Россиялик бош муҳаррир Тошкентда фарзандлари учун ҳақиқий кашфиётни кўрди
Россиянинг «Наше наследие» журнали бош муҳаррири Сергей Бурмистров бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг Ўзбекистон тарихи ва ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, сақлаш ва замонавий усулларда намойиш этишга қаратилган концепцияси билан танишди.
Таассуротим ниҳоятда кучли. Бу ерда кўрганларимни ҳали ичимда қайта ишлаб, англаб олишим керак. Энг муҳими, бу маконда Ўзбекистон мероси ва замонавий технологиялар ғоят таъсирчан тарзда уйғунлашган. Бу ерда ҳақиқатан ҳам келажак нафаси сезилади. Марказнинг кўлами кишини ҳайратга солади. Айниқса, бугунги кунда Ўзбекистонда амалий-безак санъати ва меъморлик соҳасида шунчалик кўп маҳоратли усталар борлигига гувоҳ бўлиш жуда таъсирли. Мен учун яна бир муҳим жиҳат — Марказда замонавий интерактив технологиялар кенг қўлланилгани бўлди. Бу технологиялар тарихни оддий томоша қилиш эмас, уни англаш ва тадқиқ этиш учун янги имкониятлар яратади. Фарзандларимни бу ерга олиб келиб, Марказни кўрсатган бўлардим. Ўйлайманки, улар учун бу ҳақиқий кашфиёт бўлади, — деди Сергей Бурмистров.













