Халқаро экспертлар Ислом цивилизацияси марказининг рақамли ечимларини эътироф этди
Тошкентда ўтказилган Технологик дипломатия бўйича Осиё симпозиуми иштирокчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг музей экспозициялари билан танишди. Халқаро экспертлар тарихий мероснинг сунъий интеллект, мультимедиа ва интерактив технологиялар ёрдамида тақдим этилиши, айниқса, кўп тилли рақамли ечимларни юқори баҳолади.
2026 йил 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Глобал технологик дипломатия институти (Tech Diplomacy Global Institute — TDGI) ҳамкорлигида Технологик дипломатия бўйича Осиё симпозиуми (Tech Diplomacy Asia Symposium) ташкил этилди. Анжуман доирасида Марказий Осиё ва Осиё–Тинч океани минтақаси мамлакатларининг давлат идоралари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, технологик компаниялар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари учун Марказ музей экспозициялари бўйлаб экскурсия уюштирилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган ушбу йирик илмий-маърифий мажмуада меҳмонлар Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, қадимги цивилизациялар тараққиёти ва буюк алломаларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси билан танишди. Экспозицияларда тарихий меросни замонавий технологиялар орқали намойиш этишга алоҳида эътибор қаратилгани уларда катта қизиқиш уйғотди.
Экскурсия давомида мутахассислар экспозицияларнинг тарихий даврлар асосида изчил ташкил этилгани, қадимий Ипак йўлидаги маданий ва савдо алоқалари, ўша давр муҳитини акс эттирувчи бадиий-интерактив ечимлар билан танишди. Кўп тилли интерактив тизимлар, сунъий интеллект асосидаги визуал ечимлар ва тарихий маълумотларни турли шаклларда тақдим этиш имкониятлари ҳам меҳмонлар эътиборини тортди.
Глобал технологик дипломатия институти асосчиси ва президенти Аюми Мур Аоки Марказнинг меъморий қиёфаси, экспозицияларнинг тарихий даврлар бўйича ташкил этилгани ҳамда Ипак йўли ва қадимий савдо муҳитининг таъсирчан намойиш этилишини алоҳида эътироф этди.
«Марказ мени ниҳоятда ҳайратга солди. Аввало, бинонинг ташқи меъморий қиёфаси жуда гўзал ва салобатли. Ичкарида эса ташриф буюрувчилар учун ажойиб муҳит яратилган. Экспозицияларнинг тўрт тарихий давр асосида изчил ташкил этилгани менга жуда ёқди. Айниқса, Ипак йўли тарихи, ўша даврдаги савдо алоқаларининг бойлиги, қадимий бозорлар муҳити ва гиламлар орқали яратилган манзаралар катта таассурот қолдирди. Буларнинг барчаси ниҳоятда пухта ва таъсирчан ишланган.
Тарихий муҳит замонавий технологиялар билан муваффақиятли уйғунлаштирилган. Бу ерда тарихни шунчаки томоша қилмайсиз, балки уни ўзингиз учун қулай ва тушунарли шаклда кашф этасиз. Керакли тилни танлаш, маълумотлар билан ўз суръатингизда танишиш, интерактив тизимлар орқали турли йўналишларни танлаб, уларга мос маълумотларни олиш мумкин. Бу мен учун ажойиб тажриба бўлди», — деди Аюми Мур Аоки.
North Highland халқаро консалтинг компаниясининг катта бошқарув директори Найла Бет Гавел ҳам Марказдаги техник ечимлар, интерактив экспозициялар ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш тажрибаси ҳақида фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, музейдаги технологиялар тарихни оддий маълумотлар йиғиндиси сифатида эмас, балки ташриф буюрувчи эшитиши, англаши ва ҳис қилиши мумкин бўлган яхлит тажриба сифатида тақдим этишга хизмат қилади.
«Музей экспозицияларининг техник жиҳатдан амалга оширилиши ҳайратланарли. Уч минг йиллик тарихни тинглаш, интерактив тарзда ўрганиш ва ҳис қилиш имкониятига эга бўлдим. Марказдаги сунъий интеллект ечимлари тарихни янада жонли намоён этади. Маълумотларни ўз тилимда ва менга тушунарли шаклда қабул қилиш имконияти ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон раҳбариятининг тарихий меросни рақамли технологиялар ёрдамида намойиш этишга эътибор қаратаётгани таҳсинга сазовор. Бу халқнинг бугунги қиёфаси ва ўзлигини шакллантирган тарихни унутмаслик, уни келажак авлодлар учун сақлаб қолиш нуқтаи назаридан жуда муҳим. Бундай ташаббусни мамлакат раҳбариятининг ўзи қўллаб-қувватлаётганини кўриш қувонарли», — дея таъкидлади Найла Бет Гавел.
Халқаро экспертларнинг фикрлари Марказда тарихий меросни замонавий технологиялар ва илмий-маърифий ёндашувлар асосида намойиш этиш имкониятларига эътибор қаратди. Бу ерда рақамли ечимлардан фойдаланиш нафақат тарихий маълумотларни етказиш, балки уларни турли тилларда ва ташриф буюрувчиларнинг эҳтиёжларига мос шаклда тақдим этишга ҳам хизмат қилади.
Технологик дипломатия бўйича Осиё симпозиуми иштирокчиларининг ташрифи Марказнинг тарихий-маданий меросни замонавий технологиялар билан уйғунлаштириш борасидаги тажрибаси билан халқаро экспертларни бевосита таништирди. Меҳмонларнинг фикрлари эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бой меросни замонавий ва халқаро аудитория учун тушунарли шаклда тақдим этишга қаратилган фаолиятига берилган эътироф бўлди.






