Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш
  1. Бош саҳифа
  2. /
  3. Янгиликлар

Янгиликлар

Макаланын толук тексти, сүрөттөр жана Борбордун башка жаңылыктары.

Амир Темур ва темурийлар даври илмий-маданий марказлари

24.09.2026, 15:55912
Амир Темур ва темурийлар даври илмий-маданий марказлари

Кириш

XIV асрнинг охирги чораги – XV аср Марказий Осиё тарихида ҳақли равишда илм-фан ва маданият юксак чўққиларга кўтарилган давр ҳисобланади. «Темурийлар Ренессанси» номи билан тарихга кирган мазкур феномен негизида, энг аввало, буюк давлат арбоби ва беназир саркарда Амир Темур ҳамда унинг авлодлари ҳукмронлиги давомида шаклланган ва илму маърифатга асосланган бунёдкорлик муҳити ётади.

Ушбу мақола Амир Темурдан бошланган ва унинг ворислари даврида давом этган умуммиллий юксалишнинг бири иккинчиси билан узвий боғланган иккита ёрқин жиҳатини урғулашга бағишланади. Улар нафақат Марказий Осиё минтақасидаги, балки умумбашарий кесимдаги жараёнларга кучли таъсир кўрсатган маданий марказлар ва илмий мактаблар феноменидир. Айнан шу феномен Темурийлар Ренессансининг ҳаракатлантирган муҳим механизм вазифасини бажарган.

Назарий асос

Белгиланган вазифанинг тўлақонли ижроси «маданий марказ» ва «илмий мактаб» тушунчаларининг назарда тутилаётган давр кесимидаги таърифини аниқлаштиришни тақозо этади. «Маданий марказ» деганда, одатда, муайян тарихий даврда илм-фан, таълим, адабиёт, санъат ва маънавий ҳаёт камолот чўққисига кўтарилган, бунёдкор қадриятларнинг шаклланиши учун қулай шароитлар яратилган шаҳар ёки ҳудуд назарда тутилади. Мазкур тушунчани Темурийлар даври кесимида янада аниқлаштирилса – бу муайян шаҳар ёки ҳудудда илм-фан, таълим, адабиёт, санъат ва меъморчиликнинг ривожлангани, юксак интеллектуал муҳитнинг шаклланиши натижасида вужудга келган ва бошқа ҳудудларга маданий таъсир кўрсатган маконни тушуниш мантиқийдир.

Темурийлар ҳукмронлиги даврида бундай марказлар давлат ҳомийлигида, жадал иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий барқарорлик шароитида вужудга келган. Айни мазкур омиллар мутафаккирлар, олимлар, адиблар, санъаткорлар ва ҳунармандлар фаолиятини ўзаро уйғунлаштирган интеллектуал муҳитни юзага чиқарган. 

Темурийлар даврида маданий марказ сифатида шаклланган шаҳарлар нафақат Марказий Осиё, балки бутун ислом оламидаги илмий-маданий жараёнларга таъсир кўрсатиб турган. Бундай шаҳарларда машҳур мадрасалар, бой кутубхоналар, гўзал меъморий мажмуалар ва серқирра адабий муҳит ўзаро уйғунлашган. Шу маънода Темурийлар давридаги маданий марказлар мантиқан асосланган билимлар яратиш, бунёдкор маданий-маънавий қадриятларни шакллантириш ва кенг ҳудудларга тарқатиш функциясини бажарган йирик шаҳарлар тизимидан иборат бўлган.

«Илмий мактаб» тушунчаси эса, аниқ бир тарихий даврда илм-фаннинг муайян соҳаларида фаолият юритган устоз-шогирд тизимига асосланган тадқиқотчилар ҳамда мутафаккирлар томонидан шакллантирилган, умумий илмий анъана ва услубиятга асосланган ҳамда, одатда, йирик ва нуфузли шаҳарларда барқарорлашган интеллектуал муҳитни англатади. Қисқа қилиб айтганда, илмий мактаб — бу нуфузли шаҳарларда шаклланган умумий илмий анъана ва устоз-шогирд тизимига таянган интеллектуал муҳитдир. Темурийлар даврида яратилган маданий муҳит натижасида йирик шаҳарларда қатор илмий мактаблар вужудга келган. Мазкур шаҳарларнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий салоҳиятидан келиб чиқиб, уларни таснифлаш мумкин.

