Президент ташаббуси амалда: Ислом цивилизацияси марказида дуал таълим йўлга қўйилди
Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида талабаларни бевосита амалиёт жараёнида тайёрлашнинг янги босқичи бошланди.
2026 йил 30 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев педагоглар билан учрашувда олий таълим тизимида дуал таълимни ривожлантириш, университетлар ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Давлат раҳбари илгари сурган «корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр» тамойили таълим жараёнини меҳнат бозори талаблари билан уйғунлаштириш, талабаларга назарий билим билан бирга амалий тажриба беришга қаратилган.
Ушбу ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун дуал таълим шаклида ўқитиш йўлга қўйилди. Мазкур ҳамкорлик журналистика йўналишида таҳсил олаётган ёшларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш, уларни реал иш муҳитига олиб кириш ва замонавий медиа соҳаси учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
Бугун ташкил этилган учрашувда Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди. Мулоқот давомида дуал таълимни ташкил этишнинг устувор йўналишлари, талабаларнинг назарий билимларини амалий фаолият билан мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказнинг илмий-маърифий салоҳиятини замонавий медиа воситалари орқали кенг ёритиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда сўзга чиққан Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов таълим ва амалиётни уйғунлаштириш, ёшларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда миллий меросни замонавий медиа орқали тарғиб қилиш муҳимлигини таъкидлади:
Президентимиз томонидан илгари сурилган «корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр» тамойили айнан шу мақсадга хизмат қилади. Биз бу ташаббусни таълим ва амалиёт ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим имконият, деб биламиз. Ушбу амалиётга хорижий экспертларни ҳам жалб этишни мақсад қилганмиз. Бу талабаларга халқаро тажриба билан яқиндан танишиш, турли мамлакатлардаги медиа соҳасининг илғор ёндашувларини ўрганиш ва касбий маҳоратларини ошириш имконини беради. Айниқса, Ислом цивилизацияси марказининг бой илмий-маърифий меросини халқаро аудиторияга етказишда хорижий мутахассислар тажрибаси муҳим аҳамият касб этади.
Ислом цивилизацияси маркази ўз фаолиятида тарихий ва илмий меросни ўрганиш, уни кенг жамоатчиликка етказиш, ёш авлодда маърифат ва илмга қизиқишни кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратади. Бу вазифаларни амалга оширишда замонавий журналистика ва медиа воситаларининг ўрни беқиёс. Бугунги кунда ахборотни шунчаки етказишнинг ўзи етарли эмас. Уни тўғри талқин қилиш, ишончли манбаларга таяниш, тарихий воқеа ва ҳодисаларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш, турли аудиторияларга тушунарли тарзда тақдим этиш талаб этилади. Айниқса, миллий ва умуминсоний меросимизни халқаро майдонда танитишда журналистларнинг касбий маҳорати катта аҳамиятга эга.
Биз ёшларнинг ўз билимларини амалда синаб кўришларини, мутахассислар билан ишлашларини, журналистик материаллар тайёрлаш жараёнини бевосита ўрганишларини истаймиз! — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Марказ раҳбари, шунингдек, ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида гид-журналистлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, Марказга турли мамлакатлардан олимлар, тадқиқотчилар, журналистлар ва сайёҳлар ташриф буюради. Уларга тарихий экспозициялар, қўлёзмалар, артефактлар ва буюк алломалар мероси ҳақида мазмунли, аниқ ва қизиқарли маълумот бериш учун тарихий билим, журналистик маҳорат, мулоқот маданияти ва хорижий тилларни билиш каби кўникмалар уйғунлиги зарур.
Биз талабаларнинг бу жараёнда фаол иштирок этишини, ўз ғоя ва ташаббусларини илгари суришини қўллаб-қувватлаймиз. Уларнинг замонавий фикрлаши, рақамли технологиялардан фойдаланиш қобилияти ва янги медиа форматларига қизиқиши Марказ фаолиятини янада кенг ёритишга ёрдам беради. — деди Марказ раҳбари.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ҳам дуал таълимнинг бўлажак журналистлар касбий тайёргарлигидаги аҳамиятига тўхталиб, олий таълимда олинган билимларни реал иш муҳитида мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди.
