

Янгиликлар
Учинчи Ренессанс: Ислом цивилизацияси маркази — Янги Ўзбекистоннинг маънавий-интеллектуал юксалиш стратегияси сифатида
Россиянинг нуфузли «Индустрия туризма и культуры» журналида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган мақола чоп этилди. Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказ Учинчи Ренессанс даврининг муҳим рамзи сифатида баҳоланиб, унинг замонавий музей концепцияси, илмий-маърифий салоҳияти, рақамли технологиялари ва халқаро эътирофи кенг ёритилган.
Марказий Осиёнинг қоқ марказида амалга оширилган ушбу лойиҳа ўз кўлами ва аҳамияти билан бутун дунё эътиборини тортмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази шунчаки меъморий иншоот эмас, балки минтақанинг ўтмиши, бугуни ва келажагини боғловчи интеллектуал кўприкдир.
Мажмуа пойдеворига 2017 йилда, Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ташаббус билан чиққанидан сўнг асос солинди. Ўшанда Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига исломнинг асл инсонпарварлик моҳияти — маърифат, тинчлик ва бунёдкорлик ғояларини намоён этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Бу нафақат сиёсий баёнот, балки асрлар давомида илм-фан ва маданият бешиги бўлиб келган заминнинг илдизларига қайтиш дастури ҳам эди.
Ушбу улкан лойиҳанинг пайдо бўлиши маънавий трансформацияга бўлган глобал эҳтиёж кучайган даврга тўғри келди. Исломофобия ва радикализм дунёнинг турли ҳудудларига кириб бораётган бир шароитда Ўзбекистон бу чақириққа илм-фан ва таълим орқали қарши туриш моделини таклиф қилди.
Бугун ушбу ғоя Тошкентнинг тарихий марказида 10 гектар майдонни эгаллаган муҳташам мажмуада ўз ифодасини топди. Унинг 65 метрлик мовий гумбази ва тўртта олтинранг дарвозаси Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бирлигини рамзий ифодалайди. Бинонинг ҳар бир чизиғида Темурийлар даври меъморчилиги анъаналари замонавий технологик ечимлар билан уйғунлашган.
Марказда дин ва илм-фан уйғунлиги мужассам. Улуғбек мадрасаларининг бой меъморий анъаналарини акс эттирувчи асосий пилястр Қуръонда нозил бўлган илк сура — «Иқро» («Раббинг номи билан ўқи») сурасидан олинган хаттотлик ёзуви билан безатилган. Бу инсоннинг юксак маънавий бурчи сифатида илмга интилишини ифодалайди.
Экспозициянинг бош хазинаси VII асрга оид Усмон Мусҳафи бўлиб, у ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» реестрига киритилган ноёб муқаддас ёдгорлик ҳисобланади.
Мажмуанинг меъморий концепцияси нафақат муҳташам қиёфаси, балки замонавий шаҳарсозлик ва экологик барқарорлик талабларига тўлиқ мувофиқлиги билан ҳам ҳайрат уйғотади. Лойиҳанинг пойдевордан тортиб гумбазгача бўлган ҳар бир элементи тарихий меросга ҳурмат ва узоқ муддатли фойдаланиш ҳисобга олинган ҳолда барпо этилган. Мажмуа атрофидаги ободонлаштирилган ҳудуд уни нафақат илмий марказ, балки шаҳар аҳолиси ва хорижий меҳмонлар учун очиқ бўлган кенг маданий-маърифий масканга айлантиради.
Марказ экспозицияси концепцияси анъанавий музейлардан тубдан фарқ қилади. Президент томонидан тасдиқланган «Цивилизация — Шахслар — Кашфиётлар» тамойили асосида яратилган экспозиция ташриф буюрувчини шунчаки тарихий фактлар билан таништирибгина қолмай, уни жонли интеллектуал жараёнга олиб киради. Экспозиция хронологик тамойил асосида қурилган: исломдан олдинги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда Учинчи Ренессанс пойдевори бўлган Янги Ўзбекистон.
«Цивилизациялар девори» бўлими алоҳида ўрин тутади. Унда инсониятнинг интеллектуал юксалиши узлуксиз жараён сифатида намоён этилган.
Бу ерда ҳар бир даврнинг Хоразмий, Фарғоний, Ибн Сино, Беруний, Улуғбек Мирзо каби буюк сиймолари кашфиётлари замонавий юқори технологиялар билан бевосита боғлиқ экани кўрсатилади.
VR ва AR технологиялари, голограммалар ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш IX асрга оид ноёб қўлёзмаларни «жонлантириш», қадимий расадхоналарнинг асл қиёфасини виртуал қайта тиклаш ва ўтмиш кашфиётларини рақамли маконга кўчириш имконини беради.