Асосий қисм

Амир Темур барпо этган салтанат фақат ҳарбий-сиёсий қудрати билангина эмас, балки илм-фан, таълим, маданият ва санъатни ривожлантиришга қаратилган сиёсати билан ҳам шуҳрат қозонган. Бу даврда мазкур сулола ҳукми остида бўлган Самарқанд, Шаҳрисабз, Бухоро, Ҳирот, Балх, Шош, Машҳад ва бошқа шаҳарлар том маънодаги нуфузли маданий марказларга айланди. Уларга қисқача тўхталамиз.

Самарқанд. Амир Темур ҳаётлигида Самарқанд салтанат пойтахти сифатида қайта қурилди: шаҳарда кўплаб масжид, мадраса ва кутубхоналар барпо этилди, турли мамлакатлардан олимлар ва ҳунармандлар бу ерга таклиф қилинди, уларнинг бир қисми Соҳибқирон ҳарбий юришлари натижасида олиб келинди. Уларнинг орасида машҳур «Шарҳ ал-ақоид» асари муаллифи Саъдуддин Тафтазоний (1322-1390), тажвид олими, ўнта қироат билимдони Муҳаммад ибн Жазарий (1350-1478), машҳур хаттот ва санъаткор, настаълиқ хатининг асосчиси сифатида танилган Мир Али Табризий (XIV аср) каби буюк илоҳиётчилар, олимлар ва санъаткорлар бўлган. Ҳукмдор илм аҳлига алоҳида ҳурмат кўрсатди, олимлар фаолияти учун қулай шароитлар яратиб берди. Бу даврда шаҳарда барпо этилган йирик иншоотлар, жумладан, Биби‑Хоним масжиди ва Гўри Амир мақбараси маҳобатли меъморий ёдгорликларгина бўлиб қолмасдан, балки шаҳардаги маданий-маънавий муҳитнинг бойитилишида муҳим роль ўйнади.

Соҳибқирон даврида Самарқанд дунёнинг энг йирик илмий марказларидан бирига айлангани шаҳарда нуфузли илмий мактабларнинг шаклланиши учун замин яратди. Бу ерда турли фанлар вакиллари жамланиб, илмий тадқиқотлар олиб бордилар. Ушбу фаол илмий жараён Темурийлар сулоласининг йирик намояндаси Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги остида янада кучайди.

Улуғбек томонидан Самарқандда бунёд этилган расадхона ҳамдамазкур шаҳар ҳамда Бухоро ва Ғиждувонда қурилган мадрасалар ўзига хос академик тизимни ташкил этди. Зеро, уларда ҳам кадрлар тайёрланган, ҳам илмий тадқиқотлар олиб борилган. Самарқанддаги Улуғбек расадхонаси, илмий тадқиқотлар учун қурилган махсус кутубхона ва мадрасада Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Али Қушчи каби  астрономия ва математика соҳаларида муҳим кашфиётлар қилган буюк олимлар фаолият юритган. “Зижи жадиди Гурагоний” асари Улуғбек астрономия мактаби маҳсулининг оламшумул аҳамиятли гултожи бўлди.

Манбаларда Амир Темурнинг Самарқанддаги саройида қимматли қўлёзмалар сақланган бой кутубхона бўлгани зикр қилинади. Уларнинг ичида нодир илмий рисолалар, тарихий солномалар, фалсафий ва диний асарлар мавжуд бўлган. Бироқ ушбу қўлёзмаларнинг Амир Темур вафотидан кейинги тақдирига тегишли аниқ маълумотлар ҳанузгача топилмаган. Лекин тарихчилар томонидан қатор гипотезалар олға сурилган. 

