Turath Dispatch
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

«Мен кўрганларим орасида энг яхшиси» — малайзиялик мутахассис Ислом цивилизацияси маркази ҳақида

Малайзиянинг «Яясан Ресту» ташкилоти ижрочи раиси ва Насирул Қуръон маркази бош директори, профессор Датук Абдул Латиф Мираса бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

Хорижлик мутахассислар Марказ экспозициялари, меъморий ечимлари ва замонавий технологиялар асосида яратилган музей концепцияси билан яқиндан танишдилар. Ташриф якунида профессор Датук Абдул Латиф Мираса Марказдаги экспозицияларни юқори баҳолаб, ташрифни жуда таъсирли тажриба сифатида қайд этди.

У, айниқса, ислом цивилизацияси тарихи Макка ва Мадинадан бошланган жараёндан тортиб, унинг Марказий Осиёдаги тараққиётига қадар яхлит манзарада намоён этилганига эътибор қаратди.

«Ўзбекистон Президенти ва халқи бу ерда жуда катта ишни амалга оширган. Ислом цивилизацияси тарихини, хусусан, унинг ушбу ҳудуддаги ривожланишини жуда таъсирчан тарзда намоён эта олган. Энг муҳими, бу тарих Макка ва Мадинадан бошланган ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши ва бу ҳудуддаги тараққиёти билан узвий боғланган», — деди у.

Профессор Мираса Марказ экспозицияларида тарихий мазмун ва замонавий технологияларнинг уйғунлашганига алоҳида эътибор қаратди.

«Мен дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман, жуда кўп музейларни кўрганман. Аммо бу ерда технологиялардан фойдаланиш, Исломнинг гўзаллигини, шунингдек, Ўзбекистон халқи ва унинг турли ҳудудларига хос бой маданиятни намойиш этиш даражаси мени алоҳида ҳайратга солди. Менимча, бу — мен кўрганларим орасида энг яхшиси», — деди малайзиялик мутахассис.

Унинг таъкидлашича, Марказда қўлланилган замонавий технологиялар тарихни шунчаки намойиш этиш билан чекланмай, ташриф буюрувчига уни ҳис қилиш имконини ҳам беради. Бу, айниқса, Исломнинг моҳияти ва гўзаллигини турли аудиторияларга етказишда муҳим аҳамият касб этади.

«Ислом — бу гўзаллик. У эзгулик, яхши муносабат ва ўзаро ҳурмат ҳақида. Бу ерга келган инсон ана шу мазмунни ўз кўзи билан ҳис қилиши мумкин. Менимча, Марказ мусулмон бўлмаган инсонларга ҳам Исломнинг гўзаллигини англаш ва уни янада чуқурроқ тушуниш имконини беради», — деди Датук Абдул Латиф Мираса.

Малайзиялик профессор Марказни яратишда иштирок этган мутахассислар — мутафаккирлар ва олимлар меҳнатини ҳам алоҳида эътироф этди.

«Президентга, Ўзбекистон ҳукумати ва халқига, айниқса, ушбу мажмуани яратишга ўз билими, тафаккури ва меҳнатини бағишлаган мутафаккирлар ва олимларга чин дилдан табрикларимни йўллайман. Улар ўз тафаккури, қалби ва меҳнатини бирлаштириб, бинонинг гўзаллиги ва Ислом руҳини намоён этувчи ноёб масканни яратишган», — деди у.

Датук Абдул Латиф Мираса раҳбарлик қиладиган «Яясан Ресту» ва Насирул Қуръон маркази Қуръон нусхаларини тайёрлаш, унинг қўлёзма ва босма меросини асраш ҳамда Қуръон маданиятини тарғиб қилиш йўналишида фаолият юритади.

Ташриф давомида Қуръон мероси билан боғлиқ йўналишлардаги ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бундай алоқалар Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги маданий-маърифий ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакатнинг умумий тарихий ва маънавий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилишга хизмат қилиши қайд этилди.

Малайзиялик мутахассиснинг юқори баҳоси Ислом цивилизацияси марказида тарихий мерос, илм-фан, санъат ва замонавий технологияларни уйғунлаштирган экспозиция концепцияси хорижлик мутахассисларда ҳам катта қизиқиш уйғотаётганини кўрсатади.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1469326.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1210229.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
983427.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.