Россиялик кутубхона мутахассислари Ўзбекистонда музей ва кутубхона интеграцияси билан танишди
Тарихий меросни сақлаш, уни илмий ўрганиш ва янги авлодга тушунарли тарзда етказиш — музей ва кутубхоналарни бирлаштирадиган муҳим вазифа. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Россия кутубхона мутахассисларининг ташрифи ана шу вазифаларни амалга ошириш тажрибаси, замонавий кутубхона хизматлари ва халқаро илмий-маърифий ҳамкорлик масалаларига бағишланди.
3–11 октябрь кунлари Ўзбекистонда ўтказилаётган «Замонавий инсон ҳаётида кутубхона. Россия ва Ўзбекистон тажрибаси» касбий ривожланиш дастури доирасида юртимизга ташриф буюрган Россия кутубхоналарининг раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Санкт-Петербург, Москва, Екатеринбург, Тюмень, Оренбург ва Томск шаҳарлари вакилларини бирлаштирган делегацияга Россия кутубхоналар уюшмаси бошқаруви аъзоси, уюшманинг халқаро ҳамкорлик секцияси раиси Светлана Горохова раҳбарлик қилди. Дастур кутубхоналар ўртасида бевосита алоқаларни кенгайтириш, илмий, нашрчилик ва маърифий лойиҳалар бўйича тажриба алмашиш ҳамда мутахассисларнинг касбий малакасини оширишга қаратилган.
Тарихни намойиш этиш ва уни ҳис қилиш
Ташриф аввалида меҳмонлар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказнинг музей экспозициялари билан танишдилар. Исломдан аввалги цивилизациялар, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда Янги Ўзбекистонга бағишланган бўлимлар, Қуръони карим залидаги нодир мерос намуналари делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.
Экскурсия давомида тарихий ашёлар ва қўлёзмаларни намойиш этишда қўлланилган замонавий технологиялар, ташрифчини мустақил изланишга ундайдиган интерактив ечимлар меҳмонларнинг алоҳида эътиборини тортди. Улар бундай ёндашув тарихни томоша қилиш билан чекланмай, уни англаш ва маданий мерос билан яқинроқ танишиш имконини беришини қайд этдилар.
Ирина Михнова, Россия кутубхоналар уюшмаси вице-президенти, Бутунроссия кутубхона кадрлар салоҳияти маркази раҳбари:
«Марказда тарихий мерос чуқур илмий асосда ёритилган ва бу ҳам матнларда, ҳам тарихий ашёларда намоён бўлади. Тарихий маълумотни тақдим этиш шакли ёшларнинг қабул қилиши ва қизиқишларига мос. Бу ерда мустаҳкам тарихий асос таъсирчан визуал ечимлар билан уйғунлашган. Москвада эканимда, ёшлар кутубхонаси билан бундай Марказ кутубхонаси ўртасида қандай ҳамкорлик бўлиши мумкин, деб ўйлаган эдим. Музей ва кутубхонани кўрганимдан кейин эса ёшларимиз бу ерга келса, нақадар яхши бўларди, деган фикрга келдим. Бизни бирлаштириши мумкин бўлган энг муҳим жиҳат ҳам шу: бу меросни Россия ёшлари ҳам, дунё ёшлари ҳам кўриши керак».
Делегация раҳбари Светлана Горохова Марказда тарихга эҳтиром ва уни жаҳонга муносиб тақдим этиш маҳорати уйғунлашганини таъкидлади:
«Ўз тарихингизга бундай эҳтиром билан муносабатда бўлишингиз ва уни бутун дунёга тақдим эта олишингиз катта ҳурматга лойиқ. Қадимий меросни асраб, уни инсонларга яқинлаштириш учун янги интерактив ёндашувлардан фойдаланаётганингиз бизга жуда маъқул бўлди. Маданият муассасаларининг асосий вазифаси — аждодлар меросини янги авлод билан мулоқот орқали етказишдир. Инсон тарих билан фаол танишиб, уни ўрганиш жараёнида иштирок этса, бу меросни ўзига яқин ҳис қила бошлайди. Айниқса, мамлакат Президентининг бу ишга катта аҳамият қаратаётгани қувонарли. Бунинг учун катта раҳмат».
Санкт-Петербург шаҳри Выборг тумани марказлаштирилган кутубхоналар тизими директори Раиса Панкова эса Марказга ташриф барча кутганларидан юқори бўлганини билдирди:
«Бу бетакрор масканнинг очилишини катта интиқлик билан кутган эдим. Кўрганларим барча кутганларимдан ҳам юқори бўлди. Бу ерда ниҳоятда улкан меҳнат амалга оширилган. Ҳар бир залда Ватанга, тарихга бўлган муҳаббат сезилиб туради. Замонавий технологиялар билан асраб қолинган тарихий қадриятларнинг бундай нозик уйғунлиги мени ҳайратга солди. Менимча, болаларнинг музей билан илк танишуви айнан шундай маскандан бошланиши керак: у ўз юртини севишга, унинг бетакрор тарихини билишга ва халқидан фахрланишга ўргатади».
Кутубхона — меросни ўрганиш ва янги билим яратиш муҳити
Ташриф давомида делегация аъзолари Марказ кутубхонаси, унда мавжуд китоб фонди, мутолаа ва илмий изланишлар учун ажратилган жойлар, электрон ресурслар ҳамда китобхонларга хизмат кўрсатишда қўлланилаётган техник воситалар билан танишдилар.