Ушбу гипотезаларнинг энг кенг тарқалганига кўра, кутубхонадаги китоблар Соҳибқирон ворислари таъсис этган таълим муассасаларига тарқатилган. Ушбу маънода Мирзо Улуғбек томонидан ташкил этилган илмий марказ – расадхона ва мадрасалар ҳамда Ҳиротдаги мадрасалар зикр қилинади. Мазкур гипотеза тарафдорларига кўра, Амир Темур кутубхонасидаги қўлёзмалар Темурийлар давлати илмий инфратузилмасининг узвий қисмига айланган ҳамда кўпроқ Самарқанд астрономия мактаби олимлари тасарруфига ўтган. Зеро, расадхонада олиб борилган мураккаб самовий тадқиқотлар мустаҳкам илмий таъминотни талаб қилган.

Иккинчи гипотеза вакилларининг фикрича, XV–XVI асрларда содир бўлган сиёсий ўзгаришлар натижасида қўлёзмаларнинг бир қисми чет элларга олиб кетилган, айримлари хусусий коллекцияларга тарқалиб кетган, маҳаллий мадраса ва диний марказлар орасида тақсимланган ва ҳкз. Яна бир гипотеза бўйича Амир Темур фонди қўлёзмаларининг бир қисми Усмонлилар империяси маданий муассасаларига кўчиб ўтган. Зеро, 1453 йил Истанбул олингач, Усмонлилар империяси ислом дунёсининг турли ўлкаларида сақланиб қолган қўлёзмаларни аниқлаш ва метрополияда жамлашга катта эътибор берган. Бунинг натижасида Темурийлар даврида яратилган баъзи қўлёзмалар Тўпкапи саройи кутубхонаси ва Туркия мадрасаларидан ўрин олган бўлиши эҳтимоли катта.

Шаҳрисабз. Темурийлар даври маданий марказлари ичида у алоҳида ўрин тутган. Бу мақомни белгилаган аниқ омилларни қуйидагича таснифлаш мумкин:

Сиёсий омил. Амир Темурнинг ватани сифатида ушбу шаҳар муҳим сиёсий марказлардан бири бўлган. Ҳукмдор шаҳарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган: уни ўзининг таянч қароргоҳларидан бири ҳисоблаган.

Меъморий омил. Шаҳрисабзда кўплаб йирик меъморий иншоотлар, жумладан, Оқсарой, Дорус-Саодат ва Дорут-Тиловат каби маҳобатли мажмуалар бунёд этилган. Улар шаҳарнинг бой маданий-маънавий моҳиятини белгилаб турган.

Илмий-маърифий омил. Шаҳрисабзда кўплаб мадрасалар, масжидлар ва бошқа диний-маърифий муассасалар фаолият кўрсатган. Уларда машҳур уламолар, фақиҳлар ва мутафаккирлар жамланган, шаҳар ўз  даврининг илму маърифат бешикларидан бири бўлган, манбаларда “қуббат ал-илм ва-л-адаб” (илм ва адаб гумбази) номи билан зикр қилинган.

Сулола бешиги омили. Шаҳрисабз Темурийлар сулоласининг келиб чиқиш жойи бўлгани сабабли муқаддас макон сифатида эъзозланган. Бу омил унинг маданий мақомини янада оширган.

Жуғрофий-иқтисодий омил. Шаҳрисабз Кеш воҳасидаги муҳим савдо йўллари кесишган ва қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудуд бўлган. Бу сифатлар унинг иқтисодий барқарорлиги ва маданий салмоғини оширган.

Бухоро. Темурийлар даврида Марказий Осиёнинг йирик илмий-маданий марказларидан бири мақомини сақлаб қолди. Мазкур даврда шаҳарнинг юксак мақомини қуйидаги асосий омиллар белгилаб турган:

Қадимий илмий-таълимий анъаналар. Бухоро азалдан Марказий Осиёдаги йирик илмий марказлардан бири бўлган. Темурийлар даврида бу мақом сақланиб қолган. Шаҳарда кўплаб олимлар, муҳаддислар ва фақиҳлар жамланган, диний-маънавий, ижтимоий-гуманитар, аниқ ва табиий фанларга ихтисослашган таълим муассасалари, жумладан, олий мадрасалар фаолият юритган. Бунинг натижасида Бухоро минтақавий кўламли илмий-таълимий марказ ролини бажарган.

