

Янгиликлар
«Бу — кўрмай туриб дунёдан ўтиб кетмаслик керак бўлган маскан» — Ибраҳим Юмакли
Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Ибраҳим Юмакли бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Меҳмонларни Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олиб, делегация аъзоларига мажмуанинг илмий-маърифий концепцияси, экспозициялари ва фаолияти ҳақида маълумот берди.
Ташриф давомида Туркия делегацияси Марказда жамланган тарихий ва маданий мерос, ноёб артефактлар ҳамда замонавий илмий-маърифий ечимлар билан яқиндан танишди.
Ибраҳим Юмакли ташриф таассуротлари ҳақида сўзлар экан, Марказда жамланган тарихий мерос ва унинг бадиий талқинини сўз билан тўлиқ ифодалаш қийин эканини таъкидлади:
«Аввало, бу буюк санъат асари бўлган марказни ифодалашга сўзлар ожиз. “Ҳақиқатан ҳам таъсирландим”, дейишнинг ўзи ҳам бу маскан менда уйғотган таассуротни тўлиқ ифодалаб бера олмайди. Ота-боболаримиз мероси жой олган ушбу қутлуғ заминда инсонни беқиёс тарихий саёҳатга олиб чиқадиган бу қадрли марказни, аввало, бутун дунё мусулмонлари, шунингдек, барча туркий халқлар, санъат, тарих ва ўтмишга қизиқадиган ҳар бир инсон албатта кўриши керак. Бу — кўрмай туриб дунёдан ўтиб кетмаслик керак бўлган маскан».
Ибраҳим Юмакли Марказнинг барпо этилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва шахсий эътиборини алоҳида қайд этиб, бундай улкан тарихий-маърифий мажмуани яратиш имкони учун миннатдорлик билдирди.
«Иншааллоҳ, бундан буён учратган ва суҳбатлашган ҳар бир инсонга бу маскан ҳақида сўзлаб бераман», — деди Туркия вазири.
Шунингдек, у Марказнинг барпо этилишига ҳисса қўшган ишчилар, усталар, муҳандислар ва барча мутахассисларга ташаккур билдирди.
Ташриф сўнгида Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов томонидан Туркия делегацияси раҳбарига эсдалик совғалари топширилди.
Ибраҳим Юмакли «Фахрий меҳмонлар» китобида ҳам ўз таассуротларини қолдирди:
«Ҳурматли Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий қарашлари ва йўл-йўриқлари асосида бунёд этилган ушбу улкан асар ҳақида сўзлар ожиз. Қардош Ўзбекистонни ва аждодларимиз яшаб ўтган ушбу бетакрор заминларни зиёрат қилиш, бу бебаҳо мерос билан яна бир бор тарихий саёҳат қилиш имконига эга бўлганимдан бахтиёрман. Шу фурсатдан фойдаланиб, барчага чуқур ҳурматимни билдираман. Ўзбекистон ва Туркия қардошлиги абадий давом этади ва авлоддан-авлодга етказилади».
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.