

Янгиликлар
Туркия маданият ва туризм вазири Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 2026 йил 24–29 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон–Туркия маданият ва санъат учрашувлари — Турк кино кунлари” маданий тадбирлари ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирлар доирасида бугун Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой бошчилигидаги делегация Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамроҳлик қилди. Меҳмонларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олди.
Ташриф аввалида меҳмонларга марказнинг “Буюк сиймолар галереяси” намойиш этилаётган мозаикали равоқлар ҳақида маълумот берилди. Шу ерда Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой томонидан марказга Алишер Навоийнинг “Куллиёт” қўлёзмасининг нодир нусхаси тақдим этилди.
Мазкур қўлёзма Истанбул шаҳридаги Топқопи саройи кутубхонасининг Реван бўлимида Р. 808 рақами остида сақланган. 802 варақдан иборат нодир қўлёзма 1495 йилда Алишер Навоий ҳаётлик даврида Дарвиш Муҳаммад Тақий томонидан кўчирила бошланган ва шоир вафотидан кейин якунланган. Куллиёт таркибида Навоийнинг 26 та асари жамланган бўлиб, қўлёзма икки миниатюра, 24 та зарҳал сарлавҳа ва 30 та безакли заҳрия билан безатилган.
Ушбу қўлёзма Алишер Навоий адабий мероси ҳамда XV–XVI асрлар Шарқ қўлёзма санъатининг ноёб намуналаридан бири сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Қўлёзма Марказнинг Иккинчи Ренессанс залидаги Навоий бўлимига жойлаштирилди.
Шундан сўнг меҳмонлар мусулмон оламининг ноёб ёдгорликларидан бири — Усмон Мусҳафи сақланаётган Қуръони карим зали билан танишдилар.
Ташриф давомида делегация аъзолари, шунингдек, Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлими, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс заллари ҳамда Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори бўлимларини кўздан кечириб, марказ экспозициялари, тарихий манбалар ва замонавий музей технологиялари билан яқиндан танишдилар.
Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой марказдаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданий алоқаларнинг изчил ривожланаётганини таъкидлади.
-Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан бугун ушбу юртга ташриф буюриш ва, хусусан, Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилиш имкониятига эга бўлганимдан мамнунман. Мен бу иншоот қурилиши жараёнини 2021 ва 2024 йилларда ҳам кўрган эдим. Бугун унинг якунланган ҳолатини кўриб, ўзбек қардошларим учун жуда фахрландим. Биз Гиннес рекордлар китобига кирган марказлардан бири бўлган, 42 минг квадрат метр майдонни эгаллаган улкан музей мажмуасида турибмиз. Бу ерда ушбу заминларда исломдан аввалги цивилизациялар тарихи, ислом динининг кириб келиши, Ўзбекистоннинг Биринчи ва Иккинчи Ренессанси, шунингдек, Янги Ўзбекистондаги Учинчи Ренессанс ғояси изчил ва яхлит тарзда намоён этилган. Марказда меҳнат қилган барча мутахассисларни табриклайман.
Туркий-исломий ва бошқа исломий асарларни асраб-авайлаш, уларни кенг жамоатчиликка намойиш этиш борасида жуда муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Биз Туркияда ҳам музейчилик соҳасида кўплаб лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Аммо бу ерда замонавий музейчиликнинг энг сўнгги технологиялари қўлланилганига гувоҳ бўлдим. Ўзбекистонга келган ҳар бир киши албатта ташриф буюриши ва кўриши керак бўлган масканлардан бири, деб ўйлайман. Ўзбекистон билан муносабатларимиз жуда мустаҳкам. Ҳар бир йўналишда фикр алмашиб, бир-биримиздан ўрганиб келяпмиз. Қардош мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, давлат раҳбарларимиз бошлаб берган яқин муносабатлар бундан кейин ҳам изчил давом этишини истайман, — деди Меҳмет Нури Эрсой.
Ташриф якунида Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири марказнинг Фахрий меҳмонлар китобига ўз тилакларини ёзиб қолдирди.
Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан Меҳмет Нури Эрсойга Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхаси совға қилинди.
Туркия делегациясининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи икки мамлакат ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, умумий цивилизацион меросни ўрганиш ва кенг тарғиб этиш йўлидаги ҳамкорликнинг муҳим ифодаси бўлди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.