Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш

Ислом цивилизацияси маркази

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Ижтимоий тармоқлар

Биз билан боғланиш

  • Телефон рақами: +998 55 511 23 06
  • Электрон почта: info@cisc.uz
  • E-XAT: uz.ism@exat.uz
  • Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорасарой 47

© 2026 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

Иштеп чыккан Neovex

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш
  • Лойиҳа муаллифи
  • Меҳмонларга
  • Қўлланма
  1. Бош саҳифа
  2. /
  3. Янгиликлар

Янгиликлар

Макаланын толук тексти, сүрөттөр жана Борбордун башка жаңылыктары.

Суғд тўқимачилик намуналарининг тарихий-маданий ва музейшунослик аҳамияти

29.09.2026, 17:45907
Суғд тўқимачилик намуналарининг тарихий-маданий ва музейшунослик аҳамияти

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилаётган тарихий ашёлар орасида Суғд тўқимачилик намуналари алоҳида илмий аҳамият касб этади. Исломдан аввалги давр цивилизациялари экспозициясида V–VIII асрларга оид тўқимачилик намуналарининг жамланиши Суғд давридаги моддий маданият, тўқимачилик технологиялари, бадиий тафаккур ва минтақалараро маданий алоқаларни музей предметлари орқали тадқиқ этиш имконини беради. Мазкур тўплам 21 та мато парчаси ва 4 та яхлит либосдан иборат бўлиб, уларнинг экспозицияга киритилиши қадимги ва илк ўрта асрлар Марказий Осиёсида тўқимачилик маданиятининг тараққиётини визуал ва моддий манбалар асосида намоён этиш нуқтаи назаридан муҳимдир.

Суғд тўқимачилиги Марказий Осиёнинг илк ўрта асрлар тарихи ва маданий-иқтисодий жараёнларини ўрганишда муҳим моддий манбалардан бири ҳисобланади. Суғд шаҳарларида тўқимачилик маҳсулотларидан кенг фойдаланилгани археологик материаллар, ёзма маълумотлар ва деворий рангтасвирлар орқали тасдиқланади. Хусусан, Панжикент, Афросиёб ва Варахша ёдгорликларида сақланган деворий тасвирларда бой нақшли, кўп рангли матолар билан безатилган кийимлар тасвирланган. Бу визуал манбалар Суғд жамиятида матонинг нафақат маиший эҳтиёж предмети, балки ижтимоий мақом, эстетик дид ва маданий идентификацияни ифодаловчи восита бўлганини англаш имконини беради. Илмий тадқиқотлар Суғд муҳитида ипак матолардан фойдаланиш ва айрим тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш амалиёти мавжуд бўлганини кўрсатади.

Суғд тўқимачилик маданиятининг муҳим хусусиятларидан бири матоларнинг мураккаб орнаментал-композицион тизими билан белгиланади. Матоларда ҳайвон ва қушлар, ўсимликсимон элементлар, розеткалар, марваридсимон доиралар ҳамда доира ичида жойлаштирилган жуфт зооморф образлар кенг учрайди. Айниқса, жуфт ҳайвонлар тасвирини марваридсимон медальонлар ичига жойлаштириш услуби илк ўрта асрлар Евроосиё тўқимачилик санъатида кенг тарқалган бадиий мотивлардан бири бўлган. Британия музейи коллекциясидаги айрим мато намуналарида ҳам дарахтсимон таянч устида қарама-қарши турган тоғ эчкилари ёки оҳу тасвирлари марваридсимон доиралар ичида берилгани қайд этилган.