Диний-маънавий омил. Илк ислом давридан бошлаб Бухорода ҳадис, фиқҳ, ақида ва тасаввуф йўналишларидаги машҳур мактаблар шаклланган. Улардан Абу Ҳафси Кабир, Имом Бухорий, Мустамлий Бухорий, Ибн Сино каби буюк олимлар етишиб чиққан. Бухоро ўзининг юксак диний-маънавий мақомини Темурийлар даврида ҳам сақлаб қолган.

Меъморчилик ривожи. Темурийлар даврида шаҳардаги кўплаб масжидлар, мадрасалар ва бошқа ижтимоий бинолар таъмирланган, янгилари барпо этилган. Пойи Калон мажмуаси улар жумласидандир. Бу каби меъморий обидалар шаҳарнинг маданий-маънавий нуфузини оширган.

Савдо-иқтисодий омил. Бухоро Буюк Ипак йўлининг асосий йўналишларидан бирида жойлашган ва ўзи ҳам йирик савдо маркази бўлган. Амир Темур ва Темурийлар даврида унинг халқаро савдо-иқтисодий роли янада ошган. Турли мамлакатлардан келган савдогарлар, сайёҳлар, тадқиқотчилар ва ҳунармандлар шаҳар маданий ҳаётини бойитган.

Илмий муҳит ва устоз-шогирд анъанаси. Бухоро мадрасаларида устоз-шогирд тизимига асосланган илмий муҳит кучли бўлган. Бу муҳит диний илмлар – ҳадис, калом, фиқҳ, тасаввуф, шунингдек, ижтимоий-гуманитар фанлар ҳамда тиббиёт каби соҳаларнинг ривожланишига хизмат қилган.

Муҳаммад Порсо (1348–1420) кутубхонаси. Темурийлар даврида яшаган машҳур тасаввуф олими, Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси ва Баҳоуддин Нақшбанднинг энг яқин шогирдларидан бири томонидан йирик оммавий кутубхона яратилган. Порсо илм ва тасаввуфни уйғунлаштирган улкан олим бўлиб, Бухорода туғилиб вояга етган, кейинчалик Балхда фаолият юритган, ўша ерда вафот этган ва дафн қилинган.

Китобат ва миниатюра санъати. Мазкур даврда Бухоро зикр этилган санъат турлари бўйича ривожланган марказлардан бирига айланди. Гарчи китобатда у Самарқанд ва Ҳирот даражасига кўтарилмаган бўлса-да, лекин Мовароуннаҳрнинг энг кўп қўлёзма китоблар яратилган марказларидан бўлиб қолди. Бу ерда кўчирилган асарлар ортиқча безаклар ва жимжимадорликдан холи бўлиб, кўпроқ мадрасабоп, ўқилиши осон насх (насхи бухорий) хатидаги ўқув китоблари ҳамда настаълиқда кўчирилган девонлар шаклида бўлган. Бухоро миниатюра мактаби кўпроқ Ҳирот мактабига эргашган ва уни маҳаллий дидга мослаштиришга интилган. Бунинг натижасида ўзига хос Бухоро миниатюроа мактаби вужудга келган. Қисқа айтганда, Бухоро китобат ва миниатюрага асосланган «бадиият пойтахти» эмас, балки китобат маданиятининг интеллектуал-таълимий маркази бўлиб хизмат қилган.

Зикр этилган омиллар туфайли Бухоронинг Марказий Осиёдаги энг муҳим илмий-маданий марказлардан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлади.

Ҳирот. Темурийлар даврида яратилган маданий дурдоналари гултожи бўлган ушбу шаҳар XV асрда гуллаб-яшнади. Айрим манбаларда Ҳирот, ҳатто, Темурийлар Ренессансининг маркази сифатида зикр қилинади. Ушбу марказ, айниқса, Шоҳрух Мирзо (1409-1447) ҳамда султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги йилларида (1469-1506) гуркираб ривожланди. Шоҳрух Ҳиротни пойтахтга айлантирди. Унинг хотинлари Гавҳаршодбегим ва Мулкот оқо Хуросонда кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирдилар, илм ва маданиятга ҳомийлик қилдилар.

