Клавихо нигоҳида Амир Темур ва Темурийлар салтанати

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг машҳур сафарномаси асосида янги нашр тайёрланмоқда.
Тарихни англаш, аввало, уни турли манбалар ва турли нигоҳлар орқали ўрганишни тақозо этади. Айниқса, муайян давр ёки шахс ҳақидаги тасаввурни бойитишда шу замонда яшаган, воқеаларга бевосита гувоҳ бўлган хорижлик муаллифларнинг ёзма мероси алоҳида аҳамият касб этади. Шу маънода XIV–XV асрлар бўсағасида Мовароуннаҳрда кечган тарихий жараёнлар, Амир Темур салтанати, Самарқанднинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёти ҳақида ғоят қимматли маълумотларни сақлаб қолган манбалардан бири испан элчиси Дон Рюи Гонсалес де Клавихонинг сафар кундаликларидир.
Айни шу ноёб манба асосида тайёрланган «Самарқандга, Темур саройига саёҳат кундалиги. 1403–1406 йиллар» асари бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида нашр этилмоқда. Мазкур нашр Амир Темур ва Темурийлар даврини хорижлик элчи ва сайёҳ кўзи билан кўрсатиш, ўша давр муҳити ҳақида тасаввур уйғотиш ҳамда Шарқ ва Ғарб ўртасидаги тарихий алоқаларни ёритиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Шарқ ва Ғарбни боғлаган тарихий манба
Амир Темур шахси ва Темурийлар даврига бағишланган асарлар жаҳон тарихий ва адабий меросида салмоқли ўрин тутади. Турли давр ва мамлакатларда турли муаллифлар томонидан яратилган бундай асарлар Соҳибқирон фаолиятига ҳар хил нуқтаи назарлардан ёндашиш имконини беради.
Шу нуқтаи назардан Клавихонинг сафарномаси алоҳида аҳамиятга эга. Чунки муаллиф воқеаларни кейинчалик эшитиб эмас, балки Амир Темур салтанатига қилган сафари давомида бевосита кўрган-кечирганлари асосида қайд этган. Клавихо 1403 йил 22 майда Испаниянинг Кадис шаҳрида сафарга чиқиб, Родос, Истанбул, Трабзон, Арзирум, Табриз, Теҳрон, Машҳад, Марв ва Балх орқали Мовароуннаҳрга етиб келган. У 1404 йил сентябрида Самарқандга кириб келиб, бу ерда олти ойга яқин вақт давомида мамлакат табиати, халқи, давлат тузилиши, ички ва ташқи сиёсат, сарой ҳаёти ва шаҳарларни кузатган.
Унинг сафаридан кўзланган асосий мақсад ҳам оддий сайёҳлик эмас эди. Клавихо Кастилия ва Леон қироли Дон Энрике III томонидан Амир Темур ҳузурига юборилган дипломатик миссияга раҳбарлик қилган. Бу эса сафарноманинг мазмунига ҳам ўз таъсирини кўрсатган: муаллиф нафақат шаҳар ва табиат манзараларини, балки давлат бошқаруви, дипломатик муносабатлар, сарой маросимлари ва халқаро алоқаларни ҳам диққат билан қайд этган.
Амир Темур ва Европа: дипломатиянинг кенг майдони
Клавихо сафарномасини англаш учун Амир Темур даврида Шарқ ва Ғарб ўртасида шаклланган сиёсий муносабатларга назар ташлаш муҳим.
XIV аср охирида Амир Темур салтанатининг тобора кучайиб бориши Европа давлатларининг ҳам эътиборини Мовароуннаҳрга қаратган. Айниқса, Усмонийлар султони Йилдирим Боязиднинг Кичик Осиёдаги мавқеи кучайиши Европа ҳукмдорларини хавотирга солган бир пайтда Амир Темур номи Ғарбда ҳам кенг танила бошлаган. Европа давлатлари вакиллари Соҳибқирон билан алоқа ўрнатишдан манфаатдор бўлганлар.
Амир Темурнинг дипломатик алоқалари ҳам кенг қамровли эди. У Кастилия ва Леон қироли Дон Энрике III, Франция ҳукмдори Карл VI, Англия қироли Генрих IV саройларига элчилар юборган. Ўз навбатида Самарқандга Испания, Франция, Англия ва Хитойдан элчилар келган. Темур ва Мироншоҳ Мирзонинг Европа ҳукмдорлари билан ёзишмаларига оид айрим ҳужжатлар бугун Британия музейи ва Париж Миллий кутубхонасида сақланаётгани қайд этилади.
