Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш

Ислом цивилизацияси маркази

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Ижтимоий тармоқлар

Биз билан боғланиш

  • Телефон рақами: +998 55 511 23 06
  • Электрон почта: info@cisc.uz
  • E-XAT: uz.ism@exat.uz
  • Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорасарой 47

© 2026 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

Иштеп чыккан Neovex

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш
  • Лойиҳа муаллифи
  • Меҳмонларга
  • Қўлланма
  1. Бош саҳифа
  2. /
  3. Янгиликлар

Янгиликлар

Макаланын толук тексти, сүрөттөр жана Борбордун башка жаңылыктары.

Туркий тилда мўъжизалар яратолган зот

18.09.2026, 11:18669
Туркий тилда мўъжизалар яратолган зот

Алишер Навоий — она тили шаъни ва қудратининг буюк ҳимоячиси

Миллатнинг хотираси ҳам, тафаккури ҳам, орзу-армонлари, дунёқараши ва руҳияти ҳам аввало тилда яшайди.

Шу маънода Алишер Навоийнинг туркий тил олдидаги хизматини фақат буюк шоирнинг адабиётга қўшган ҳиссаси билан ўлчаб бўлмайди. У ўз она тилининг қадри учун курашди, унинг имкониятларини назарий жиҳатдан асослади, шеъриятда амалда исботлади, давлат ва сарой муҳитидаги нуфузини оширишга хизмат қилди. Энг муҳими, ўз тилини кам кўрадиган, бошқа тилда сўзлаш ёки ижод қилишни маданиятлилик белгиси деб биладиган замондошларига сўз билан эмас, улкан ижодий мероси билан жавоб берди.

Навоий туркий тилни бошқа тилларга қарши қўймади. У форсийни ҳам мукаммал билар, Фоний тахаллуси билан бу тилда юксак асарлар яратар, Жомий, Ҳофиз, Саъдий, Низомий, Хусрав Деҳлавий каби буюк сўз санъаткорларига юксак эҳтиром билан қарар эди. Шунинг учун унинг тил ҳақидаги курашини бошқа тилни инкор этиш деб тушуниш мутлақо хато. Навоийнинг даъвоси бошқа эди: нега ўз она тили шунчалик бой ва гўзал бўла туриб, унинг фарзандлари ундан уялиши керак? Нега истеъдодли туркийлар ўз тилида эмас, фақат ўзга тилда қалам тебратишни шараф деб билиши керак? 

                                        Она тилимизга қўйилган ҳайкал

Навоий умрининг охирги йилларида — 1499 йилда «Муҳокамат ул-луғатайн» асарини яратди. Бу китобни оддий тил ҳақидаги рисола деб қараш камлик қилади. У — бир миллатнинг ўз тилига нисбатан ишончини тиклашга қаратилган маънавий дастурдир. Асарда туркий ва форсий тилларнинг луғавий бойлиги, маъно нозикликларини ифодалаш қуввати, сўз ясаш имкониятлари ва бадиий ифода воситалари қиёсий таҳлил қилинади.

Навоийни айниқса бир ҳолат изтиробга солади: туркий халқ орасидан чиққан истеъдод эгалари ўз она тили тургани ҳолда, истеъдодини ўзга тилда намоён этишга ошиқадилар. У алам билан шундай дейди: «...ўз тиллари турғоч, ўзга тил била зоҳир қилмаса эрди...» Агар ижодкор икки тилда ҳам ёза олса, Навоийнинг истаги оддий ва табиий эди: «Ўз тиллари била кўпрак айтсалар эрди...»

Яъни Навоий ҳеч кимга «бошқа тилни ўрганма», «бошқа тилда ёзма» демаяпти. Аксинча, икки тилни билиш — фазилат. Аммо инсоннинг ўз она тилини четга суриб, бошқа тилни нуфузлироқ деб билиши уни ташвишга солмоқда. Унинг назарида кўп тил билиш — бойлик, ўз тилини камситиш эса маънавий йўқотишдир.

Беш аср аввал айтилган бу фикр бугун ҳам ҳайратланарли даражада замонавий эшитилади.

Чунки тилнинг йўқолиши ҳар доим уни тақиқлашдан бошланмайди. Баъзан у одамнинг ўз тилини «оддий», «қўпол», «камбағал» деб ҳисоблай бошлашидан бошланади. Она тилида гапиришдан ор қилиш, ўзга тилда сўзлашни устунлик белгиси деб қабул қилиш — Навоий даврида ҳам мавжуд бўлган. «Муҳокамат ул-луғатайн» ана шу руҳий тобеликка қарши ёзилган асардир.

                    «Бир тушунча — етти хил ҳолат»

Навоий туркий тил бойлигини қуруқ мақтов билан эмас, аниқ далиллар билан кўрсатади. Асар қўлёзмаларида фарқ бўлишига қараб 99 ёки 100 тага яқин туркий феъл келтирилади ва уларнинг форсийда айнан муқобили ҳар доим ҳам топилмаслиги кўрсатилади.

Энг машҳур мисоллардан бири — йиғлаш ҳолатининг ифодаси.

Навоий «йиғламоқ» атрофида йиғламсинмоқ, инграмоқ, синграмоқ, сиқтамоқ, ўкирмоқ, иничкирмоқ каби ҳар бири алоҳида руҳий ҳолатни англатувчи сўзларни келтиради. Бир жойда:

          Зоҳид ишқин десаки, қилғай фош,

          Йиғламсинуру кўзига келмас ёш, - дейди.

«Йиғламсинмоқ» — чиндан йиғлаш эмас, йиғлаётгандек бўлиш. «Инграмоқ» ва «синграмоқ» эса дардни ичга ютиб, паст овозда нола қилишнинг турли тусларини англатади. Навоий учун мана шу маъно сояларининг ўзи тил қудратининг далили эди.

Демак, тилнинг бойлиги фақат луғатда қанча сўз борлиги билан ўлчанмайди. Бир туйғунинг неча хил рангини ажрата олиши билан ҳам ўлчанади. Навоий шу жиҳатдан туркий тилнинг қалб кечинмаларини ғоят нозик ифодалай олишини кўрсатди.

Аммо Навоий она тилини фақат «Муҳокамат ул-луғатайн»да ҳимоя қилиб қолмади.

Унинг энг катта далили — ўз ижоди эди. Навоий  «туркий тилда оддий шеър ёзиш мумкиндир, аммо Низомий ва Хусрав Деҳлавий сингари буюк достончилик мактабини яратиб бўлмайди», деган даъволарга ўз туркий  «Хамса» билан жавоб берди.

1483–1485 йилларда у «Ҳайрат ул-аброр», «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабъаи сайёр» ва «Садди Искандарий» достонларидан иборат улкан «Хамса»сини туркий тилда яратди. Манбалар ҳар бир достоннинг ана шу икки-уч йиллик ғоят жадал ижодий даврда майдонга келганини кўрсатади.

                              Туркий тилдаги мўъжизалар

Навоий туркий тилда фалсафа ҳам, ишқ ҳам, ахлоқ ҳам, сиёсат ҳам, тарих ҳам, инсон руҳиятининг энг мураккаб ҳолатлари ҳам юксак бадиий даражада ифода этилиши мумкин, деган ҳақиқатни амалда исботлади.           Шу маънода Навоий кейинчалик ўз ижодий зафарини ғоят ифтихор билан:

                    «Турк назмида чу мен тортиб алам,

                    Айладим ул мамлакатни якқалам»,

деб ифодалайди. Бу ердаги «алам» — байроқ. Яъни шоир туркий шеърият байроғини кўтарганини айтади.

Навоий ижоди ҳақида сўз кетганда, айримлар арабий ва форсий сўзларнинг ҳаддан ташқари кўп ишлатилганини иддао қиладилар. Шарқ, хусусан мусулмон халқларининг тилларида бундай ҳол, айниқса Навоий яшаган даврда табиий саналган. Ҳатто, форсий адабиёт дурдоналарининг ҳам аксариятида  арабий сўз ва ибораларнинг бениҳоя кўплиги яққол кўзга ташланади. Ҳазрат Навоийнинг айрим байтлари соф туркий сўзлардан таркиб топгани, шу билан бирга  шакл ва мазмун жиҳатидан мукаммаллиги кишини ҳайратга солади. Масалан:

          Найладим, нетдимки, бир йўли чекиб мендин илик,

          Энди эрмастурсиз андоқким, бурун бор эрдингиз...

Ёки форсий ва арабий сўзлар мутлақо ишлдатилмаган мана бу рубоийга эътибор беринг:

          Кўз бирла қошинг яхши, қабоғинг яхши,

          Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши.

          Энг бирла менгинг яхши, сақоғинг яхши,

          Бир-бир не дейин, бошдин аёғинг яхши.

Бу мисралар ҳар қандай ёт сўзлар иштирокисиз ҳам бетакрор шеърлар битиш мумкинлигини яққол кўрсатади. Туркий тилнинг малоҳати, фасоҳати, тенгсиз гўзаллигини ифодалочи бундай мисолларни Навоий ижодидан кўплаб келтириш мумкин.

                              Ғазалдаги бир сўз — бир олам

Навоийнинг туркий тил имкониятлари ҳақидаги энг гўзал исботини эса унинг ғазалларидан топамиз.

Талблик чоғимизда, бир дарсда марҳум устозимиз Омонулла Мадаев Ҳазрат Навоийнинг:

          Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,

          Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас,

шеърини ўқий туриб, беихтиёр йиғлаб юборган,  кўзда ёш билан “Навоий инсон эмас, айтинглар, ахир, инсон боласи шундай шеър ёза оладими,  а” деганлари ҳамон эсимда.

Ёки мана бу мисрларнинг мағзини чақишга уриниб ўрайлик:

          Ситам эрмас эдиким, айладинг кўнглумни юз парканд,

          Ситам будурки тикмак бирла истарсен анга пайванд.

          Ҳам ип кул бўлғаю ҳам игна су бўлғай тикар бўлсанг

          Нединким, бор алардин ахгари сўзанда ҳар парканд.

Яъни, ошиқ ўз маъшуққасига “сен қалбимни парча-парча қилдинг. Аммо мени энг кўп қийнаётган нарса бу ҳам эмас. Энди уни қайта бир-бирига улмоққчи  бўлишинг янада оғир. Чунки қалбимнинг ҳар бир парчаси ишқ оловида шунчалик ёниб, чўғ бўлиб турибдики,   уни тикишга ип дош бермай куйиб кетади, игна эса ҳароратидан эриб кетади» демоқда.

Ошиқнинг абгор ҳолатини бундан-да чиройлироқ тарзда яна қандй ифодалаш мумкин?

«Муҳокамат ул-луғатайн»да Навоий форсий адабиётнинг буюк намояндаларини яхши билган ҳолда айрим маъно, сўз ўйини ва туйғу нозикликларини туркийда таъсирчанроқ ифодалаш мумкинлигини мисоллар билан кўрсатади. Хусусан, тажнис ва ийҳом учун туркийдаги кўп маъноли сўзларнинг имконияти кенглигини таъкидлайди.

          Эшитдим зулфини юздин кечибдур,

          Дедимки кеча кундуздин кечибдур

          Агар юз ёшлиға раҳминг келурса,

          Менинг ёшим ики юздин кечибдур...

Зулф билан юз одатдан тун ва кунга қиёсланади. Юздан пастга тушган зулфни шоир “кечанинг кундуздан ўзиши”, ёки кечанинг кундузга нисбатан узайишига  қиёслайди. Кейинги байтни эса икки хил маънода тушуниш мумкин. Биринчи маъноси:  агар юзи  ёшдан ивиган одамга раҳминг келса, қара, менинг ёшларим икки юзимни ювмоқда. Иккинчи маъноси: Агар юз ёшли одамга кекса экан деб, раҳм қилсанг, мен бу раҳмга икки бор сазоворман. Менинг ёшим икки юздан ошган... Хуллас... изоҳга ҳожат йўқ. Фақат савол бор: бундай гўзал ўхшатиш, сўз ўйинларини бошқа яна қайси тилда ярата олиш мумкин?

                    Ҳусайн Бойқаро ва тилнинг нуфузи

Навоийнинг саъй-ҳаракатлари фақат ижодхона билан чегараланмади. У давлат арбоби сифатида ҳам туркий тил мавқеининг юксалишида катта роль ўйнади.

Бу борада унинг яқин дўсти ва ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаронинг қўллаб-қувватлаши айниқса муҳим эди. Ҳусайн Бойқаронинг ўзи ҳам туркийда ғазаллар ёзган ва туркий ижодни рағбатлантирган. Илмий манбаларда унинг шоирларни она тилида ижод қилишга даъват этгани, ҳатто бу борада махсус ҳукм ва фармонлар бергани қайд этилади. Навоий «Муҳокамат ул-луғатайн»да буни: «...назм қилурға ҳукмлар ҳам жорий бўлди...» деган мазмунда ифодалайди.

Албатта, XV аср воқелигига бугунги конституциявий маънодаги «давлат тили» тушунчасини айнан кўчириш тарихий жиҳатдан эҳтиёткорликни талаб этади. Аммо бир нарса аниқ: Навоий ва Ҳусайн Бойқаро даврида туркий тил Ҳирот саройи, адабий муҳит ва давлат маданий ҳаётида мислсиз нуфузга эришди.

Бу жараёнда Навоий ижодкор, мутафаккир, ташкилотчи ва давлат арбоби сифатида бир вақтнинг ўзида ҳаракат қилди.

          Она тилида буюк адабиёт яратди.

          Она тилида мактублар битди.

          Она тилида достонлар яратди.

          Она тилида илмий рисола ёзди.

          Она тилида ижод қиладиган муҳит шаклланишига хизмат қилди.

          Ва ниҳоят, давлат ҳукмдори эътиборини ҳам шу тилга жалб эта олди.

У унинг учун тортишди, далил келтирди, рисола ёзди. Аммо энг муҳими — туркий тилда шундай асарлар яратдики, шундан кейин бу тилнинг имкониятини инкор этишнинг ўзи имконсиз бўлиб қолди.

                             Давлат раҳбарининг доимий эътиборида

Сир эмаски, Алишер Навоий XV асрда туркий тилнинг бадиий қудрати ва ифода имкониятларини бутун оламга намоён этиб, уни юксак адабий тил даражасига кўтарган эди. Орадан беш асрдан зиёд вақт ўтиб, бугун ўзбек тилининг мавқеини мустаҳкамлаш, уни замон билан ҳамнафас ривожлантириш давлат сиёсатида муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.

2019 йил 21 октябрда Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Она тилимизнинг халқаро минбарларда янграши ҳам бу жараённинг эътиборли воқеаларидан бири бўлди. 2020 йил 23 сентябрда Президент БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлади. Кейинги йилларда ҳам БМТнинг юксак минбаридан Ўзбекистоннинг ташаббус ва позициялари давлат тилида баён этилди.

Бу масала Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги тантаналарида ҳам алоҳида маъно касб этди. 2026 йил 28 августдаги нутқида Президент мустақиллик «она тилимизни, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди», дея таъкидлади. 

Дарҳақиат. Давлтимиз раҳбари ушбу минбарда таъкидлаганларидек, «Ўзбек тили – рақамли дунёда ҳам илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим». Бу фикр Навоий бошлаган буюк маърифий анъананинг замонавий давомини эслатади: улуғ шоир ўз замонида туркий тилнинг шеърият ва тафаккур тили бўлишга қодирлигини исботлаган бўлса, бугун ўзбек тили олдида илм-фан, рақамли технологиялар ва инновациялар тили сифатида ҳам ўз имкониятларини кенг намоён этиш вазифаси турибди.

Шак-шубҳасиз, Янги Ўзбекистонда бундай  эзгу мақсадларни  амалга ошириш учун  барча имкониятлар, шарт-шароитлар мавжуд.

 

                     Рустам Жабборов,

                    Филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Дагы окуңуз

26.09.2025·14820
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
29.10.2025·12215
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
27.09.2025·9943
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
30.09.2025·7974
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди
Барча янгиликлар