Унинг доирасида адабиёт (Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Абдураҳмон Жомий ва бошқалар), санъат (Камолиддин Беҳзод миниатюра мактаби), тарихшунослик (Мирхонд (1433-1498) – “Равзатус-сафо” – “Мусаффолик боғи”), Хондамир (1475-1534) ва бошқалар), китобатчилик (Бойсунғур Мирзо китобхонаси атрофида бирлашган китобчилар) каби йўналишларни ўзаро уйғунлаштирган серқирра илмий муҳит шаклланди. 

Бу ерда фаолият юритган Алишер Навоий туркий адабиётнинг буюк намояндаси, нуфузли давлат арбоби ва маданият ҳомийси, адабиёт ва санъат ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккир эди. Ҳиротда, шунингдек, бу даврда машҳур мутафаккир Абдураҳмон Жомий фаолият юритган. Бу муҳитда адабиёт, тарих, тасвирий санъат, миниатюра мактаблари юксак чўққиларга кўтарилди. Бу даврда Ҳирот ислом дунёсининг энг муҳим санъат марказларидан бирига айланди.

Балх. Қадимги дунёнинг энг буюк шаҳарларидан бири, Буюк Ипак йўли гуллаб-яшнаган даврларда 1 миллион аҳолиси бўлган, саккизинчи асрда Хуросоннинг пойтахти бўлган мазкур шаҳар мўғуллар босқинида харобага айланган эди. Темурийлар даврида шаҳар ўз тарихидаги янги юксалишни бошдан кечирди. XIV аср охирларидан, яъни Темурийлар ҳукмронлиги остида бу ердаги суғориш тизими тикланди бошлади, турар-жойлар қайта қурилди, аҳоли қайтди. Хуросон–Мовароуннаҳр–Ҳиндистонни ўзаро боғлаган савдо йўллари кесишган муҳим нуқтада жойлашган Балх Шоҳрух Мирзо даврида Хуросон таркибидаги минтақавий диний-маънавий марказга айланган. Унинг энг муҳим хусусиятини белгилаган омил тасаввуфий тариқатларга интилиш бўлиб, бу ҳақиқат, айниқса, нақшбандийлик тариқати кесимида яққол намоён бўлган. Ушбу тариқатнинг атоқли пешвоси Муҳаммад Порсо (1348-1420) бу шаҳарда анча муддат яшаган ва пири муршид мақомида бўлган.

Машҳад. Сўнгги ўрта асрларда Темурийлар ҳукми остида бўлган бугунги Эрон ҳудудида жойлашган Хуросоннинг пойтахти мақомидаги йирик маданий ва диний марказ бўлган. Унинг юксак ижтимоий-маънавий мақоми, энг аввало, шиаликнинг имомийлик йўналиши саккизинчи имоми, Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг авлоди, ҳам шиалик, ҳам суннийлик вакиллари томонидан бирдек эъзозланган – Али ибн Мусо ар-Ризо (Имом Ризо, 770-818) мақбара-зиёратгоҳи билан боғлиқ. Темурийлар даврида кенгайтирилган ушбу шаҳар ислом дунёсининг энг йирик зиёратгоҳларидан бирига айланди.

Темурийлар даврида шаҳарда кўплаб мадрасалар, карвон-саройлар ва масжидлар қурилди. Уларнинг орасида Шоҳрух Мирзонинг рафиқаси – Гавҳаршодбегим томонидан 1418 йил қурдирилган масжид гўзал мовий гумбази ва нафис муқарнасли меҳроби, нозик мозаикаси билан мусулмон меъморчилигининг дурдонаси сифатида юксак эъзозланади. Унинг пештоқи Шоҳрух Мирзо ва Гавҳаршодбегимнинг фарзандлари Бойсунғур Мирзо ва Иброҳим Султон томонидан бажарилган эпиграфика билан зийнатланган Темурийлар меъморчилигининг дурдоналари қаторига киради. Хуросонлик етук алломалар саъй-ҳаракати билан мазкур масжид илму маърифат марказига айланган. 