Рақамли технологияларнинг бундай кенг кўламда интеграция қилиниши Марказни келажак музейига айлантиради. «Ақлли» тизимлар ёрдамида ташриф буюрувчилар нафақат визуал маълумотларга эга бўладилар, балки буюк олимлар билан виртуал мулоқот қилиш, уларнинг лаборатория тажрибаларида иштирок этиш имкониятига ҳам эга бўладилар. Болалар учун мўлжалланган «1001 ихтиро» лабораторияси ёшликдан муҳандислик ва табиий фанларга қизиқиш уйғотади. Марказ шунчаки билимлар хазинаси эмас, балки миллатнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қиладиган интерактив таълим платформасига айланмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир неча бор таъкидлаганидек, миллатнинг ҳақиқий кучи унинг хотираси ва маданий илдизларидадир. У музей экспозицияларини миллий мероснинг асл намуналари билан бойитиш ва ўзбек халқи руҳи ҳамда тарихини ўзида мужассам этган ноёб артефактларни Ватанга қайтариш вазифасини белгилаб берди.
Ушбу эзгу мақсадни амалга ошириш доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация ҳамда олимлар, шарқшунослар ва санъатшунослардан иборат махсус комиссия кенг кўламли тадқиқотлар олиб борди. Марказнинг муҳим вазифаларидан бири мамлакат ташқарисида тарқалиб кетган миллий маданий меросни Ватанга қайтаришдан иборат бўлиб, сўнгги йилларда бу борада нуфузли аукцион уйлари ҳамда хусусий коллекционерлар билан тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистонга мингдан ортиқ ноёб қўлёзмалар ва артефактлар қайтарилди. WOSCU халқаро ҳамжамияти ҳам Марказ фондига Мовароуннаҳр ва Хуросон санъатига оид кўплаб ноёб ашёларни тақдим этди.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилган илмий экспедициялар ва дипломатик миссиялар дунёдаги йирик музейлар ва кутубхоналарда сақланаётган қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини яратишга хизмат қилди. Бу жараён ўзбек халқининг бой маданий мероси нафақат Марказий Осиё минтақасининг мулки, балки ислом дунёси ва инсоният цивилизациясининг ажралмас қисми эканини тасдиқлайди. Қайтарилган ҳар бир хазина Янги Ўзбекистоннинг ўз маданий ўзига хослигини тиклашга бўлган қатъиятини ифодалайди.
Ислом цивилизацияси маркази нафақат музей, балки фаол илмий-маърифий платформа сифатида ҳам ташкил этилган. Бу ерда тадқиқотчилар учун барча шароитлар яратилган: 200 мингдан ортиқ китоб фондига эга кутубхона, реставрация лабораториялари, хаттотлик мактаби ва рақамли архивлар мавжуд. Марказ ҳудудида ICESCO, IRCICA ва OCIS (Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази) каби нуфузли ташкилотларнинг ваколатхоналари ҳам фаолият юритмоқда. Бу Марказнинг йирик илмий-маърифий платформа эканини яна бир бор таъкидлайди.
Лойиҳа устида 40 дан ортиқ мамлакатдан 1500 нафардан зиёд мутахассис иштирок этди. Хусусан, ЮНЕСКО Бош директори Холид ал-Ананий каби халқаро экспертлар Марказни «янги авлод музейи, илғор илмий-тадқиқот инфратузилмаси, замонавий кутубхона, Марказий Осиё цивилизациялари тарихи бўйича миллий ва халқаро архивлар, рақамли гуманитар технологиялар ҳамда глобал илмий-маданий ҳамкорликнинг кенг тармоғини бирлаштирган ноёб цивилизацион мажмуа» деб атадилар.
«Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос — умумий келажак» конгресси доирасида Марказга беш нафар президент ташриф буюрди. Бу умумминтақавий ифтихор рамзига айланди. Шунингдек, бу ерда Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжондан 300 нафардан ортиқ олим ва маданият намояндалари жам бўлди.
2026 йил февраль ойида Париждан лойиҳанинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаган хабар келди: «Prix Versailles» мукофоти халқаро қўмитаси Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказини «2026 йилнинг энг гўзал музейлари» рўйхатига киритди.
Марказнинг халқаро нуфузли нашрлар ва рейтингларда, жумладан, «Smithsonian Magazine», «BBC Travel», «BBC History» ва «National Geographic» каби нашрларда қайд этилгани ҳам ушбу эътирофни янада мустаҳкамламоқда. Бу уни жаҳон миқёсидаги энг йирик музей ташаббуслари қаторига олиб чиқмоқда.
Бундай эътироф Марказнинг илмий ва туристик салоҳиятини сезиларли даражада ошириб, уни жаҳон миқёсида ташриф буюриш зарур бўлган диққатга сазовор масканга айлантирмоқда. Ушбу ютуқлар Янги Ўзбекистоннинг ижодий салоҳияти ва халқаро стандартларга мос инновацион ёндашувини яққол намоён этади.
Марказнинг очилиши муборак Рамазон ойига тўғри келгани ҳам бежиз эмас. Айнан 2018 йилда, ушбу баракали ойда буюк лойиҳа қурилишига биринчи тош қўйилган эди. Мана, саккиз йил ўтиб, жорий йилнинг 17 мартида Марказ ўзининг муҳташам биносида расман фаолиятини бошлади. У келажак авлодлар учун исломий маданий меросни тиклаш ва асраб-авайлашнинг муҳим рамзига айланмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: «Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихни асровчи, балки ўтмиш, бугун ва келажакни боғловчи, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берувчи интеллектуал маконга айланиши керак».
Абдураҳмон Маҳмудов, Ўзбекистон Республикасининг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консули.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.