1402 йилдаги Анқара жанги арафасида ва ундан кейинги жараёнларда ҳам Европа дипломатларининг иштироки кузатилади. Кастилия қироли томонидан юборилган Пайо де Сотомайор ва Эрнан Санчес де Паласуэлос Амир Темур ҳузурида бўлган. Жангдан кейин Соҳибқирон уларни қабул қилиб, Испания қироли ва мамлакати ҳақида сўраган, улар билан бирга Қози Муҳаммад Кешийни Кастилияга мактуб ва совғалар билан жўнатган.
Шу жиҳатдан Клавихонинг Самарқандга келиши тасодифий воқеа эмас, балки ўша даврда Шарқ ва Ғарб ўртасида кечган фаол дипломатик мулоқотларнинг мантиқий давоми эди.
Клавихо ким эди?
Дон Рюи Гонсалес де Клавихонинг туғилган санаси ҳақида аниқ маълумотлар сақланмаган. Аммо у Мадриддаги бадавлат ва нуфузли оиладан чиққан, қирол саройида хизмат қилган ва Дон Энрике III даврида камергер лавозимида фаолият юритгани маълум. Илгариги дипломатик миссиялар натижаларидан қониққан қирол кейинги элчиликка айнан Клавихони раҳбар қилиб тайинлаган.
Клавихо 1404 йил сентябрида Самарқандга етиб келганидан кейин Мовароуннаҳр ҳаётини синчиклаб кузатади. У шаҳарлар, қишлоқлар, карвонсаройлар, йўллар, савдо расталари, боғлар, саройлар, аҳоли турмуши ва давлат бошқарувига оид кўплаб маълумотларни кундаликларига киритади.
Унинг сафарномасида Амударёнинг кечиб ўтилиши, Термиз, Шаҳрисабз, Самарқанд каби шаҳарлар ҳақидаги кузатувлар ҳам муҳим ўрин тутади. Клавихо Амударёнинг кенглиги, оқими ва мавсумий ўзгаришларини тасвирлаб, дарё орқали йўл ҳаракати қандай ташкил этилганини ҳам қайд этади. Термизни эса гавжум, боғлари ва савдо расталари кўп бўлган катта шаҳар сифатида тасвирлайди.
Шаҳрисабз ва Оқсарой: Клавихо ҳайрати
Клавихонинг диққатини тортган муҳим манзиллардан бири Шаҳрисабз бўлади. У ерда Амир Темур даврида барпо этилаётган меъморий иншоотларни ўз кўзи билан кўради.
Айниқса, Оқсарой тасвири сафарноманинг энг қимматли қисмларидан биридир. Клавихо саройнинг баланд дарвозаси, кошинкор безаклари, кенг ҳовлиси, ҳовузи ва меъморий ечимларини батафсил тасвирлайди. Бугун бизга асосан харобалари етиб келган Оқсаройнинг ўша даврдаги кўриниши ҳақида Клавихо ёзувлари муайян тасаввур беради.
Муаллиф Шаҳрисабздаги боғлар, масжид ва мажмуаларга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Унинг қайдлари Амир Темур даври бунёдкорлик сиёсати, шаҳарсозлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида муҳим маълумотларни сақлаб қолган.
Самарқанд — Клавихо нигоҳидаги буюк шаҳар
Клавихонинг сафарномасида Самарқанд алоҳида марказий ўрин тутади. У шаҳарни нафақат ҳукмдор қароргоҳи, балки турли мамлакатлар, халқлар, маданиятлар ва савдо йўллари туташган улкан марказ сифатида тасвирлайди.
Муаллиф шаҳар атрофининг боғ ва токзорлар билан ўралганини, ариқлар орқали сув келтирилганини, бозорлар ва савдо расталарида турли маҳсулотлар сотилганини қайд этади. Самарқандга Хитой, Ҳиндистон, Тотористон ва бошқа ҳудудлардан турли моллар келтирилган. Бу ерда ипак матолар, заргарлик буюмлари, зираворлар, мўйна, турли ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган.
Клавихо Самарқанднинг ҳунармандчилик салоҳиятига ҳам алоҳида тўхталади. Дамашқдан шойи тўқувчилар, қуролсозлар, шиша ва сопол идишлар ишлаб чиқарувчи усталар, Туркиядан ўқ-ёй усталари, тош йўнувчилар ва заргарлар келтирилганини ёзади. Шу тариқа Самарқанд турли ҳунар ва касб эгалари жамланган космополит шаҳар сифатида намоён бўлади.
Клавихонинг Самарқанд ҳақидаги тасвирларида шаҳарнинг нафақат сиёсий, балки иқтисодий ва маданий марказ сифатидаги қиёфаси кўзга ташланади. У бозорларнинг кечаю кундуз гавжумлиги, озиқ-овқат маҳсулотларининг мўллиги, турли мамлакатлардан келтирилган моллар ва ҳунармандчилик тараққиёти ҳақида ёзади.