В. Г. Белинский номидаги Свердловск вилоят универсал илмий кутубхонаси директори Ольга Титова кутубхонадаги фаол муҳитга, айниқса, ёшларнинг мутолаа ва мустақил иш билан машғуллигига эътибор қаратди:
«Аввало, кутубхонанинг кўлами ва бу ердаги китобхонлар бизда катта таассурот қолдирди. Уларнинг асосий қисми билимга қизиқувчан ёшлар эканини кўрдик: кимдир қайдлар қиляпти, кимдир китоб ўқияпти, яна кимдир шахсий компьютерида ишлаяпти. Компьютерлаштирилган иш жойлари ва алоҳида, тинч ҳудудларнинг мавжудлиги ёшларга ўз имкониятларини рўёбга чиқариш ҳамда билимни чуқурроқ ўзлаштиришда ёрдам беради. Кутубхона фондида рус тилидаги адабиётлар, жумладан, реставрация қилинган Михаил Лермонтов китоби борлиги мени қувонтирди».
Ольга Титова кутубхонанинг осойишта муҳити ва замонавий техник имкониятлари бир-бирини тўлдиришини қайд этди. У музей экспозициялари ҳақидаги таассуротларига тўхталиб, қоғоз ва мато намуналари билан бевосита танишиш имкони тарихий маданиятни теранроқ ҳис қилишга ёрдам беришини ҳам таъкидлади.
Илм-фан ва халқаро мулоқотга қаратилган учрашув
Шунингдек, ташриф давомида «Музейда кутубхона ва кутубхонада музей: ривожланиш тенденциялари» мавзусидаги муҳокама ҳам бўлиб ўтди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов мулоқот учрашувида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказда илмий тадқиқотлар учун яратилган шароитлар ҳақида сўз юритиб, давлатимиз раҳбари илм-фан ва маърифат ривожига, ёш авлодни билимли ва маънавий етук қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу маскан билан танишган ҳар бир инсон ислом динининг гуманистик моҳиятини англаб етади. Шу нуқтаи назардан, Марказ директори маданий меросни илмий ўрганиш, буюк алломаларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасини ёритиш ҳамда исломнинг тинчликсевар ва инсонпарвар моҳиятини дунёга таништириш Марказнинг муҳим вазифалари эканини қайд этди. Бу фаолият исломофобиянинг олдини олишга ҳам хизмат қилиши таъкидланди.
Кутубхона ва музейлар ўртасидаги ҳамкорлик эса ишончли билимларни оммалаштириш, турли халқлар тарихи ва маданиятини яхшироқ англашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Учрашувда бундай ташрифларнинг тажриба алмашиш ва келгусидаги ҳамкорликни ривожлантиришдаги аҳамиятига эътибор қаратилди.
Россиялик кутубхоначиларни Марказ виртуал кутубхонаси қизиқтириб қўйди.
Учрашув доирасида Марказнинг ахборот технологиялари мутахассислари меҳмонларга виртуал кутубхонани тақдим этдилар.
Рақамли кутубхона — Марказ илмий ва маърифий фаолиятининг замонавий давоми: у кутубхона хизматларини китобхонга масофадан ҳам яқинлаштиради. Электрон китоблар, рақамлаштирилган нодир нашрлар ва кенг электрон ресурслар базаси нодир манбаларни асраш билан бирга, улардан фойдаланишни қулайлаштиришга хизмат қилади. Россиялик кутубхоначилар бу тажрибага катта қизиқиш билдирдилар.
Музей ва кутубхона уйғунлиги: уч тажриба, умумий вазифалар
Москвадаги Н. В. Гоголь уй-музейи директори Вера Викулова кутубхона ва музей фаолиятини уйғунлаштириш тажрибасини тақдим этди. Маърузада музей коллекциялари ва кутубхона фондларидан илмий тадқиқотлар, кўргазмалар ҳамда маърифий дастурларда биргаликда фойдаланиш масалалари ёритилди. Меросни сақлаш, ўрганиш ва оммалаштиришнинг ўзаро боғлиқлиги Марказ фаолияти учун ҳам аҳамиятли ёндашув сифатида намоён бўлди.
А. С. Пушкин номидаги Москва кутубхона директори Татьяна Калашникова «Тарихий бинода замонавий кутубхона» мавзусида маъруза қилди. У тарихий муҳит ва кутубхона анъаналарини сақлаган ҳолда бугунги китобхон эҳтиёжларига мос хизматларни ривожлантириш тажрибаси билан ўртоқлашди. Тақдимотда нодир нашрлар ва адабий меросни маданий-маърифий фаолият билан боғлашга эътибор қаратилди.
Санкт-Петербургдаги В. В. Маяковский номидаги кутубхона мутахассиси Варвара Рябова кутубхоналарнинг музей фаолиятига оид тадқиқотининг асосий натижаларини тақдим этди. Анъанавий ва виртуал экспозицияларни ташкил этиш, рақамли материаллардан фойдаланиш қулайлиги ҳамда маълумотларнинг илмий ишончлилигини таъминлаш масалалари ёритилди. Бу ёндашувлар музей ва кутубхона ресурсларини рақамли муҳитда мазмунли ва тушунарли тақдим этиш нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлди.
Учрашув якунида ҳар бир меҳмонга Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан тайёрланган «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги китоб-альбомлар тақдим этилди. Ушбу нашрлар турли мамлакатларда сақланаётган маданий мерос намуналарини илмий маълумотлар ва тасвирлар орқали ёритади.






