

Янгиликлар
Япония делегацияси Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан танишди
Илк бор ўтказилган «Марказий Осиё — Япония» таҳлилий марказлар форуми доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган япониялик экспертлар ва илмий доира вакиллари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан танишдилар.
Меҳмонларга Марказнинг илмий-тадқиқот ва маърифий йўналишлари, қўлёзма ва тарихий манбаларни ўрганиш, илмий меросни тизимлаштириш ҳамда уни кенг жамоатчиликка етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Марказнинг тарих, маданият ва цивилизацияларни ўрганиш, илмий мулоқотни ривожлантириш ҳамда замонавий технологиялар орқали тарихий жараёнларни кенг аудиторияга етказиш имкониятларига эътибор қаратилди.
Ташриф давомида меҳмонлар Марказ экспозициялари ва замонавий технологик ечимлар билан танишдилар. Хусусан, тарихий жараёнларни рақамли воситалар орқали тушунтириш, турли даврларга оид маълумотларни тизимлаштириш ва илмий меросни янги авлодга тушунарли шаклда етказишга қаратилган ёндашувлар намойиш этилди.
Япониялик эксперт Шигето Сонода Марказ экспозицияларида тарихнинг Исломдан аввалги даврдан бугунги кунга қадар яхлит жараён сифатида ёритилгани, шунингдек, турли халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги маданий алоқаларга алоҳида эътибор қаратилганини юқори баҳолади.
«Марказда менда энг кучли таассурот қолдирган икки жиҳат бор. Биринчиси, бу ерда Исломдан аввалги давр тарихи ҳам кенг ва изчил ёритилган. Экспозиция фақат Ислом даври билан чекланиб қолмаган, балки қадимги даврлардан бошлаб бугунги кунгача бўлган тарихий ва маданий жараёнлар ўзаро боғлиқликда кўрсатилган.
Иккинчи жиҳат — тарихнинг фақат муайян давлат ёки давлатчилик тарихи сифатида эмас, балки халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги маданий алоқалар нуқтаи назаридан ҳам ёритилганидир. Мен дастлаб бу ерда асосан Ўзбекистон давлатчилиги тарихи ҳақида ҳикоя қилинади, деб ўйлагандим. Аммо Марказда бундан анча кенгроқ манзара — турли халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги алоқалар кўрсатилганига гувоҳ бўлдим.
Айниқса, ёзувларнинг турли тарихий даврларда қандай ўзгариб ва ривожланиб боргани, ёзувнинг цивилизация тараққиётидаги ўрни алоҳида кўрсатилгани эътиборимни тортди. Бу ерда тарихни фақат ўқиб ёки эшитибгина қолмай, унинг турли босқичларини яхлит жараён сифатида англаш мумкин.
Энг муҳими, тарихий жараёнлар реал ашёлар ва манбалар орқали намойиш этилган. Уларни бевосита кўриш назарий билимни янада чуқурроқ англаш имконини беради. Шу жиҳатдан, Марказ нафақат ёшлар, балки тарихга қизиқадиган барча авлод вакиллари учун муҳим илмий-маърифий маскандир.
Тарихни билиш — фақат ўтмишни эслаш эмас. У бугунги дунёни, халқлар ва маданиятлар ўртасидаги алоқаларни яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Менимча, Марказнинг энг муҳим жиҳатларидан бири ҳам айнан шунда», — дейди япониялик меҳмон Шигето Сонода.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.