Соҳибқирон саройи ва боғлари
Клавихо Самарқанддаги сарой ҳаётини ҳам диққат билан кузатади. У Амир Темурнинг қароргоҳлари, қабул маросимлари, зиёфатлар ва саройдаги тартиб-қоидалар ҳақида батафсил маълумот қолдирган.
Соҳибқироннинг боғлари Клавихода алоҳида таассурот қолдирган. У боғлардаги ҳовузлар, анҳорлар, сояли йўлаклар, мевали дарахтлар, қушлар ва жонзотларни тасвирлайди. “Боғи Дилкушо”, “Боғи Чинор” каби масканларнинг меъморий ва табиий манзараларига тўхталиб, уларнинг кўлами ва безакларини таърифлайди.
Клавихо Амир Темур ҳузурига ўзини қабул қилингани жараёнини ҳам батафсил қайд этган. 8 сентябрь куни элчилар Соҳибқирон қароргоҳига олиб борилади. Улар қирол мактуби ва совғаларини топширади. Амир Темур Испания қироли ҳақида сўрайди ва уни “ўғлим” деб атаб, икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни давом эттириш истагини билдиради.
Бунёдкорлик: Бибихоним масжиди ва шаҳарсозлик
Клавихо гувоҳ бўлган воқеалар орасида Самарқанддаги улкан қурилиш ишлари ҳам бор. У Бибихоним масжиди қурилиши, савдо расталари барпо этилиши ва шаҳар инфратузилмасининг ривожланиши ҳақида муҳим маълумотлар қолдирган.
Муаллифнинг ёзишича, савдо растаси қурилишида кечаю кундуз иш олиб борилган. Бир гуруҳ ишчилар биноларни бузган бўлса, бошқалари ерни текислаган, яна бир гуруҳ янги дўконларни қурган. Тайёр бўлган дўконларда эса савдо дарҳол бошланган.
Бибихоним масжиди қурилишида ҳам Амир Темурнинг шахсий назорати қайд этилади. Клавихо Соҳибқирон бетоб бўлганига қарамай, қурилиш жараёнини кузатиш учун майдонга келганини, ишчиларга таом етказиб беришни буюрганини ёзади. Бу қайдлар ўша даврда қурилиш ишларига қанчалик катта аҳамият берилганини кўрсатади.
“Меҳнаткаш ва матонатли халқ”
Сафарноманинг қимматли жиҳатларидан яна бири — унда халқнинг кундалик ҳаёти, турмуш тарзи ва урф-одатлари ҳақидаги маълумотларнинг кўплиги.
Клавихо Мовароуннаҳр аҳолисини меҳнатсеварлик, чавандозлик, камонбозлик ва турли шароитларга чидамлилигини тасвирлайди. У халқнинг овқатланиш маданияти, гўшт ва сут маҳсулотларидан фойдаланиши, палов ва бошқа таомлар ҳақида ҳам ёзади.
Зиёфатларда турли гўштли таомлар, палов, мева-чевалар ва бошқа маҳсулотлар мўл-кўл тортилгани ҳақидаги қайдлар ўша даврдаги дастурхон маданияти ҳақида тасаввур беради.
Клавихо Самарқандда турли миллат ва дин вакиллари яшаганини ҳам қайд этади. Бу ҳолат шаҳарнинг халқаро савдо ва маданий алоқалар маркази бўлганини кўрсатувчи муҳим далиллардан бири сифатида намоён бўлади.
Темурий маликалар ва сарой маданияти
Клавихо сафарномасида аёлларнинг сарой ҳаётидаги ўрнига оид маълумотлар ҳам мавжуд. У 1404 йил октябрида ўтказилган Мирзо Улуғбекнинг тўйи, ундаги маросимлар ва сарой аёлларининг иштироки ҳақида ёзади.
Айниқса, Сароймулкхоним — Бибихоним, шунингдек Хонзода бегим ҳақидаги тасвирлар Темурийлар даври сарой маданияти, кийиниш анъаналари ва маросимларини ўрганиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Клавихо уларнинг либослари, тақинчоқлари, бош кийимлари ва тантанали маросимлардаги иштирокига алоҳида эътибор қаратган.
Соҳибқироннинг давлат бошқаруви ва адолат тизими
Клавихо кундаликларида Амир Темур салтанатидаги бошқарув тизимига оид маълумотлар ҳам учрайди. У қозилар, мирзолар, ҳужжатлар расмийлаштирилиши, муҳрлар ва давлат қарорларининг ижроси ҳақида ёзади.
Сафарномада ҳар бир ишнинг ҳужжатлаштирилиши, қарорларнинг бир неча босқичда қайд этилиши ва охирида салтанат муҳри билан тасдиқланиши тасвирланган. Муҳрда “Рости-русти” — “Куч-адолатдадир” деган ибора қайд этилгани ҳам алоҳида таъкидланади.
