

Янгиликлар
65 метрлик гумбаз остида сақланаётган Усмон Мусҳафи бизгача қандай етиб келган?
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қуръони карим зали марказида VII асрга мансуб қадимий Қуръон қўлёзмаси — Усмон Мусҳафи намойиш этилмоқда. Аммо бу нодир қўлёзманинг бугунги манзилига етиб келгунига қадар босиб ўтган йўли қарийб ўн тўрт асрлик Қуръон китобати тарихи, Самарқанд, Санкт-Петербург, Уфа ва Тошкент билан боғлиқ мураккаб тарихий жараёнларни қамраб олади. Бу тарихни англаш учун аввало Қуръони каримнинг илк бор Мусҳаф шаклида жамланиш жараёнига назар ташлаш.
VII аср: Қуръоннинг Мусҳаф шаклида жамланиши
Қуръони каримнинг Мусҳаф шаклида жамланиши икки муҳим босқичда амалга ошган. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида Қуръон оятлари саҳобалар томонидан ёд олиниб, ваҳий котиблари томонидан турли ёзув материалларига қайд этилган. Бироқ улар ҳали ягона Мусҳаф ҳолида жамланмаган эди.
Пайғамбар вафотларидан кейин Абу Бакр Сиддиқ халифалиги даврида юз берган Ямома жангида кўплаб Қуръон қориларининг шаҳид бўлиши Қуръон матнини бир жойга жамлаш заруратини кучайтирди. Имом Бухорий Зайд ибн Собитдан ривоят қилган ҳадисга кўра, Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга Қуръонни жамлашни таклиф қилган. Бу вазифа Зайд ибн Собитга топширилган. Зайд Қуръон оятларини ёзма манбалар ҳамда саҳобаларнинг ёдидаги қироатлар билан солиштириб жамлаган. Натижада Қуръон суҳуф — саҳифалар мажмуаси ҳолига келтирилган. Бу саҳифалар дастлаб Абу Бакрда, кейинчалик Умар ибн Хаттобда, ундан сўнг эса Ҳафса бинти Умар ҳузурида сақланган.
Усмон ибн Аффон даври: расмий Мусҳаф нусхалари
Усмон ибн Аффон халифалиги даврида ислом давлати ҳудуди кенгайиб, турли ўлкалардаги мусулмонлар орасида Қуръон қироатига оид тафовутлар сезила бошлади. Имом Бухорий Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадисга кўра, Ҳузайфа ибн Ямон Армания ва манбаларда 'Азарбайжон' деб аталган тарихий ҳудудларга юришларида Шом ва Ироқ аскарлари орасидаги қироат фарқларини кўриб, Усмон ибн Аффонни бундан огоҳлантирган.
Шундан сўнг халифа Ҳафса бинти Умар ҳузуридаги саҳифаларни олиб келишни буюриб, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Ос ва Абдураҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомдан иборат ҳайъатга расмий Мусҳаф нусхаларини тайёрлашни топширган. Тайёрланган Мусҳафлар мусулмон дунёсининг йирик марказларига юборилган. Шу тариқа Абу Бакр даврида Қуръон бир жойга жамланган бўлса, Усмон ибн Аффон даврида мазкур матн асосида расмий Мусҳаф нусхалари тайёрланиб, мусулмон ўлкаларига тарқатилган.
Мусҳафнинг Марказий Осиёга келиш тарихи
Мусҳафнинг Марказий Осиёга айнан қачон ва қандай йўл билан келгани масаласи ҳануз илмий тадқиқотлар мавзуси бўлиб қолмоқда. Кенг тарқалган маълумотларга кўра, “Усмон Мусҳафи” XIV асрда буюк бобомиз Амир Темур томонидан Ироқдан Самарқандга олиб келинган. Шундан сўнг ушбу нодир қўлёзма узоқ йиллар давомида Самарқанддаги Нодир Девонбеги мадрасасида эъзоз билан сақланган.
1868 йил: Самарқанддан Санкт-Петербургга
Усмон Мусҳафи тарихининг ҳужжатлар билан аниқроқ кузатиладиган даври XIX асрдан бошланади. Мусҳаф 1868 йилда (айрим манбаларда 1869 йилда) Самарқанддан Санкт-Петербургга олиб кетилган ва аввал Россия халқ маорифи вазирлигига, кейинчалик эса Салтиков-Шчедрин кутубхонасига топширилган.
1905 йил: Мусҳафнинг факсимиле нусхалари
Санкт-Петербургда Мусҳаф нафақат сақланган, балки илмий ва нашрий жиҳатдан ўрганилган. 1905 йилда унинг 50 дона факсимиле нусхаси тайёрланган. Бу нашр қадимий қўлёзмани бевосита кўриш имконига эга бўлмаган тадқиқотчилар учун унинг матни ва ёзув хусусиятларини ўрганишда муҳим манбага айланган.
1917 йилдан кейин: Мусҳафни қайтариш талаби
Сиёсий ўзгаришлардан сўнг мусулмон жамоатчилиги қадимий Мусҳафни ўз тасарруфига қайтариш масаласини кўтарди. Натижада қўлёзма Санкт-Петербургдан чиқарилиб, дастлаб Уфага олиб борилди. Шундан кейин унинг йўли яна Туркистон томон бурилди.
1924 йил: Тошкентга қайтиш
1924 йилда Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтарилган. Қўлёзма Ўзбекистон давлат тарихи музейида сақлана бошлаган. Шу тариқа Мусҳафнинг қарийб ярим аср давом этган Самарқанд — Санкт-Петербург — Уфа — Тошкент тарихий йўли якунланган.
1989 йил: диний идора тасарруфига топширилиши
Мусҳаф бир неча ўн йил давомида музей фондида сақланди. 1989 йилда Ўзбекистон ҳукумати қарори асосида қўлёзма Ўзбекистон мусулмонлари идорасига топширилди. 1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган мусулмонларнинг тўртинчи қурултойида Мусҳаф мусулмонлар тасарруфига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинги йилларда у Ҳазрати Имом мажмуасидаги Мўйи Муборак мадрасасида сақланди.
1996–2000 йиллар: ЮНЕСКО эътирофи
Усмон Мусҳафининг халқаро миқёсдаги тарихида 1990 йиллар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон қўлёзмани ЮНЕСКОнинг “Memory of the World” — “Жаҳон хотираси” халқаро реестрига киритиш учун 1996 йилда тақдим этди. 1997 йилда Усмон Мусҳафи ушбу халқаро реестрга киритилди. 2000 йил 28 августда эса мазкур эътирофни тасдиқловчи махсус сертификат тақдим этилди. Шу тариқа қўлёзма халқаро даражада муҳим ёзма тарихий мерос сифатида эътироф этилди.
2007 йил: махсус сақлаш тизими
Қадимий қўлёзмани замонавий талаблар асосида сақлаш мақсадида 2007 йил 8 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 115 сон қарори қабул қилинди. Германияда ишлаб чиқарилган махсус ҳимоя қурилмаси олиб келиниб, Мусҳафни муайян ҳарорат ва намлик шароитида сақлаш тизими яратилди. Бу қўлёзманинг узоқ муддат сақланишини таъминлаш йўлидаги муҳим босқичлардан бири бўлди.
2025 йил 13 ноябр: янги манзил
Усмон Мусҳафи тарихидаги навбатдаги муҳим сана — 2025 йил 13 ноябр. Шу куни қўлёзма Ҳазрати Имом мажмуасидаги Мўйи Муборак мадрасасидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келиниб, Қуръони карим залидаги махсус ҳимояланган витринага жойлаштирилди. Шу кундан буён қарийб ўн тўрт асрлик тарих билан боғлиқ ушбу нодир ёдгорлик Марказнинг Қуръон залида намойиш этилмоқда.
338 варақдан иборат Мусҳаф
Бугунги кунда ушбу Мусҳаф 338 варақдан иборат бўлиб, ҳар бир варақнинг ўлчами 53 × 68 сантиметрни ташкил этади. Қуръон матни кийик терисига Ҳижоз хатида битилган. Қўлёзма ёзувида ҳаракат ва нуқталар қўлланмаган, ҳар бир саҳифада эса 12 қатор матн жойлаштирилган. Қуръони каримдаги 114 сурадан 89 таси ушбу Мусҳафда сақланиб қолмаган. Қолган 23 та суранинг айрим қисмлари бизгача етиб келган. Фақат иккита сура — Анъом ва Тоҳа суралари тўлиқ ҳолатда сақланган.
Бугун: 65 метрлик гумбаз остидаги Мусҳаф
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қуръони карим залига кирган меҳмон аввало унинг кўламини ҳис қилади. Саккиз қиррали залнинг диаметри 45 метр, умумий майдони 1 638 квадрат метрни ташкил этади. Нигоҳ юқорига кўтарилганда 65 метр баландликдаги улкан гумбаз кўринади. Унинг безакларида 1 миллион 600 мингдан ортиқ Сваровсий кристаллари фойдаланилган. Залда замонавий мультимедиа технологиялари асосида махсус Қуръони карим маппинг-шоуси ҳам намойиш этилади. Унда Қуръони каримнинг нозил бўлиш жараёни ёруғлик, тасвир ва овоз уйғунлиги воситасида таъсирчан ва бадиий шаклда гавдалантирилади. Ана шу маҳобатли ва рамзий маконнинг марказида эса VII асрга мансуб Усмон Мусҳафи жойлашган.
Бир Мусҳаф атрофида 114 Қуръон қўлёзмаси
Қуръон залининг экспозицияси фақат Усмон Мусҳафи билан чекланмайди. Марказий экспонат атрофида жами 114 та Қуръон қўлёзмаси жамланган. Бу сон рамзий жиҳатдан ҳам муҳим: Қуръони карим 114 сурадан иборат. Экспозицияда Сомонийлар, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Ғазнавийлар, Темурийлар ва Шайбонийлар даврига оид Қуръон нусхаларини кўриш мумкин. Шу тариқа залга ташриф буюрган киши фақат битта қадимий қўлёзмани эмас, балки Марказий Осиёда асрлар давомида шаклланган Қуръон китобати, хаттотлик ва қўлёзмачилик маданиятини бир маконда кўради.
8 та ипак гилам ва 8 та шамс
Қуръон залининг яна бир муҳим бадиий қисми — Қуръон оятлари туширилган йирик ипак гиламлардир. Залнинг 4 равоқ қисмида жами 8 та йирик ипак гилам жойлаштирилган. Уларга Қуръони каримнинг турли сураларидан танланган оятлар битилган. Шу тариқа меъморчилик, хаттотлик, қўлёзма мероси ва замонавий музей технологиялари ягона маконда уйғунлаштирилган. Бундан ташқари, гиламлар устига доира шаклидаги 8 та шамс жойлаштирилган бўлиб, уларнинг ҳар бирига махсус дуолар битилган.
Сарвар Шаропов
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.