Имом Ризо мақбараси атрофида шаклланган Машҳад гарчи Самарқанд ва Ҳирот каби пойтахт бўлмаса-да, муқаддас шаҳар сифатида катта маънавий салоҳиятни ўзида мужассам этган. Унга келадиган зиёратчиларнинг сони йилига 10-15 миллион кишини ташкил этиб, шаҳардаги диний-маънавий муҳит зиёратчилар орқали бутун мусулмон дунёсига тарқалган. Бинобарин, Машҳад Темурий ҳукмдорлар томонидан доимий равишда қўллаб-қувватланиб турган.

Шош (Чоч). Амир Темур ва Темурийлар даврида чегаравий истеҳкрм (форпост) сифатида жадал ривожланди. Шаҳар дашт аҳолиси билан савдо кўприги вазифасини бажарди, ўтроқ ва кўчманчи аҳоли ўртасидаги савдо ва маданий алмашинув функциясини бажарди, ҳунармандчилик марказига айланди. Самарқанд ва Ҳиротдан фарқли равишда бу ерда маҳобатли меъморий иншоотлар оз бўлган. Аксинча, кундалик ҳаёт талабларига мослаштирилган турар жойлар ва бозорлар кўп бўлган. Шунга қарамасдан, ҳарбий аҳамиятли иншоотлар мустаҳкамланган, шаҳар инфратузилмаси ривожлантирилган, ислом анъаналарига катта эътибор берилган: шаҳарда кўплаб масжид ва мадрасалар фаолият юргизган, бошқа илмий-маданий марказлар билан алоқалар ривожланган.

Гарчи Шош–Тошкент назарда тутилаётган иккинчи даражали шаҳарлар қаторига кирган бўлса-да, у ўзига хос маданий марказ эди. Темурий ҳукмдорлар унга катта эътибор билан қараганлар. Амир Темур XII–XIII асрларда яшаган Занги ота (Ойхўжа) зиёратгоҳини XIV аср охирларида қайта қурдирди ва меъморий мажмуага айлантирди. Бу каби зиёратгоҳларни ободонлаштириш давлат ва халқ ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига ёрдам берган, тасаввуф пешволари билан мустаҳкам алоқалар Шошни Амир Темур салтанати таркибига интеграция қилишга ёрдам берган. Темурийлар сулоласи даврида ушбу мажмуа муҳим диний марказ мақомини сақлаб қолган ҳамда Тошкент минтақаси маънавий жуғрофиясининг муҳим қисмига айланган.

XIV аср охири – XV аср бошида қисқа муддат Амир Темур салтанати таркибида бўлган бошқа йирик шаҳарлар, жумладан, Шероз, Исфаҳон, Табриз форсийзабон шеърият ва маданият марказлари сифатида донг таратган. Бироқ уларнинг Темурийлар ҳукми остидаги даври, асосан, Амир Темур вафотигача давом этган.

Темурийлар даври маданий марказларининг ўзаро уйғунлаштирган умумий  белгиларни ҳам қайд этиш мумкин. Улар турли соҳаларда ўзини намоён этган. Масалан, Темурийлар даврида юксак даражада ривожланган меъморчиликнинг асосий хусусиятлари улкан гумбазларнинг яратилиши, мураккаб ҳандасавий (геометрик) нақшларнинг анъанага айланиши, рангбаранг кошинларнинг кенг тарқалиши ва мукаммал симметриянинг истеъмолга киритилиши бу хулосанинг исботларидир. Мазкур белгиларни ўзида мужассам этган ҳамда Темурийлар даври меъморчилигининг ёрқин намуналари ҳисобланадиган Самарқанд, Шаҳрисабз, Ҳирот, Шош ва бошқа маданий марказларда барпо этилган иншоотлар ҳам буни тасдиқлайди.