Шу билан бирга, Клавихо Амир Темур томонидан элчиларга кўрсатилган ҳурмат, уларнинг хавфсизлиги ва йўлларда озиқ-овқат ва бошқа зарур нарсалар билан таъминланишига ҳам эътибор қаратади. Ҳар бир манзилда янги отлар тайёрланган, элчилар озиқ-овқат ва зарур воситалар билан таъминланган. Бу эса ўша даврда давлатлараро алоқалар ва элчилик хизмати учун яратилган тизим ҳақида маълумот беради.
Манбага танқидий ёндашув
Клавихо сафарномаси қанчалик қимматли бўлмасин, уни мутлақ ҳақиқат сифатида қабул қилиш ҳам тўғри эмас. Китобда айрим хатолар, ноаниқликлар ва жой номларини ёзишдаги чалкашликлар мавжудлиги манбада очиқ қайд этилган.
Клавихо Самарқандда олти ойча бўлган, Амир Темур салтанати ҳақидаги маълумотларнинг бир қисмини бевосита кузатган бўлса, яна бир қисмини бошқалардан эшитган. Шу сабабли айрим маълумотлар бошқа тарихий манбалар билан қиёсий ўрганишни талаб қилади. Хусусан, асарда киши ва жой номлари испан тилига мослаштирилгани сабабли уларнинг асл шаклини аниқлашда қийинчиликлар учрайди.
Бундан ташқари, Клавихо Амир Темур даври ва шахсиятини европалик дипломат ва зиёли нуқтаи назаридан кузатган. Унинг Мовароуннаҳрдаги сафари бир марта бўлган ва бир неча ой билан чекланган. Шу боис унинг маълумотларини бошқа Шарқ ва Ғарб манбалари билан солиштириб ўрганиш илмий жиҳатдан муҳимдир.
Бироқ айнан шу хусусият — асарнинг бошқа маданий муҳит вакиллари нигоҳида ёзилгани — унинг тарихий қимматини янада оширади. Чунки Клавихо ўз даврида Мовароуннаҳрни кўрган европалик дипломат сифатида Шарқ ҳаётининг кўплаб жиҳатларини Европа ўқувчисига етказишга ҳаракат қилган.
Асрлар оша етиб келган “Кундаликлар”
Руи Гонсалес де Клавихони машҳур қилган “Самарқандга, Темур саройига саёҳат кундалиги. 1403–1406 йиллар” асари асрлар давомида ўзининг илмий ва тарихий аҳамиятини сақлаб келмоқда. Унда муаллифнинг 1403–1405 йилларда Туркия, Эрон ва Мовароуннаҳрда, хусусан Амир Темур саройида кўрган-кечирганлари мужассам. Манбада таъкидланганидек, ушбу асар ўрта асрлар жаҳон адабиётининг муҳим ёзма ёдгорликлари қаторида туради.
Бугун мазкур асарнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида нашр этилаётгани ҳам муҳим маданий-маърифий аҳамиятга эга. Зеро, бу китоб орқали ўқувчи Амир Темур ва Темурийлар тарихига фақат бир томондан эмас, балки ўша давр воқеаларига бевосита гувоҳ бўлган хорижлик дипломат нигоҳидан ҳам назар ташлаш имконига эга бўлади.
Марказ томонидан тайёрланаётган нашрда сафарноманинг муайян парчалари асосида ўша давр муҳити, Самарқанднинг қиёфаси, Соҳибқироннинг давлат бошқаруви, дипломатик муносабатлари, бунёдкорлик ишлари, сарой маросимлари, халқ турмуши ва маданий ҳаёти ҳақида яхлит тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
Энг муҳими, Клавихонинг “Кундаликлар”и бизга тарихга биргина нигоҳ билан эмас, турли манбаларни ўзаро қиёслаган ҳолда қараш зарурлигини эслатади. Ундаги ҳар бир маълумот — Амир Темур салтанатининг сиёсий қудратидан тортиб, Самарқанд бозорларидаги савдо-сотиқ, боғлар, сарой маросимлари, ҳунармандчилик ва оддий халқ турмушигача — ўрта асрлар Мовароуннаҳрининг мураккаб ва серқирра манзарасини тиклашга хизмат қилади.
Шу маънода Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ушбу тарихий асарнинг янги нашрини тайёрлаш — нафақат нодир ёзма меросни китобхонларга етказиш, балки Амир Темур ва Темурийлар даври ҳақидаги халқаро манбаларни кенг жамоатчиликка яқинлаштириш, тарихий хотирани турли манбалар асосида бойитиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин


