Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш
  1. Бош саҳифа
  2. /
  3. Янгиликлар

Янгиликлар

Макаланын толук тексти, сүрөттөр жана Борбордун башка жаңылыктары.

Al-Seyassah: “Самарқанддан Файлакагача — замин цивилизация тилида сўзлаганда”

10.09.2026, 15:561242
Al-Seyassah: “Самарқанддан Файлакагача — замин цивилизация тилида сўзлаганда”

Қувайтнинг нуфузли “Al-Seyassah”, “Alwakt News” ва “The Times Kuwait” нашрларида қувайтлик эксперт ва жамоат арбоби, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Тижорат арбитраж марказининг собиқ бош котиби Тариқ Юсуф аш-Шумаймирийнинг “Самарқанддан Файлакагача: замин цивилизация тилида сўзлаганда номли мақоласи чоп этилди. Муаллиф Тошкентда ўтказилган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиа-форумида иштирок этар экан, Самарқанд ва Қувайт тарихидаги ўзига хос ўхшашликларга эътибор қаратган. Унинг қайд этишича, икки ҳудуд ҳам асрлар давомида савдо йўллари, маданий алоқалар ва инсонлар ўртасидаги мулоқот чорраҳаси бўлиб келган. Самарқанд карвонлар учун, Қувайт эса кемалар учун муҳим бекат вазифасини бажарган ва ҳар икки макон савдодан кўра каттароқ бойлик — турли халқлар ўртасидаги мулоқот, ўзаро англашув ва маданий алоқаларни шакллантирган. Бугун эса бу тарихий ришталар янги мазмун касб этиб, инвестиция, таълим, технология, медиа ва маданий ҳамкорлик каби замонавий йўналишларда давом этмоқда.

Минг йиллик шаҳарлар Ўзбекистон тарихи билан Қувайт ҳикояси ўртасидаги ҳайратланарли ўхшашликни намоён этади.

Қувайт қитъанинг марказида жойлашмаган эди, аммо Форс кўрфазининг бошида жойлашгани учун денгизни дунёга олиб чиқувчи йўлга айлантирди.

Остимиздаги заминда милоддан аввалги VI минг йиллик охирига бориб тақаладиган, яъни 7000 йилдан ортиқ тарих яширинган.

Субия ҳудудидаги археологик қазишмалар Убайд маданияти билан боғлиқ манзилгоҳлар ва чиғаноқ мунчоқлар тайёрлайдиган устахоналар мавжуд бўлганини кўрсатди.

Самарқанд ва Қувайт савдо йўлларидаги бекатлар бўлган ва ҳар иккиси ҳам савдодан бойликдан-да каттароқ нарса — ўзаро алоқалар ва маданий мулоқотни яратган.

Қувайт ва Форс кўрфазида меҳмондўстлик маъносини англаш учун тарих китобини ўқиш шарт эмас — бу қадрият инсонга табиий равишда сингган.

Қувайтдаги бозорлар шунчаки дўконлар эмас, балки одамлар учрашадиган, танишадиган ва янги маданиятлар кириб келадиган масканлар бўлган.

Карвонлар ва кемалар Қувайтни Самарқанд билан бевосита боғлаган йўл бўлмаган бўлиши мумкин, аммо улар икки ҳудуд ўртасидаги энг муҳим мулоқот воситалари эди.

Форумдан менда қолган энг муҳим таассурот шу бўлдики, цивилизация ҳақидаги суҳбатни фақат музейлар ва китоблар доирасида чеклаб бўлмайди.

Мен 2026 йил август ойида Тошкентда бўлиб ўтган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиа-форумида иштирок этдим. Унда 50 га яқин давлатдан 300 нафарга яқин эксперт ва оммавий ахборот воситалари вакиллари жамланди. Форумдаги сессиялар ва ташрифлар давомида яна бир жиҳат — ҳанузгача бу заминда ўз изини сақлаб келаётган тарих — яққол намоён бўлди.

Форумда сўзга чиқиб, шундай фикр билдирдим: бугун медиа олдида турган ҳақиқий вазифа нафақат Ислом цивилизацияси хотирасини асраб қолиш, балки уни янги авлодга улар ўзларини бу тарихнинг бир қисми сифатида ҳис қиладиган тилда қайта тақдим этишдир. Бу тарих шунчаки эски китоб саҳифалари эмас, балки уларнинг ўз тарихи ва ҳикоясининг бир қисми эканини англатиш муҳим.

Тошкент ва Самарқанддаги маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги ўхшашлик ғояси мен учун бегона эмас. Мен буни бинолар, бозорлар, масжидлар, йўллар ва ҳатто одамларнинг меҳмон кутиш маданиятида ҳам кўраман. Шу нуқтадан Қувайт билан қиёс бошланди.

Мен Қувайт заминига ҳам Самарқандга қараганим каби назар солдим ва кўплаб тарихий манзилларда Қувайт ҳикояси ҳам цивилизация нуқтаи назаридан ўхшаш тарихга эга эканини англадим.

Самарқанд — минг йиллик цивилизациялар чорраҳаси

Бугун Самарқанд Марказий Осиёнинг энг қадимий тарихий шаҳарларидан бири сифатида намоён бўлади. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, ушбу ҳудудда одамлар яшаганининг далиллари милоддан аввалги тахминан 1500 йилларга бориб тақалади.

Самарқанднинг қадимий қисми — Афросиёб шаҳри милоддан аввалги VII асрда шаклланган.

Аммо Самарқанд фақат қадимийлиги туфайли буюк шаҳарга айланмаган. Унинг буюклигининг сири, аввало, жойлашувида эди. Шаҳар Хитой, Марказий Осиё, Эрон ва Яқин Шарқ ўртасида товарлар, ғоялар ва маданиятларни ташиган карвон йўллари чорраҳасида жойлашган.

Милодий дастлабки асрларга келиб, Самарқанд Буюк Ипак йўлларидаги муҳим марказлардан бирига айланди. XIV–XV асрларда, Темурийлар даврида эса ўз тараққиётининг энг юксак чўққисига етди. Шу боис ЮНЕСКО уни «маданиятлар чорраҳаси» деб таърифлайди.

Самарқанд тарихи, унинг олимлари, фақиҳлари, масжидлари ва меъморчилигига назар ташлар экансангиз, бу шахслар ва иншоотларни шунчаки тарихий ёдгорлик сифатида қабул қилиш қийин. Улар меъморлик, илм-фан, астрономия, савдо ва сиёсат ягона цивилизацион лойиҳанинг таркибий қисмлари бўлган давр қолдирган меросдир.

Тошкент — номи пайдо бўлишидан ҳам аввал бошланган тарих

Тошкентдаги ҳикоя мени «Чоч» минтақаси ва қадимий Канка шаҳрига олиб боради.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, Канка Чочнинг биринчи пойтахти бўлган. У улкан мустаҳкамланган шаҳар бўлиб, унинг ҳудудидан Буюк Ипак йўли тармоқлари ўтган.

Айни шу ҳудудда милоддан аввалги асрлардаёқ деҳқончилик ривожланган. Сув, қишлоқ хўжалиги ва савдо шаҳар аҳоли пунктларининг ривожланишида асосий омилларга айланган.

Бу ерда Форс кўрфази минтақаси учун ўйлашга арзийдиган жиҳат намоён бўлади: қадимги цивилизациялар шароитнинг мукаммал бўлишини кутиб ўтирмаган, балки географиянинг ўзига имконият сифатида қараган.

Ўзбекистон денгизга чиқиш имконига эга эмас эди, аммо Осиёнинг марказида жойлашган эди. Шунинг учун у карвон йўлларини ҳаёт томирига айлантирди.

Қувайт эса қитъанинг марказида эмас, Форс кўрфазининг бошида жойлашган эди. Шу сабабли у денгизни дунёга олиб чиқувчи йўлга айлантирди.

Қувайт — 7000 йилдан ортиқ тарихга эга ҳикоя

Бугунги замонавий шаҳарлари, портлари, йўллари ва бозорлари билан таниш бўлган Қувайт замини остида милоддан аввалги VI минг йиллик охирига, яъни 7000 йилдан ортиқ даврга бориб тақаладиган тарих яширинган.

Хусусан, Қувайт шимолидаги Субия ҳудудида олиб борилган археологик қазишмалар Убайд маданияти билан боғлиқ манзилгоҳлар ва чиғаноқлардан мунчоқлар тайёрлайдиган устахоналар бўлганини кўрсатди.

Шунингдек, денгизчилик фаолиятига оид далиллар, жумладан, энг қадимий денгиз қайиғининг лойдан ясалган намунаси ҳам аниқланган.

Самарқанд ва Қувайт — карвонлар ва савдо кемалари

Самарқанд билан Қувайтни бевосита боғлаган қадимий йўл мавжуд бўлгани ҳақида аниқ маълумотга дуч келмадим. Аммо уларнинг жойлашуви ва тарихдаги вазифасидаги ўхшашлик эътиборга лойиқ.

Самарқанд карвонлар учун бекат бўлган бўлса, Файлака ва Қувайт кемалар учун бекат вазифасини бажарган.

Самарқанд Шарқ ва Ғарбдан келганларга ўз эшикларини очган бўлса, Қувайт шимолий, шарқий ва жанубий Форс кўрфазидан келганлар учун ўз соҳилларини очган.

Иккаласи ҳам савдодан пулдан-да каттароқ нарса яратган: бошқаларни таниш, улар билан муносабат ўрнатиш ва уларнинг фарқларидан фойда олишни биладиган жамиятни шакллантирган.

Аввало — меҳмон

Қувайт ва ўзбек хонадонларидаги ўхшашлик

Қувайт ва Форс кўрфази минтақасида меҳмондўстлик маъносини англаш учун тарих китобини ўқиш шарт эмас.

Меҳмонхона, қаҳва, хурмо, таом, меҳмон ҳолидан хабар олиш ва мезбоннинг уни иззат-икром қилишга интилиши — буларнинг барчаси қувайтлик ва кўрфаз аҳлига табиий равишда сингган қадриятлар.

Ўзбекистонда ҳам шунга яқин манзарани ҳис қилдим. Чой, нон, оила даврасида биргаликда таомланиш ва меҳмонни самимий кутиб олиш орқали намоён бўладиган саховат оддий сайёҳлик одати эмас, балки ўзбек халқининг чуқур илдиз отган ижтимоий маданиятининг бир қисмидир.

Ҳатто бозорларнинг ўзида ҳам ўхшашлик бор.

Самарқанд ва Тошкентнинг қадимий бозорлари шунчаки олди-сотди жойлари бўлмагани каби, қадимий Қувайт бозорлари ҳам оддий дўконлардан иборат эмас эди. Улар одамлар учрашадиган, янгиликлар алмашадиган, танишадиган ва жамиятга янги маданиятлар кириб келадиган масканлар бўлган.

Илм-фанга ҳурмат масаласида ҳам шундай ўхшашликни кўриш мумкин.

Самарқанд астрономия, математика, тиббиёт ва диний илм олимлари билан боғлиқ бўлган бўлса, Қувайтда ҳам қадимдан мактаблар, диний таълим ва илмий мажлислар мавжуд бўлган. Кейинчалик бу тизим замонавий таълимга ўтди.

Тафсилотлар турлича бўлиши мумкин, аммо илмнинг қадри ва билимнинг жамиятдаги ўрни ҳар икки тажрибада ҳам яқин экани кўринади.

Қувайт ва Ўзбекистоннинг замонавий ҳикояси

Қувайт ва Ўзбекистон тарихининг энг гўзал жиҳати шундаки, бу ҳикоя фақат ўтмиш билан чекланмайди.

2025 йил 17–18 февраль кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қувайтга ташрифи икки давлат муносабатларида янги босқични бошлади.

Икки давлат муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқишни эълон қилди. Келишилган иқтисодий битимлар ва лойиҳалар пакетининг эълон қилинган қиймати қарийб 4,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Улар саноат, авиация, меҳнат, ақлли шаҳарлар, соғлиқни сақлаш, туризм, маданият ва санъат, шунингдек, Араб иқтисодий тараққиёти бўйича Қувайт жамғармаси билан ҳамкорлик каби кўплаб йўналишларни қамраб олди.

Ўтмишда карвонлар ва кемалар Қувайтни Самарқанд билан бевосита боғлаган йўл бўлмаган бўлиши мумкин. Аммо улар икки ҳудудда савдо ва маданий алоқаларнинг энг муҳим воситалари бўлган.

Бугун эса мулоқот инвестициялар, авиация, технология, сунъий интеллект, таълим ва тараққиёт лойиҳалари орқали амалга ошмоқда.

Қувайт тараққиёт жамғармаси Қувайтнинг бошқа давлатлар билан муносабатларидаги амалий жиҳатларнинг энг яққол кўринишларидан биридир.

1961 йилда ташкил этилган мазкур жамғарма шунчаки молиялаштириш воситаси бўлиб қолмади, балки Қувайтнинг ривожланаётган мамлакатларда танилган қиёфаларидан бирига айланди.

Жамғарма Ўзбекистонда ҳам қатор тараққиёт лойиҳаларини молиялаштирган. Жумладан, қишлоқ жойларда уй-жой инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси учун 9 миллион Қувайт динори — қарийб 30 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган.

Шунингдек, урология, буйрак касалликлари, диализ ва буйрак кўчириб ўтказишга ихтисослашган тиббий муассасаларни жиҳозлаш лойиҳасида ҳам иштирок этган.

Бугун эса замонавий Ўзбекистондаги тараққиёт ва ривожланиш нуқтаи назаридан мулоқотлар янада кенг соҳалар — инфратузилма, логистика, қишлоқ хўжалиги, яшил энергетика, соғлиқни сақлаш, саноат, хизматлар ва инвестицияларни қамраб олмоқда.

Айнан шу йўл сиёсий муносабатларни цивилизацион тараққиётга хизмат қиладиган ҳамкорлик лойиҳаларига айлантириши мумкин.

Цивилизация хотирасидан ҳамкорлик келажагига

Тошкентдаги форумдан менда қолган энг муҳим таассурот шу бўлдики, цивилизация ҳақидаги суҳбат фақат музейлар ва китоблар доирасида қолиб кетмаслиги керак.

Ҳақиқий цивилизация хотирадан келажакка ўта оладиган цивилизациядир.

Шу боис бугун Самарқанд ҳақида ўйлар эканман, уни Марказий Осиёдаги узоқ ва бегона шаҳар сифатида эмас, балки Қувайтга ўхшаш жиҳатлари бор шаҳар сифатида кўраман.

Чунки ҳар иккиси ҳам қадимдан дунёга очиқлик куч манбаи бўлиши мумкинлигини, бу эса миллий ўзига хосликка таҳдид эмаслигини англаб етган.

Самарқанд карвонлари ипак ва ғояларни ташиган бўлса, Қувайт кемалари марварид, товарлар ва хабарларни ташиган.

Бугун эса самолётлар, инвестициялар, университетлар, медиа ва маданият янада каттароқ нарсани — икки халқ ўртасидаги ҳамкорликни ташиши мумкин.

Ҳар икки халқнинг чуқур тарихи бор ва ҳар иккиси ҳам келажакка интилади.

Биздан ўтмишда яшаш талаб қилинмайди. Аксинча, келажакни илдизсиз қуриб қўймаслик учун ўтмишни яхши англашимиз керак.

Самарқанддан Файлакагача, Буюк Ипак йўлларидан Форс кўрфази йўлларигача замонлар ва воситалар ўзгаради.

Аммо инсон мулоқот қилиш, ўрганиш, савдо қилиш ва бошқани англашга интилишда давом этади. У бошқа томонни кашф этади ва ўз юртига дунё ҳақида олган янги билимлари билан янада бойиб қайтади.

Балким, Қувайт билан Самарқанд ўртасида харитада белгилаб қўйиш мумкин бўлган ягона қадимий йўл бўлмагандир.

Аммо улар ўртасида жуда қадимий бир ғоя бор:

цивилизация географияни чегарадан ҳамкорлик ва шериклик кўприкларига айлантирган пайтдан бошланади.

 

Дагы окуңуз

26.09.2025·14826
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
29.10.2025·12220
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
27.09.2025·9948
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
30.09.2025·7979
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди
Барча янгиликлар

Ислом цивилизацияси маркази

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Ижтимоий тармоқлар

Биз билан боғланиш

  • Телефон рақами: +998 55 511 23 06
  • Электрон почта: info@cisc.uz
  • E-XAT: uz.ism@exat.uz
  • Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорасарой 47

© 2026 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

Иштеп чыккан Neovex

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш
  • Лойиҳа муаллифи
  • Меҳмонларга
  • Қўлланма