Болалар илм оламида: тарихий меросдан замонавий кашфиётлар сари

Ислом цивилизацияси марказидаги Болалар экспозицияси буюк алломаларнинг илмий меросини интерактив тажриба, замонавий технология ва ижодий изланишлар орқали ёш авлодга етказади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказидаги Болалар экспозицияси тарихий меросни замонавий таълим усуллари асосида талқин этувчи илмий-маърифий макондир. Унда ёш ташрифчи тайёр маълумотни қабул қилувчи кузатувчи эмас, балки савол берадиган, тажриба ўтказадиган ва мустақил хулоса чиқарадиган фаол иштирокчига айланади.
Экспозициянинг асосий мақсади — Ўзбекистон ва Марказий Осиё заминида етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига қўшган ҳиссасини болалар учун тушунарли ҳамда таъсирчан шаклда очиб беришдир. Шу орқали тарихий билимлар билан замонавий фан ва технологиялар ўртасидаги узвий боғлиқлик намоён этилади.
Тарихни англашнинг янги усули
Экспозиция мазмуни болани тарихий билимдан мустақил изланишга олиб борадиган мантиқий тамойил асосида қурилган. Дастлаб у алломаларнинг ҳаёти, илмий муҳити ва кашфиётлари билан танишади. Кейин рақамли технологиялар ёрдамида уларнинг илмий қарашлари ҳақида маълумот олади. Навбатдаги босқичда эса ўрганган тушунчаларини интерактив қурилмалар ва амалий тажрибалар орқали синаб кўради.
«Ўзбекистондан дунёга 1001 ихтиро» номли ёруғ китоб, унинг атрофидаги анимациялар, тарихий нақш ва рамзлар экспозициянинг асосий ғоясини ифодалайди. Сенсорли экранлардаги савол ва топшириқлар боланинг мавзуга қизиқишини ошириш билан бирга, уни кейинги илмий-ижодий жараёнга тайёрлайди.
Интерактив аватарлар орқали ёш ташрифчилар Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино сингари буюк алломаларнинг ҳаёти, қизиқишлари ва илмий изланишлари ҳақида маълумот оладилар. Бу усул тарихий шахсларни бола тасаввурида узоқ ўтмишдаги мавҳум сиймолар эмас, балки билимга интилиш, изланиш ва қатъият орқали юксалган инсонлар сифатида гавдалантиради.
Қизиқувчан Нозима ва унинг сунъий интеллектли дўсти Ҳаким иштирокидаги анимацион фильм ҳам шу ғояни давом эттиради. Қаҳрамонларнинг «Ўзбекистондан дунёга 1001 ихтиро» китоби саҳифалари бўйлаб саёҳати буюк кашфиётлар кўпинча оддий савол, кузатув ва ҳайратдан бошланишини кўрсатади.
Илмий ғоядан амалий тажрибага
«Ғоялар олами» экспозициянинг асосий амалий қисми бўлиб, унда фан, технология, муҳандислик ва санъатни бирлаштирган 15 дан ортиқ интерактив қурилма ҳамда тажриба майдончаси жойлаштирилган. Уларнинг ҳар бири муайян илмий ҳодисани бевосита кузатиш, синаб кўриш ва натижасини таҳлил қилиш имконини беради.
Магнитли шар деворида бола ҳаракат йўналишини мустақил равишда тузади, уни синаб кўради ва зарур бўлса, ечимини ўзгартиради. Сув гирдоби ва шамол трубаси оқим, ҳаво босими ҳамда шаклнинг ҳаракатга таъсирини кузатишга ёрдам беради. Ричаг қурилмаси орқали эса куч, таянч нуқтаси ва мувозанат ўртасидаги боғлиқлик амалий тажриба асосида англанади.
Рақамли телескоп Қуёш тизими ва сайёралар ҳақидаги билимларни кенгайтиради. Бу йўналиш Аҳмад Фарғоний, Улуғбек Мирзо ва Али Қушчи номи билан боғлиқ бой астрономик анъаналарни замонавий таълим воситалари орқали давом эттиради. Шу тариқа бола аждодларимизнинг осмон жисмларини кузатиш ва аниқ ўлчашга асосланган илмий фаолияти билан танишади.
Рақамли граффити, мусиқа девори, овоз ўлчагич, рангли соялар ва жамоавий проекция каби воситалар илм-фан билан санъат ўртасидаги алоқани очиб беради. Болалар товуш хусусиятларини ўрганади, рангларни уйғунлаштиради, нақш ва тасвирлар яратади ҳамда жамоавий ижод жараёнида иштирок этади.
Бу жараёнда алломаларнинг илмий мероси алоҳида мавзулар билан боғланади: Хоразмий — мантиқий ва математик тафаккур, Аҳмад Фарғоний ва Улуғбек Мирзо — астрономик кузатув ва ўлчаш, Абу Али ибн Сино — инсон организми ва тиббий тафаккур, Абу Наср Форобий — мусиқа ва товуш назарияси, Камолиддин Беҳзод ижоди эса ранг, нақш ва тасвирий санъат орқали талқин этилади.
Музей, интерактив таълим ва ижодий изланиш уйғунлиги
Болалар экспозициясининг педагогик аҳамияти унинг кўп қиррали ўрганиш моделида намоён бўлади. Ташрифчи матнни ўқийди, тасвир ва анимацияларни кузатади, овозни эшитади, қурилмаларни ҳаракатга келтиради, ўз тахминини синаб кўради ва натижани таҳлил қилади. Бундай ёндашув маълумотни шунчаки ёдлашга эмас, балки савол бериш, далилларни кузатиш, тажриба ўтказиш ва мустақил хулоса чиқаришга асосланади.
Экспозиция контентининг ўзбек, рус ва инглиз тилларида тақдим этилиши маҳаллий мактаб гуруҳлари, оилалар ва хорижий меҳмонлар учун очиқ таълим муҳитини яратади. Тарих, замонавий технология ва амалий тажрибани ягона маконда бирлаштирган ушбу бўлим музей экспозицияси, интерактив таълим майдони ва ижодий устахона хусусиятларини ўзаро уйғунлаштиради.
Болалар экспозицияси Ислом цивилизацияси марказининг тарихий меросни ўрганиш, асраш ва замонавий усулларда кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган илмий-маърифий миссиясини ёш авлод нуқтаи назаридан давом эттиради. Бу ерда алломаларнинг илмий ғоялари музей витриналарида қолиб кетмайди — улар рақамли тасвирлар, ҳаракатланувчи моделлар, товуш, ранг ва амалий тажрибалар орқали қайта намоён бўлади.
Натижада бола аждодлар меросини фақат ўтмишга тегишли тайёр билим сифатида эмас, балки ўрганиш, ривожлантириш ва давом эттириш мумкин бўлган илмий тафаккур тизими сифатида қабул қилади. Экспозициянинг асосий ғояси ҳам шунда: буюк кашфиётларга олиб борадиган қизиқиш, кузатув, савол ва изланиш жараёни ҳар бир бола учун очиқ. Бу маънода буюк мерос якунланган тарих эмас, балки келажак кашфиётлари учун мустаҳкам пойдевордир.
Шаҳина Алижонова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин


