Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформасида Темурийлар даври китобатига бағишланган тадқиқот муҳокама қилинди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун ислом цивилизацияси тарихига оид илмий изланишларни бирлаштириш, қўлёзма меросни чуқур ўрганиш, янги тадқиқотларни илмий муомалага киритиш ва маҳаллий ҳамда халқаро илмий ҳамжамият ўртасида мулоқотни ривожлантиришга қаратилган халқаро илмий-маърифий платформа сифатида фаолият юритмоқда. Марказ Илмий кенгашида Темурийлар давридаги ислом китобат иши тарихи ва манбаларига бағишланган муҳим илмий тадқиқот муҳокама қилинди.
Йиғилишда Марказ тадқиқотчиси Матлуба Рахманкулованинг 24.00.01 — “Ислом тарихи ва манбашунослиги” ихтисослиги бўйича тарих фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрланган “Темурийлар даври ислом китобат иши тарихи ва манбалари” мавзусидаги диссертацияси тақдимоти ва муҳокамаси ўтказилди.
Мазкур тадқиқот Темурийлар даврида ислом китобат санъати ва китоб яратиш анъаналарининг шаклланиши, тараққиёти ва ўзига хос хусусиятларини комплекс ўрганишга қаратилган. Унда қўлёзмаларни яратиш ва безатиш анъаналари, ҳукмдорлар ҳомийлиги, сарой кутубхоналари ва китобат устахоналари фаолияти, шунингдек, хаттот, мусаввир, наққош, лаввоҳ ва муқовасозларнинг меҳнати билан боғлиқ жараёнлар таҳлил этилган.
Тадқиқотнинг муҳим жиҳатларидан бири Темурийлар даврида Самарқанд, Ҳирот ва Шероз каби йирик маданий марказларда китобатнинг ривожланиши ва улар ўртасидаги ўзаро илмий-маданий алоқаларни қиёсий ўрганишдир. Муаллиф мазкур марказларда шаклланган китобат муҳитининг ўзига хос жиҳатлари билан бир қаторда, уларни бирлаштириб турувчи умумий Темурийлар даври китобат анъаналарини ҳам очиб берган.
Диссертациямизда қўлёзмалар оддий матн ёки бадиий асар сифатидагина эмас, балки муайян тарихий даврнинг ижтимоий-маданий муҳитини акс эттирувчи муҳим манба сифатида тадқиқ этилган. Қўлёзмалардаги колофонлар, муҳрлар ва эгалик қайдлари, хат хусусиятлари, қоғоз тури, безак элементлари, китоб блоки ва муқова каби белгилар уларнинг яратилиш тарихи, сақланиши ва кейинги ҳаракатини аниқлашда муҳим манбашунослик воситалари сифатида кўриб чиқилган, - деди тадқиқотчи Матлуба Рахманкулова.
Тадқиқотда Темурий ҳукмдорлар ва шаҳзодаларнинг китобат ва китобсозлик ривожидаги ўрнига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Султон Ҳусайн Мирзо ва Бойсунғур Мирзо давридаги қўлёзмалар, улар билан боғлиқ сарой кутубхоналари ва китобат муҳити таҳлил этилган. Бу жараёнда ҳукмдорлар ҳомийлиги китоб яратиш, уни безатиш ва сақлаш тизимининг ривожланишида муҳим омиллардан бири бўлгани кўрсатилади.
Унда Ҳирот китобат муҳитидаги услубий ўзгаришлар ва бадиий анъаналарнинг бойиш жараёни ҳам атрофлича ёритилган. Хусусан, Шарқ мамлакатлари ўртасидаги маданий алоқалар натижасида айрим тасвирий ва безак услубларининг кириб келиши, уларнинг маҳаллий анъаналар билан уйғунлашуви масаласига эътибор қаратилган. Бойсунғур Мирзо даврида Хитойга борган Ғиёсиддин Наққош фаолияти билан боғлиқ маълумотлар ҳам ана шу маданий таъсир ва ижодий ўзлаштириш жараёнлари нуқтаи назаридан таҳлил қилинган.
Султон Ҳусайн Бойқаро даврида Ҳиротдаги китобат ва тасвирий санъат муҳити ҳам тадқиқотнинг муҳим йўналишларидан бирини ташкил этади. Бу даврда Камолиддин Беҳзод каби машҳур мусаввирлар ижоди билан боғлиқ бадиий муҳитнинг шакллангани, қўлёзма китобни яратиш жараёнида хаттотлик, тасвир, безак ва китобсозликнинг ўзаро уйғунлашгани тадқиқот доирасида кўриб чиқилган.
