунасидир.

Уларнинг бири XV аср охирига мансуб бўлиб, Мовароуннаҳр ҳудудида яратилган. Сополдан тайёрланган идишнинг ўлчами 23,5 × 15,6 сантиметрни ташкил этади.

Иккинчи буюм — Темурийлар даври, XV–XVI аср бошларига оид сопол кўза. Марказий Осиё ҳудудидан топилган мазкур буюмнинг ўлчами 17 × 21 сантиметр.

Сопол коса шарсимон шаклда бўлиб, қисқа тўғри оёқча ва бироз кўтарилган қиррали оғизга эга. Унинг юзаси аввал оқ ангоб билан қопланган, сўнгра кўк ва жигарранг темир оксиди бўёқлари билан нозик безатилиб, шаффоф сир билан қопланган. Косанинг ташқи қисми ўзига хос учта горизонтал безак қатламига ажратилган. Юқори қисмида жигарранг бурлама нақшлар, ўрта қисмида эса саккиз қиррали юлдузлар, тўртбурчаклар, тўлқинсимон ва панжарасимон майдонлардан ташкил топган мураккаб геометрик композиция жойлашган. Қуйи қисмида эса жигарранг шингилгулли тасвирлар акс эттирилган.

Косанинг ички қисми марказида олти япроқли гулли медальон жойлашган бўлиб, унинг атрофи майда безаклар билан уйғунлаштирилган. Ушбу композицияда геометрик нақшларнинг устунлиги, тартиб ва симметрияга интилиш яққол кўзга ташланади. Бу хусусиятлар Темурийлар даври амалий санъатида шакл ва безак уйғунлигига алоҳида эътибор берилганини кўрсатади. Косанинг тарихий қиммати яна шундаки, у Хуросон, Мовароуннаҳр ва Хитой ўртасидаги фаол маданий алоқалар даврида санъат ва ҳунармандчилик ютуқларининг кенг тарқалганидан дарак беради. Буюк ипак йўли орқали турли ҳудудлар ўртасидаги маданий таъсир ва тажриба алмашинуви кулолчилик санъатида ҳам ўз аксини топган. Шунингдек, мазкур коса XV аср охиридаги кундалик ва элита ҳаётининг моддий маданиятини ўрганиш учун муҳим манба ҳисобланади.

Экспозициядаги яна бир диққатга сазовор ашё — сафар кўзаси. Шарсимон танаси, тор оғзи ва икки тутқичи билан ажралиб турадиган мазкур идишнинг бутун юзаси шаффоф феруза рангли сир билан қопланган. Унинг юзаси кўк ва қора бўёқлардаги гулли нақшлар билан безатилган. Кўзанинг шакли унинг амалий вазифаси ҳақида ҳам тасаввур беради. Бундай идишлар карвон савдогарлари ёки узоқ сафарга, жумладан ҳаж сафарига отланган кишилар учун сув ва бошқа суюқликларни олиб юришда ишлатилган бўлиши мумкин. Икки тутқич идишни арқон ёки тасма билан маҳкамлаш имконини берган. Бу эса сафар давомида кўзани, масалан, туя ёнига боғлаб олиб юриш учун қулайлик яратган бўлиши эҳтимолини кўрсатади. Тор оғиз қисми эса суюқликни сақлашда қўшимча қулайлик берган. Айни пайтда, кўзадан тўй, базм ва бошқа маросимларда фойдаланилган бўлиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Шу жиҳатдан у нафақат амалий, балки маросимий аҳамиятга ҳам эга бўлган бўлиши мумкин.

Бу буюмлар орқали биз фақат кулолларнинг маҳоратини эмас, балки ўша давр инсонларининг ҳаёт тарзи, сафар маданияти, диди ва дунёқарашини ҳам кўришимиз мумкин. Бугунгача сақланиб қолган ҳар бир сопол буюм оддий рўзғор ашёси эмас. У ўз даврининг технологияси, санъати ва инсон ҳаёти ҳақида сўзлайдиган моддий тарих манбасидир. Ислом санъатида геометрик безакларнинг ривожланиши, Марказий Осиё кулолчилигининг юксак даражаси ва Темурийлар даври маданий муҳитини ёритишда бу каби экспонатларнинг илмий ва музей аҳамияти беқиёс.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1463526.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1204729.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
978327.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.