«Ўзбекистон тарихини ёш авлодга етказиш ниҳоятда муҳим» — «Orientations» журнали ношири

Ярим асрдан ортиқ вақт давомида Осиё санъати, маданий мероси ва тарихий қадриятларини халқаро аудиторияга таништириб келаётган Гонконгнинг нуфузли «Orientations» журнали ношири ва муҳаррири Йифон Ли Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Ташриф давомида Йифон Ли Марказ экспозициялари билан танишиб, Ислом цивилизациясининг шаклланиши ва тараққиёти, унинг турли даврлардаги ривожланиш босқичлари, Мовароуннаҳр заминида илм-фан, маданият ва тафаккур равнақига ҳисса қўшган буюк алломалар меросига эътибор қаратди.
Осиё санъати ва маданий меросига ихтисослашган халқаро нашр раҳбари сифатида Йифон Лининг экспозицияларга касбий қизиқиш билан ёндашгани табиий. «Orientations» журналида Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё халқларининг санъати ҳамда маданий мероси кенг ёритиб келинади.
Ташрифнинг алоҳида қисми Марказда ёш авлод учун яратилган имкониятлар билан танишувга бағишланди. Йифон Ли болалар майдончасидаги ёндашувлар билан танишиб, тарихий ва илмий мазмунни ёш аудиторияга етказишда интерактив ва визуал воситаларнинг аҳамиятига эътибор қаратди.
Шунингдек, у Марказ кутубхонаси фаолияти, унинг замонавий концепцияси ва фойдаланувчилар учун яратилган имкониятлар билан танишди. Айниқса, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи китобхонлар учун яратилган шароитлар меҳмонда қизиқиш уйғотди.
Ташрифнинг якуний қисмида Йифон Ли билан мулоқот ўтказилиб, Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти, тарихий ва маданий меросни халқаро жамоатчиликка етказиш, замонавий медиа имкониятларидан фойдаланиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Йифон Ли суҳбат давомида Ўзбекистондан олган таассуротлари, Марказда кўрганлари ва мамлакатнинг бой маданий мероси ҳақида «Orientations» журналида алоҳида материал тайёрлаш нияти борлигини билдирди.
Аввало, бу масканни томоша қилиш учун икки соатнинг ўзи етарли эмас, деб ўйлайман. Бу ерда бутун кунни ўтказиш мумкин. Марказ жуда катта ва бебаҳо маълумотлар хазинасига ўхшайди.
Айниқса, мамлакат тарихини ёш авлодга етказиш жуда муҳим. Чунки бугунги ёшларнинг аксарияти телефонда ўйин ўйнаш ёки ижтимоий тармоқларни томоша қилишга кўпроқ вақт ажратади. Шундай экан, уларга ўз маданияти ва тарихини билиш, ўзбек эканидан ҳамда ушбу бой исломий маданиятнинг давомчиси эканидан фахрланиш туйғусини сингдириш ниҳоятда муҳим.
Ўзбекистондан ташқарида ҳам мамлакатнинг бой маданий меросига бағишланган ажойиб кўргазмаларни кўрдим. Масалан, бир-икки йил аввал Британия музейида Ипак йўлига бағишланган кўргазма ташкил этилганди.
Менимча, Ўзбекистон маданиятининг бир қисмини хорижликларга намойиш этиш жуда яхши ташаббус. Бундай кўргазмалар одамларни мамлакатингизга ташриф буюришга қизиқтириши, Ўзбекистоннинг тарихи ва маданиятини янада кенгроқ танитиши мумкин.
Мен фаолият юритадиган «Orientations» журнали Осиё санъатига бағишланган илмий нашр бўлиб, унда Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё каби кенг ҳудудларнинг санъати ва маданий мероси ёритилади.
Шу сабабли Ислом цивилизацияси маркази ҳақида журналимизда алоҳида материал тайёрлаб, уни янада кенгроқ аудиторияга таништиришни истардим. Бу ерда кўрганларим ва олган таассуротларимни ўқувчиларимиз билан бўлишиш мен учун қизиқарли бўлади, — дейди «Orientations» журнали ношири ва муҳаррири Йифон Ли.


