

Янгиликлар
Туркияда Амир Темур ва Темурийлар Ренессансига бағишланган симпозиум бўлиб ўтади
2026 йил 6–7 октябрь кунлари Анқара шаҳрида Амир Темур ва Темурийлар Ренессансига бағишланган Халқаро симпозиум ўтказилади. Тадбир Туркия Фанлар академияси (TÜBA), Анқара Йилдирим Боязид университети, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Симпозиумда Амир Темур шахсияти ва Темурийлар даврининг илм-фан, маданият ва санъат тараққиётидаги ўрни, шунингдек, ушбу даврда юзага келган илмий ва маданий юксалиш жараёнлари муҳокама қилиниши кўзда тутилган. Темурийлар Ренессанси Марказий Осиё тарихида илм-фан, меъморлик, адабиёт, санъат ва маънавий ҳаёт юксак тараққий этган муҳим тарихий даврлардан бири. Самарқанд, Ҳирот, Бухоро, Балх ва бошқа шаҳарлар илм ва маданият марказларига айланиб, бу ерларда фаолият юритган олимлар ва ижодкорлар жаҳон цивилизацияси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган.
Бу тарихий меросни ўрганиш ва унинг замонавий аҳамиятини очиб бериш Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий-маърифий фаолиятида ҳам муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Марказ экспозициясида ҳам Темурийлар даврининг илм-фан ва маданият тараққиётидаги ўрни, буюк алломалар илмий мероси ҳамда ушбу даврда шаклланган юксак маданий муҳит кенг ёритилган.
Айниқса, Амир Темур даврида Самарқанднинг улкан сиёсий марказдан ташқари, илм-фан ва маданият маскани сифатида шаклланиши, кейинчалик Мирзо Улуғбек даврида астрономия ва математика соҳаларида юксак илмий натижаларга эришилиши Темурийлар Ренессансининг муҳим жиҳатларидан саналади.
Шу нуқтаи назардан, Анқарада ўтказилаётган халқаро симпозиум Темурийлар даври меросини халқаро илмий мулоқот доирасида янада чуқур ўрганиш, турли мамлакат олимлари ўртасида фикр алмашиш ва ушбу даврнинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрнини тадқиқ этишга хизмат қилади.
Маълумот учун: 2026 йилда буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистонда Амир Темур ва Темурийлар меросини ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишга қаратилган қатор илмий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, 9–10 апрель кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференция ўтказилди. Анжуманда маҳаллий ва хорижий олимлар, темуршунос мутахассислар иштирок этиб, Амир Темур ва Темурийлар цивилизациясининг жаҳон тарихи, илм-фани ва маданиятидаги ўрни муҳокама қилинди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.