Дания ташқи ишлар вазири Тошкентда ўз юртининг 100 йиллик изларига дуч келди
Дания Қироллиги ташқи ишлар вазири Ларс Расмуссен Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари билан танишар экан, унда бундан бир аср аввал Марказий Осиёга саёҳат қилган даниялик сайёҳ ва тадқиқотчи Оле Олуфсенга оид тарихий материаллар, жумладан, унинг саёҳатлари давомида олган фотосуратлари намойиш этилганини кўриб, бу тарихий боғлиқликка муносабатини билдирди.
Дания ташқи ишлар вазири бошчилигида делегацияга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Ташриф давомида делегацияга Маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамроҳлик қилди ва уларга Президент Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик лойиҳасининг асосий концепцияси, унинг илмий-тадқиқот ва маърифий йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби алломаларнинг жаҳон илм-фани ва ислом тафаккури ривожидаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ташрифнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири Дания ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий алоқаларга оид экспонатлар бўлди.
Дания ташқи ишлар вазири Марказ экспозицияларида бундан бир асрдан ортиқ вақт аввал Марказий Осиёга саёҳат қилган даниялик сайёҳ ва тадқиқотчи Оле Олуфсенга оид тарихий материаллар, жумладан, унинг саёҳатлари давомида олган фотосуратлари намойиш этилганини кўриб, бу тарихий боғлиқликни алоҳида қайд этди.
Марказда менинг юртим — Дания билан боғлиқ жуда кўплаб тарихий алоқаларни кўрганимдан ҳайратландим. Шулардан бири — бундан юз йилдан кўпроқ вақт аввал ушбу минтақага саёҳат қилган даниялик сайёҳ Оле Олуфсен, — деди Ларс Расмуссен.
Олуфсен Марказий Осиё бўйлаб саёҳат қилиб, минтақанинг табиати, шаҳарлари, аҳолиси ва маданий ҳаётини акс эттирувчи кўплаб фотосуратларни қолдирган. Бугун уларнинг айримлари Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларидан ўрин олган.
Расмуссен учун бу ҳолат икки мамлакат ўртасидаги алоқалар замонавий дипломатик муносабатлардан анча олдин бошланганини кўрсатувчи тарихий мисол сифатида аҳамиятли бўлди.
Унинг таъкидлашича, Олуфсеннинг Марказий Осиё саёҳати давомида олган фотосуратларининг бугун Марказ экспозициясидан ўрин олгани Дания ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий алоқаларни яна бир бор намоён этади.
Дания ташқи ишлар вазири Марказдаги экспозицияларнинг яна бир муҳим жиҳати сифатида ислом цивилизациясининг илм-фан ва тараққиёт билан боғлиқ тарихини кўрсатишга қаратилган ёндашувни қайд этди.
“Одамларга ислом фақат дин эмас, балки илм-фан, маърифат ва тараққиёт билан ҳам чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатиш ғояси менга жуда катта таассурот қолдирди”, — деди у.
Расмуссен, шунингдек, Марказда Ўзбекистон заминида яшаб ижод қилган алломалар томонидан амалга оширилган илмий кашфиётлар ва ихтиролар ҳақида маълумот олиш мумкинлигини таъкидлади.
“Бу ерда сизларнинг аждодларингиз томонидан амалга оширилган кўплаб илмий кашфиётлар ва ихтиролар ҳақида билиш мумкин. Мен учун бу ҳақиқатан ҳам жуда қизиқарли ва катта таассурот қолдирган тажриба бўлди”, — деди Дания вазири.
Расмуссен Марказ концепциясини Ўзбекистоннинг тарихий меросини халқаро аудиторияга етказиш билан бирга, бугунги дунё учун муҳим бўлган мулоқот ва ҳамкорлик ғоялари билан ҳам боғлади.
“Президент Шавкат Мирзиёев ушбу марказни барпо қилар экан, дунё ҳамжамиятига бир хабар етказишни мақсад қилган. Бу — ўзаро боғлиқлик, ҳамкорлик ва бағрикенглик хабари”, — деди у.
Унинг фикрича, бундай масканлар турли мамлакатлар ва авлодлар ўртасидаги тарихий ҳамда маданий алоқаларни яхшироқ англашга хизмат қилиши мумкин.
Ташриф якунида Дания ташқи ишлар вазири Марказнинг ҳажми ва экспозициялари кенглигини ҳам қайд этди.
“Яна бир жиҳатни айтишим керак: мен Марказнинг ҳатто учдан бир қисмини кўрдим, холос. Шунинг учун бу ерга яна қайтиб келишим керак”, — деди у.
Расмуссен Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган биринчи даниялик вазир эканини ҳам таъкидлаб, ташриф икки мамлакат муносабатларида янги мулоқот ва ҳамкорлик имкониятларини очишига умид билдирди.
“Умид қиламанки, бу ташрифимиз Ўзбекистон ва Дания ўртасидаги янада яқин ҳамкорликнинг янги бошланиши бўлади. Келажакда кўплаб даниялик ёшларнинг Ўзбекистонга келиб, ушбу гўзал мажмуага ташриф буюришларини истардим. Шунингдек, Данияда сақланаётган тарихий артефактлар билан ҳам ўзбекистонликлар ва бошқа меҳмонлар яқиндан танишишлари мумкин, — деди у.
Ташриф якунида Ларс Расмуссен Марказнинг Фахрий меҳмонлар китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдирди.






