Нуронийлар ва ёшлар Ислом цивилизацияси марказида маърифий учрашув ўтказдилар

Ёш авлоднинг тарихий хотираси ва миллий қадриятларга бўлган қизиқишини ошириш, уларни илм-маърифатга кенг жалб этишда маърифий учрашувларнинг аҳамияти катта. Шу мақсадда «Нуронийлар жамғармаси» ташаббуси билан бир гуруҳ ўқувчи-ёшлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар.
Ташриф давомида ёшлар Марказ экспозициялари билан танишиб, юртимиз ҳудудида асрлар давомида шаклланган илмий ва маданий мерос, буюк алломаларнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот олдилар. Марказнинг замонавий кутубхонаси, тарихий қўлёзмалар ва нодир экспонатлар ҳам уларда катта қизиқиш уйғотди.
Маърифий ташриф доирасида нуронийлар ва ёшлар ўртасида самимий мулоқот ҳам ташкил этилди. Учрашувда катта авлод вакиллари ҳаётий тажрибалари, таълим-тарбия ва илм олишнинг инсон камолотидаги ўрни ҳақида фикрлари билан ўртоқлашдилар. Ёшлар эса ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, тарих, илм-фан, китобхонлик ва замонавий таълим масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Мулоқотда инсоннинг билим олишга бўлган интилиши ва ўз устида мунтазам ишлаши юксак натижаларнинг муҳим омили экани таъкидланди. Зеро, тарихда ном қолдирган буюк алломаларнинг илмий мероси ортида йиллар давомидаги изланиш, меҳнат ва маърифатга бўлган садоқат мужассам.
Бундай учрашувлар ёшларни аждодлар меросини чуқурроқ ўрганишга, нуронийларнинг ҳаётий тажрибасидан сабоқ олишга ва илмга бўлган қизиқишини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Нуронийлар ва ёшларни бир маърифий масканда бирлаштирган мазкур ташриф авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни мустаҳкамлаш, тарихий меросни янги авлодга етказиш ва уни асраб-авайлашнинг амалий ифодаси бўлди.