Бу даврда Самарқанд, Ҳирот, Бухоро, Шероз, Табриз ва бошқа ҳудудларда жадал ривожланган миниатюра санъати ҳам мазкур ва бошқа маданий марказларга хос белгиларни ўзида мужассам этган, уларни ўзаро бойтишга хизмат қилган йўналишлардан бири сифатида амал қилган. Бу санъат Марказий Осиёдан Эрон ва Жанубий Осиёгача (Бобурийлар даврида) бўлган улкан ҳудудларни қамраб олгани билан ҳам диққатга сазовордир.

 Хулоса

  • Темурийлар даврида шаклланган илмий-маданий муҳит жаҳон цивилизацияси тарихида муҳим ўрин тутади. Бу даврда астрономия, математика, адабиёт, тарихшунослик ва меъморчилик каби соҳаларда яратилган асарлар кейинчалик Европа ва бошқа минтақаларда илм-фан ривожига таъсир кўрсатган; Темурийлар даврида яратилган илмий ва маданий мерос жаҳон илм-фанига улкан ҳисса бўлиб қўшилди;
  • Темурийлар даврида астрономия, математика, тарих, адабиёт, меъморчилик ва тасвирий санъат соҳаларида шаклланган илмий мактаблар нафақат Марказий Осиё, балки бутун ислом цивилизацияси ва жаҳон илм-фани тараққиётига кучли таъсир кўрсатди.
  • Темурийлар даври илмий-маданий марказларини ўрганиш нафақат Марказий Осиё тарихи, балки кўп қиррали жаҳон цивилизацияси моҳиятини чуқурроқ англаш учун муҳимдир.
  • Темурийлар даврида математика, астрономия, тиббиёт, тарих, адабиёт, меъморчилик ва тасвирий санъат каби соҳаларда йирик илмий мактаблар вужудга келди. Бу мактаблар фақат Марказий Осиёда эмас, балки бутун ислом цивилизацияси ва жаҳон илм-фани тараққиётида муҳим ўрин тутди.
  • Амир Темур ва Темурийлар салтанатида шаклланган йирик илмий-маданий марказларнинг ҳар бири ўзининг алоҳида мазмун-моҳият билан ажралиб турган. Самарқанд – илм-фан, хусусан, астрономия ва меъморчилик йўналишларида, Шаҳрисабз – меъморчилик ва сарой маданияти, Бухоро –илоҳиётшунослик ва таълим, Ҳирот – адабиёт, миниатюра, санъат, китобат, Балх – илоҳиёт, хусусан, тасаввуф, Машҳад – диний зиёрат маркази билан уйғунлашган. Буларнинг барчаси қўшни ҳудудларга ўз таъсири кўрсатиб турган.
  • Темурийлар даврининг кўплаб қўлёзмалари Истанбул, Теҳрон, Лондон, Париж, Санкт-Петербург ва бошқа мегаполисларда жойлашган йирик кутубхона ва музейларда сақланаётгани ҳақиқат. Уларнинг мазкур ва бошқа йирик илмий марказларга “саёҳати” мавзусини жиддий ўрганиш тегишли ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдида турган вазифалардан биридир.
  • Темурийлар даврида яратилган илмий ва маданий мерос жаҳон цивилизацияси тараққиётига катта ҳисса қўшди ва бу мерос бугунги кунда ҳам илмий тадқиқотлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

З.И.Мунавваров, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

 бош илмий ходими, сиёсий фанлар доктори, профессор

Дагы окуңуз

26.09.2025·14820
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
29.10.2025·12215
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
27.09.2025·9943
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
30.09.2025·7973
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди
Барча янгиликлар

Ислом цивилизацияси маркази

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Ижтимоий тармоқлар

Биз билан боғланиш

  • Телефон рақами: +998 55 511 23 06
  • Электрон почта: info@cisc.uz
  • E-XAT: uz.ism@exat.uz
  • Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорасарой 47

© 2026 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

Иштеп чыккан Neovex

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш
  • Лойиҳа муаллифи
  • Меҳмонларга
  • Қўлланма