Шероз китобат муҳитига оид таҳлилларда эса нисбатан кичик ҳажмдаги қўлёзмалар, матн доираларининг турли шакллари ва китобларнинг кенгроқ истеъмолчига мўлжалланган ҳолда тайёрлангани билан боғлиқ хусусиятлар қайд этилган. Иброҳим Султон ва Искандар Султон давридаги китобат жараёнлари, кичик ҳажмдаги тўплам ва мажмуаларнинг яратилиши ҳам ушбу муҳитнинг ўзига хос жиҳатлари сифатида тадқиқ этилган.
Муҳокама давомида тадқиқотда фақат сарой китобат устахоналари эмас, балки бозор ва кенгроқ китобхонлар эҳтиёжини қондирган китобат муҳитлари ҳам мавжуд бўлгани таъкидланди. Бу ҳолат Темурийлар даврида китоб яратиш жараёнининг фақат ҳукмдорлар саройи доирасида чекланиб қолмаганини, китобат маданиятининг турли ижтимоий қатламлар билан боғлиқ ҳолда ривожланганини кўрсатади.
Диссертацияда тарихийлик, қиёсий-танқидий таҳлил, кодикологик ёндашув ва холислик тамойилларидан фойдаланилган. Тадқиқот учун Ўзбекистондаги илмий адабиётлар билан бир қаторда, хорижий олимларнинг тадқиқотлари, қўлёзмалар каталоглари ва хорижий фондларда сақланаётган манбалар ҳақидаги маълумотлар ҳам жалб этилган.
Хорижий манбалар ва тадқиқотларнинг жалб қилиниши алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, Темурийлар даврига оид кўплаб қўлёзмалар бугунги кунда турли мамлакатларнинг кутубхона, музей ва қўлёзма фондларида сақланмоқда. Шу боис уларнинг илмий тавсифи, каталоглаштирилиши ва ўрганилишига бағишланган хорижий тадқиқотлар мазкур давр китобат тарихини қайта тиклашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Маҳаллий манбашунослик ва тарихшунослик мактаби вакилларининг илмий ишлари ҳам кенг қамраб олинган. Жумладан, А. А. Семёновнинг Шарқ қўлёзмалари каталоглари ва Темурийлар даври Ҳирот китобат мактабига оид тадқиқотлари, Юсуфова, Жалилова, Йўлдошев, Охунжонов, Фозила Сулаймонова каби олимларнинг илмий ишлари диссертациянинг манбашунослик ва тарихшунослик базасини шакллантирган.
Илмий кенгаш муҳокамасида тадқиқотнинг манба базаси, методологик ёндашуви, Самарқанд, Ҳирот ва Шероз китобат муҳитларининг ўзаро муносабати, сарой ва бозор китобатининг фарқли жиҳатлари, шунингдек, диссертацияда қўлёзмаларнинг бевосита манба сифатида қай даражада таҳлил қилингани юзасидан саволлар берилди.
Тадқиқотчи Матлуба Рахманкулова томонидан берилган саволларга жавобларда диссертациянинг асосий хулосалари, манбаларни танлаш мезонлари ва тадқиқот доирасига киритилган қўлёзмалар хусусиятлари атрофлича тушунтирилди. Хусусан, тадқиқотда Темурийлар даврида яратилган барча қўлёзмаларни қамраб олиш эмас, балки Темурий ҳукмдорлар ҳомийлиги билан боғлиқ манбаларни асосий илмий таҳлил объекти сифатида танлаш тамойилига амал қилингани қайд этилди.
Муҳокама якунида диссертацияни янада такомиллаштириш, айрим илмий хулоса ва таҳлилларни бойитиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Мазкур илмий муҳокама Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ислом цивилизацияси тарихига оид илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, қўлёзма ва моддий меросни замонавий илмий ёндашувлар асосида ўрганиш, тадқиқотчилар учун очиқ илмий мулоқот муҳитини шакллантириш борасидаги фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир.
Шу маънода, Марказдаги Илмий кенгаш фаолияти нафақат алоҳида диссертациялар муҳокамаси, балки ислом цивилизацияси тарихи ва манбашунослигига оид илмий меросни қайта кўриб чиқиш, янги тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва миллий ҳамда халқаро илмий тажрибани бир майдонда уйғунлаштиришга хизмат қиладиган илмий-маърифий платформа сифатида намоён бўлмоқда.


