Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ислом цивилизацияси маркази: миллий меросдан халқаро илмий мулоқотгача

Ўзбекистон заминида асрлар давомида шаклланган бой илмий, маърифий ва маданий меросни яхлит концепция асосида ўрганиш, асраб-авайлаш ва жаҳон жамоатчилигига кенг танитиш борасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази муҳим илмий-маърифий майдон сифатида шаклланмоқда. Марказ фаолияти нафақат юртимиз тарихидаги буюк алломалар ва илмий мактаблар меросини намоён этиш, балки уларнинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этишга қаратилган.

Бу вазифаларни самарали амалга оширишда мамлакатимиздаги илмий-тадқиқот муассасалари ва ихтисослашган марказлар билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик ана шундай муҳим илмий шерикликлардан биридир.

Айни пайтда икки марказ ҳамкорлигида Имом Мотуридий ва Мотуридийлик таълимотига бағишланган махсус китоб-альбом тайёрланмоқда. Мазкур нашр Ислом цивилизацияси марказининг буюк алломалар илмий меросини тизимли равишда ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги ишларининг муҳим давоми сифатида аҳамиятлидир.

Китоб-альбомда Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти, унинг бой мероси, Мотуридийлик таълимотининг моҳияти ва тарихий тараққиёти, шунингдек, мазкур таълимотнинг бугунги кундаги илмий-маърифий аҳамияти ёритилади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда Имом Мотуридий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, ихтисослашган илмий-тадқиқот марказлари фаолияти ҳам акс эттирилади.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Ойбек Сотволдиевнинг таъкидлашича, мазкур ҳамкорлик икки марказнинг умумий илмий-маърифий мақсадларидан келиб чиқади:

«Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги илмий-маърифий тадқиқот марказлари, хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида бир қатор йўналишларда ҳамкорлик алоқалари олиб борилмоқда. Айни вақтда икки марказ ҳамкорлигида Имом Мотуридий ва Мотуридийлик таълимотига бағишланган алоҳида китоб-альбом тайёрланмоқда».

Ислом цивилизацияси меросини яхлит тақдим этиш

Ислом цивилизацияси марказининг асосий вазифаларидан бириЎзбекистон ҳудудида шаклланган илмий ва маърифий мактабларни бир бутун цивилизацион жараён доирасида намоён этишдир. Бу жараёнда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Муҳаммад Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк алломаларнинг илмий мероси ўзаро боғлиқ ҳолда намоён бўлади.

Шу нуқтаи назардан, Марказ ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида аллома меросини ўрганиш билан бир қаторда, уни Ўзбекистонда шаклланган кенг ислом цивилизацияси муҳитининг таркибий қисми сифатида намоён этиш имконини беради.

Бундай ёндашув Марказнинг халқаро миссияси билан ҳамоҳанг. Зеро, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мамлакатимизнинг кўп асрлик илмий-маърифий анъаналарини замонавий илмий ёндашувлар асосида ўрганиш ва уларни халқаро майдонда кенг тарғиб этиш учун муҳим платформага айланмоқда.

Миллий меросни халқаро майдонга олиб чиқиш

Марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан яна бириЎзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнини халқаро ташкилотлар ва илмий жамоатчиликка кенг танитишдир.

Шу мақсадда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси каби ташкилотлар ўртасида ҳамкорликдаги ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур ҳамкорлик доирасида Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси соҳасидаги илмий-маърифий салоҳиятини халқаро майдонда намойиш этишга қаратилган махсус тақдимотлар тайёрланмоқда. Бу жараёнда Ислом цивилизацияси маркази асосий илмий-маърифий платформалардан бири сифатида иштирок этмоқда.

Тақдимотларни тайёрлаш мақсадида махсус ишчи гуруҳ ҳам шакллантирилган.

Жорий йил июль ойида Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳи ҳамда Женевадаги БМТ бўлинмасига амалий ташрифлар ташкил этилиб, Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси соҳасидаги мероси ва илмий салоҳиятига бағишланган махсус тақдимотларни ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва буюк алломалар меросига бағишланган махсус тадбирларни ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

ЮНЕСКОда Ўзбекистон ислом цивилизацияси тақдимоти

Жорий йил 7 октябрь куни Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва буюк алломалар меросига бағишланган махсус тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган.

Тадбирлар доирасида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари, унинг экспозициялари ҳамда юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси намойиш этилади.

Хусусан, кўргазма доирасида Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти ва илмий меросига бағишланган материаллар тақдим этилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилиб, унда ЮНЕСКО раҳбарияти ва вакиллари, халқаро ташкилотлар мутасаддилари, Франция ва бошқа давлатлардан олимлар, экспертлар ва тадқиқотчилар иштирок этиши режалаштирилмоқда.

Бундай тадбирлар Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформа сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш билан бирга, Ўзбекистонда шаклланган бой цивилизацион меросни халқаро аудиторияга яхлит тарзда тақдим этиш имконини беради.

Париждан Нью-Йорккача

Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси соҳасидаги илмий-маърифий салоҳиятини халқаро майдонда тарғиб этиш жараёни Париж билан чекланиб қолмайди. Кейинги босқичларда ушбу тақдимотларни Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош қароргоҳида ўтказиш масаласи ҳам кун тартибига қўйилган.

Бу жараёнда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.

Тақдимотларни ташкил этишда халқаро илмий ва маданий муассасалар — Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Франциядаги Темурийлар уюшмаси, ИРСИКА, Ал-Фурқон ислом мероси фонди ва бошқа ҳамкор ташкилотларнинг иштирок этиши ҳам кўзда тутилмоқда.

Шу тариқа, Ислом цивилизацияси маркази атрофида шаклланаётган илмий ҳамкорлик тармоғи миллий меросни ўрганишдан тортиб, уни халқаро илмий ва маданий майдонларда тақдим этишгача бўлган кенг жараённи қамраб олмоқда.

Илмий ҳамкорликягона мақсад сари

Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасидаги ҳамкорлик ана шу кенг кўламли вазифаларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Тайёрланаётган китоб-альбом эса ушбу ҳамкорликнинг амалий натижаларидан бири бўлиб, Имом Мотуридий меросини Ислом цивилизацияси марказининг умумий илмий-маърифий концепцияси доирасида кенг ёритишга хизмат қилади.

Айни пайтда Марказда буюк алломаларнинг илмий меросини ўрганиш, уларга бағишланган нашрлар тайёрлаш, кўргазмалар ташкил этиш ва халқаро илмий мулоқотларни ривожлантириш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.

Бу эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг нафақат тарихий меросни намойиш этувчи замонавий мажмуа, балки Ўзбекистоннинг кўп асрлик илмий-маърифий меросини ўрганиш, бирлаштириш ва дунёга тақдим этишга хизмат қилувчи халқаро илмий-маърифий платформа сифатидаги аҳамиятини янада оширмоқда.

Дурдона Расулова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1460426.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1201529.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
975627.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.