Бугунги учрашувнинг аҳамияти шундаки, биз таълим жараёнини реал касбий муҳит билан боғлаш, талабаларни нафақат назарий билим, балки амалий кўникмалар билан ҳам қуроллантириш йўлида муҳим қадам ташлаяпмиз.
Замонавий журналистика жадал ўзгармоқда. Рақамли технологиялар, ижтимоий тармоқлар, мультимедиа ва сунъий интеллект ахборотни яратиш, тарқатиш ва қабул қилиш усулларига катта таъсир кўрсатмоқда. Бундай шароитда журналистдан фақат матн ёзиш маҳорати эмас, балки таҳлил қилиш, фактларни текшириш, турли форматларда контент тайёрлаш ва аудитория билан самарали мулоқот қилиш қобилияти ҳам талаб этилади.
Шунинг учун ҳам талабаларимизнинг таҳсил давридаёқ амалий тажриба орттириши жуда муҳим. Улар аудиторияда олган билимларини иш жараёнида синаб кўрсалар, касбнинг ҳақиқий талабларини яхшироқ англайдилар, ўз имкониятларини баҳолайдилар ва келгуси фаолиятларига пухтароқ тайёрланадилар», — деди Шерзодхон Қудратхўжа.
Ректор Марказ билан ҳамкорлик талабалар учун тарих, илм-фан, маданият ва маънавий меросга оид мавзуларни амалиёт орқали ўрганиш, турли жанрларда материаллар тайёрлаш, интервью ва репортажлар яратиш имконини беришини таъкидлади.
Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик айниқса журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабаларимиз учун катта аҳамиятга эга. Марказда тарих, илм-фан, маданият ва маънавий мерос билан боғлиқ бой ахборот муҳити мавжуд. Бу муҳит талабаларга турли жанрларда материал тайёрлаш, интервью олиш, репортаж яратиш ва мураккаб мавзуларни оммага тушунарли тилда етказиш бўйича тажриба орттириш имконини беради. Гид-журналистлар тайёрлаш ташаббусини ҳам истиқболли йўналишлардан бири деб биламиз. Бундай мутахассислар тарихий ва маданий меросни чуқур англаши, уни замонавий аудиторияга етказа олиши, хорижий меҳмонлар билан самарали мулоқот қилиши зарур — деди университет ректори.
Учрашувда муҳокама қилинган муҳим йўналишлардан бири Ислом цивилизацияси марказининг тарихий, илмий ва маънавий-маърифий меросини халқаро аудиторияга замонавий медиа воситалари орқали етказа оладиган гид-журналистларни тайёрлаш масаласи бўлди. Бундай мутахассислар журналистик кўникмалар билан бир қаторда тарихий ва маданий меросни тушунарли баён қилиш, экспозициялар мазмунини очиб бериш, ташриф буюрувчилар билан самарали мулоқот ўрнатиш, хорижий аудиториянинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш каби муҳим компетенцияларга эга бўлиши лозим.
Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихий ёдгорликлар ва ноёб артефактлар намойиш этиладиган маскан, балки илм-фан, тафаккур, маърифат ва маданий меросни замонавий ёндашувлар асосида тақдим этувчи илмий-маърифий майдондир. Унинг мазмун-моҳиятини халқаро миқёсда муносиб тарзда ёритиш учун журналистик маҳорат, тарихий билим ва коммуникация кўникмаларининг уйғунлиги муҳим. Шу нуқтаи назардан, гид-журналистлар тайёрлаш ташаббуси бўлажак мутахассисларнинг амалий салоҳиятини ошириш билан бирга, Марказ ҳақидаги ахборотни турли тиллар ва медиа форматлари орқали кенгроқ аудиторияга етказишга ҳам хизмат қилиши мумкин.