Бундай орнаментал тизимларни фақат бир ҳудуднинг маҳаллий бадиий анъанаси сифатида талқин қилиш методологик жиҳатдан чекланган ёндашув бўлиши мумкин. Суғд матоларидаги айрим композицион мотивлар Сосоний Эрон, Хитой ва Марказий Осиёнинг бошқа бадиий муҳитларидаги намуналар билан муштарак хусусиятларга эга. Афросиёб деворий тасвирларида VI–VIII асрларга хос матоларнинг тасвирланиши, жумладан, ҳайвон тасвирлари туширилган медальонли композицияларнинг учраши Суғднинг кенг Евроосиё бадиий муҳити билан алоқаларини ўрганиш учун муҳим визуал далилдир. Бироқ орнаментал ўхшашликнинг ўзи матонинг географик келиб чиқишини ёки ишлаб чиқариш марказини қатъий белгиламайди. Шу сабабли атрибуция жараёнида бадиий-стилистик таҳлил техник, материалшунослик ва археологик маълумотлар билан уйғунлаштирилиши лозим.

Суғд тўқимачилигини илмий ўрганишда матонинг технологик тузилиши ҳам муҳим диагностик аҳамиятга эга. Бунда толанинг тури, ипнинг буралиши ва йўналиши, асос ва арқоқ ипларининг нисбати, тўқиш зичлиги, тўқима структураси, рангли иплардан фойдаланиш хусусиятлари ҳамда матонинг ишлаб чиқариш техникаси каби белгилар комплекс таҳлил қилинади. Масалан, Британия музейи коллекциясидаги айрим «Суғд услуби»даги ипак матоларда weft-faced compound twill, яъни мураккаб арқоқ юзали қўшма саржа тўқиш техникаси қайд этилган; муайян намуналарда ипак асос ва қизил, яшил, оқ ҳамда жигарранг рангли иплардан фойдаланилгани кўрсатилади.

Шу нуқтаи назардан матонинг ранг тизими ҳам мустақил эмас, балки комплекс атрибуция тизимининг бир қисми сифатида қаралиши лозим. Рангнинг ўзи матонинг географик келиб чиқишини аниқламайди; бироқ бўёқ моддасининг таркиби, унинг толага сингиш хусусияти ва технологик ишлов усуллари материалшунослик таҳлили билан биргаликда муайян хомашё ва ишлаб чиқариш анъаналари ҳақида маълумот бериши мумкин. Шу сабабли музей предметини илмий интерпретация қилишда ташқи визуал белгилар билан бир қаторда лаборатория тадқиқотлари натижаларидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Суғд матоларининг тарихий аҳамияти уларнинг Буюк Ипак йўли доирасидаги товар, технология ва бадиий ғоялар ҳаракати билан боғлиқлигида ҳам намоён бўлади. Суғд савдогарлари ва жамоалари Евроосиёнинг кенг ҳудудларида фаол ҳаракат қилгани, улар орқали буюмлар, технологиялар ва бадиий ғоялар Марказий Осиёдан Хитойгача ва ундан ғарбга тарқалгани тадқиқотларда кўрсатилади. Шунинг учун Суғд тўқимачилик намуналарини ўрганишда матонинг фақат ишлаб чиқарилган жойини эмас, балки унинг ҳаракатланиш траекторияси, истеъмол муҳити ва маданий трансфер жараёнларини ҳам ҳисобга олиш зарур.

Ислом цивилизацияси марказида намойиш этилаётган Суғд тўқимачилик намуналарининг илмий қиймати уларнинг фақат қадимийлиги ёки бадиий безагида эмас, балки моддий маданиятнинг турли қатламларини – технология, хомашё, бадиий услуб, ижтимоий мақом, савдо ва маданий алоқаларни бир предмет доирасида ўрганиш имкониятида намоён бўлади. Музей экспозициясида мазкур матоларни шундай комплекс ёндашув асосида интерпретация қилиш уларни оддий «қадимий мато» сифатида эмас, балки Суғд ва Евроосиё цивилизациялари ўртасидаги маданий-технологик алоқаларни акс эттирувчи музей предмети ва тарихий манба сифатида тақдим этиш имконини беради.

 

Дилором Чориева

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин

Дагы окуңуз

26.09.2025·14820
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
29.10.2025·12215
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
27.09.2025·9943
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
30.09.2025·7973
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди
Барча янгиликлар